Жамият | 19:50 / 01.10.2023
26132
7 дақиқада ўқилади

«Кўчада мулоқот қилиш учун Google translate’дан фойдаланамиз» — Самарқандда ўқиётган хорижлик талабалар

Самарқанд давлат тиббиёт университетинг расмий сайтида келтирилган маълумотга кўра, бугунги кунда ушбу даргоҳда турли мамлакатдан келган 765 нафар хорижий талабалар таҳсил олмоқда. Хўш, уларнинг Самарқанддаги ҳаёти қандай кечмоқда?

Наҳимул Ҳаку 22 ёшда. У Ҳиндистондан келган. Айни дамда Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 2-босқич талабаси. Бу университет ҳақида у ватанидаги рекламалар орқали хабар топган ва университет билан тўғридан тўғри боғланган. Шу орқали олийгоҳ ҳақида маълумот олиб Самарқандда ўқишга қарор қилган.

Наҳимул Ҳаку

— Ота-онам ўқитувчи, синглим мактабда таҳсил олади. Мен ҳам ҳаётда ўз мақсадларимга эришиш учун ҳаракат қиляпман ва шу сабабдан Ўзбекистонга келдим. Самарқандда бир йил яшадим, ҳозир иккинчи йил давом этяпти. Бу шаҳар илк келганимдаёқ менга ёққан, лекин, иқлими Ҳиндистонникидан бошқачароқ бўлгани учун кўникишга қийналганман.

Мен бу ерда ўзимни жуда хавфсиз ҳис қиламан, чунки бирор марта безорилик ёки жиноятга дуч келмадим. Шаҳарда жамоат транспорти ҳам қулай ва арзон. Автобус ва таксилар доим топилади. Бир йўналишда трамвай қатнови ҳам мавжуд ва бу жуда яхши. Лекин, мен ҳайрон қолган ҳолатлардан бири бу — аксарият аҳоли машинада юриши бўлди. Уларни ишлаб чиқарган завод ҳам бир хил. Кўчада велосепедда юрганларни ҳам кам учратдим.

Бизнинг яна бир фарқли жиҳатимиз таомлар ва егуликда деб ўйлайман. Ҳиндистонда асосан, «чапати» (нон тури) ва аччиқ гуручли овқатлар истеъмол қиламиз. Бу ерда эса қалампир менинг юртимдагидек кўп ейилмас экан. Албатта, миллий таомларингизга ҳам секин-секин мослашяпмиз.

Одатда Сиёб бозор ва Вокзал бозорига харид учун борамиз. Сотувчилар билан мулоқотда баъзи муаммолар ҳам бўлиб туради. Бундай вазиятда биз Google translate’дан фойдаланамиз. Шу орқали одамлар билан алоқа қилишимиз мумкин. Бозорда сотувчилар бизга ажойиб муомала қилишади. Баъзан бизнинг машҳур ҳинд актёрларни эътироф этиб, ҳазиллашишади ҳам.

Университет шароитлари ҳам яхши. Дарслар инглиз тилида олиб борилади. Профессор ўқитувчилардан таълим оламиз. Улар билан ҳам муаммо йўқ. Таълим жараёни сифатли. Айниқса, бу ерда давоматга жиддий эътибор қаратилади. Агар сабабсиз дарсга қатнаша олмасангиз ўзингизга муаммо бўлади. Ўйлашимча, бу тиббиёт олийгоҳи талабалари учун нормал ҳолат. Чунки, ҳар қандай мувафаққият ортида худди шундай қатъий интизом туради.

Шу билан бирга, университет раҳбариятига бир масала юзасидан илтимос ва таклиф киритмоқчи эдим. Бу контракт тўлаш жараёни билан боғлиқ масала. Биз ҳозирда контракт пулини университетга воситачилар орқали тўлаяпмиз. Бу эса бизда бироз хавотир уйғотади ва мен каби бошқа талабалар учун ҳам баъзи муаммоларни келтириб чиқаради. Агар шу жараён олийгоҳ ва талаба ўртасида тўғридан тўғри амалга ошса, ортиқча тушунмовчиликлар бўлмайди, деб ўйлайман.

