Ўзбекистон | 18:21 / 18.02.2026
3304
1 дақиқада ўқилади

Депутат сўровига вақтида жавоб бермаган амалдорлар билан прокуратура шуғулланади

Парламент депутатлари сўровларга ўз вақтида жавоб бермаган мансабдорлар устидан прокуратурага тақдимнома киритиш ҳуқуқини олади. Бу ҳақдаги қонун лойиҳасини июн ойигача ишлаб чиқиш белгиланди. Сентябр ойигача яна бир қонун лойиҳаси тайёрланади ва унга асосан, жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатлар юзасидан амалдорларни парламент қўмиталарига сўроққа чақириш мумкин бўлади.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг сўровига давлат органлари мансабдор шахслари томонидан ўз вақтида жавоб юборилмаган тақдирда, депутат бу ҳолат бўйича прокуратурага тақдимнома киритиши мумкин бўлади.

Бундай амалиётни йўлга қўйиш – президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида белгиланди.

Дастурга кўра, тегишли қонун лойиҳаси 2026 йил июн ойида тайёр бўлиши керак.

Бундан ташқари, сентябр ойигача ишлаб чиқиладиган яна бир қонун лойиҳаси билан, Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари томонидан давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш нафақат амалдаги қонунчиликда келтирилган асослар, балки жамоатчилик эътиборини тортган, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкинлиги белгиланади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид