Жаҳон | 16:35 / 16.02.2021
15130
3 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши эмлаш: бу бўйича ким пешқадам (инфографика)

Жаҳон мамлакатлари жамоавий иммунитетга қанчалар яқин келишди? Deutche Welle эмланганларнинг янги инфографикасини келтирди.

Коронавирусдан оммавий эмланиш дунёнинг ўнлаб давлатларида жадаллик билан кетяпти. Касалликка қарши эмланганлар сони касалланганлар ададидан ортди.

АҚШ ва Хитой эмлаш бўйича пешқадам. Исроил ва БАА эмланганлар фоизи бўйича олдинда

Эмланганлар сонини турлича ҳисоблаш мумкин – умумий рақамларда ёки 100 кишига нисбатан. Агар биринчи вариантга тўхталсак, вакцинация қамрови бўйича АҚШ ва Хитой бошқалардан катта фарқ билан ўзиб кетишган. АҚШда 45 миллиондан ортиқ киши эмланган бўлса, Хитойда бу рақам 40 миллионни ташкил қилади. Кейинги ўринларда Евроиттифоқ давлатлари (Евроиттифоқда умумий 18 миллион киши), Буюк Британия (13,5 миллион) ва Ҳиндистон (6,5 миллиондан ортиқ) жойлашган.

Пандемия билан кураш нуқтайи назаридан қарасак, эмланган аҳолининг фоизи муҳимроқ. Бинобарин, ҳар 100 кишига олинган вакцинани ҳисоблаш мақсадга мувофиқ. Бунда жамоавий иммунитетга эришишга етарли даражадаги кўрсаткичга етган Исроил сўзсиз пешқадам. Жамоавий иммунитет аҳолининг 60-70 фоизи эмланганда шаклланади. Умумий фонда ҳам Исроилнинг натижалари анча юқори – 5,8 миллион доза вакцина қилиб бўлинди. Ундан кейинги ўринда Бирлашган Араб Амирликлари турибди – 4,5 миллион доза. Амирликлар ҳукумати ҳар 100 кишининг 50 нафарини эмлаб бўлган.

Кейинги ўринларда кичик орол-давлатлар келяпти – Сейшел ва Кайман ороллари ва Британияга тегишли Гибралтар ҳудуди. Кейин эса, умумий кўрсаткич бўйича ҳам етакчилар – Буюк Британия ва АҚШ.

Евроиттифоқ давлатлари бўйича олинганда Дания ва Литва етакчи. Евроиттифоқнинг йирик давлатлари орасида Испания, Польша ва Италия юқори учликда.

Россия ва Хитойдаги ҳолат

Россия коронавирусдан эмланганларнинг ягона рўйхатини эълон қилмайди. Ҳудудий ҳокимиятлар вақти-вақти билан вакцинация рақамларини ошкор қилиб туришади.

Хитой эса умумий миқдорда катта рақамларни қайд этган бўлса-да, ҳар 100 кишига ҳисобланганда ҳатто юқори ўттизликка ҳам кирмаган. Бу, табиийки, аҳоли сони бир ярим миллиардлиги билан боғлиқ. Айни вазият Ҳиндистонда ҳам кўзга ташланади – ҳар 100 кишига ҳисоб бу давлатда умуман паст: 0,5.

Мавзуга оид