Халқ тилида “Тоштурма” деб аталадиган 1-сонли тергов ҳибсхонаси Зангиотага кўчирилганидан кейин, ундан бўшаган 3 гектарлик ҳудуд хусусий тадбиркорга бериб юборилгани маълум бўлди. Ваҳоланки, ҳукумат фармойишига асосан, бу ерда аҳоли дам олиши учун хиёбон барпо этилиши керак эди.

Юнусобод туманида жойлашган ҳибсхона 2017 йилда Зангиота туманига кўчирилган. Шундан кейин, 2018 йил 22 март куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан, собиқ ҳибсхона жойлашган ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Ҳужжатга кўра, ҳокимлик 3 ой ичида у ердаги биноларни бузиб, бўшаган ер майдонини ободонлаштириши ва замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиши керак эди.

Ҳукуматнинг ушбу фармойиши 7 йилдан буён бажарилгани йўқ. Ҳудуд ташландиқ ҳолатда қолмоқда. Фуқароларнинг бу борадаги эътирозлари 2025 йил октябр ойида Сенат эътиборига тушди. Сенатор Сайёра Абдукаримова пойтахт ҳокимига сўров юбориб, ҳукумат топшириғи нега ҳалигача ижро этилмагани юзасидан изоҳ сўради.

Ушбу сўровга шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов имзоси билан йўлланган жавоб хатидан маълум бўлишича, хиёбон қурилиши керак бўлган ер майдони хусусий тадбиркорга бериб юборилган.

Ер майдони Тошкент шаҳри ҳокимининг 2020 йил 7 октябрдаги қарори асосида, “Огнеупор” МЧЖга компенсация тариқасида берилган.

Бунда, туманнинг бошқа бир нуқтасидаги ушбу корхонага қарашли саноат объекти жойлашган ер майдонининг бир қисми “Yunusobod Business City” қурилиши учун олинган бўлиб, ҳокимлик бунинг эвазига собиқ ҳибсхона ўрнини тадбиркорга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан расмийлаштириб берган.

  • Маълумот учун, “Тоштурма” ўрнида хиёбон барпо этиш ҳақидаги ҳукумат фармойиши қабул қилинган пайтда пойтахт ҳокими Раҳмонбек Усмонов эди. Орадан бир ой ўтиб, бу лавозимга Жаҳонгир Ортиқхўжаев тайинланган ва кейинчалик, ушбу ер майдонини тадбиркорга компенсация сифатида бериш ҳақидаги қарорни у имзолаган.
2018 йил 30 апрел (чапда) ва 2018 йил 30 август (ўнгда) кунлари сунъий йўлдошдан олинган суратлар / Фото: Google Earth