Яна бир масалани таъкидлашим жоиз. Ўйлашимча, Ўзбекистонда ўқийдиган чет эллик талабалар учун виза билан боғлиқ масалани қайта кўриб чиқиш керак. Билишимча, Шарқий Европадаги тиббиёт олийгоҳларида таҳсил олувчи чет эллик талабалар учун 6 йиллик виза берилади ва шу муддат ичида талаба виза билан боғлиқ ортиқча муаммога дуч келмайди. Ўзбекистонда бу тизим бошқачароқ. Тиббиёт соҳаси талабалари учун ҳам 1 йиллик виза тақдим этилади ва натижада биз 6 йиллик ўқишимиз давомида ҳар йили визага қўшимча маблағ ва вақт ажратишимизга тўғри келади, — дейди ҳиндистонлик талаба.

Покистоннинг Похтун вилоятидан келган 21 ёшли Муҳаммад Амир Самарқандга келганига 8 ой бўлди. Унга бу шаҳарда таҳсил олишни Тошкентда ўқийдиган дўсти тавсия қилган. Боз устига, унинг кўплаб дўстлари шу университетда ўқийди.

Муҳаммад Амир

— Бу шаҳарда таълим олиш яхши. Яшаш борасида ҳам ҳали қийинчиликларга дуч келмадим. Ётоқ жой билан ҳам ҳозирча муаммолар бўлмади. Биз яшайдиган турар жойда ҳамма қулайликлар мавжуд. У ерда дарс қилишимиз, овқатланишимиз ва тинч яшашимиз мумкин. Агар сиз яхши бўлсангиз, атрофингиздаги ҳар бир киши сизга яхши муносабатда бўлиб сизни қўллаб-қувватлайди. Жамоат транспорти ҳам яхши. Автобус, трамвай ёки машинада бир манзилдан бошқа манзилга осон етиб олиши мумкин. Бу талабалар учун қулай.

Маҳаллий аҳоли ҳам дўстона. Улар билан муносабатимиз яхши. Бошида мулоқот қилиш билан боғлиқ муаммолар бўлиши табиий. Айниқса, бозорда сотувчилар билан мулоқот қилиш биз учун бироз қийин кечяпти. Чунки, ҳали маҳаллий тилни билмаймиз. Лекин, ўқишни тугатгунимизча ўзбек тилини яхши ўрганиб олсак керак, иншааллоҳ. Бозорларда нарх биздагига қараганда бироз қиммат, лекин, биз учун керак бўлган ҳамма нарса мавжуд.

Таълим жараёнлари ҳам сифатли. Бизга Ҳиндистон ва Покистондан келган, шунингдек маҳаллий тажрибали ўқитувчилар дарс ўтади. Бизда улар билан муаммо йўқ, — дейди Муҳаммад.

Покистоннинг Пешовар шаҳридан келиб, Самарқанд давлат тиббиёт университетида 2-босқичда ўқиётган Арш Алига Самарқанд жуда ёқиб қолган.

— Самарқанд шаҳри Пешоварга жудаям ўхшайди. Лекин, қиш аёзли. Айниқса, январ ва феврал ойлари жуда совуқ бўлади. Одатда бу пайтда бизда ҳарорат 20 даража иссиқ бўлади.

Арш Али.

Маҳаллий аҳоли ҳам жуда яхши. Улар чет элликларни яхши кўришади, биз ҳам уларни ҳурмат қиламиз. Ижарада яшайман. Хонадон эгаси бизни ўз оиласидек кўради. Тўғри, мулоқот қилишга қийналамиз лекин, мен ўзбек, рус, тожик тилларини озроқ биламан, бу ерликлар ҳам бироз инглиз тилини билишади. Шу орқали гаплашиш мумкин.

Маҳаллий талабалар билан ҳам муносабатларимиз яхши. Улар орасида бир неча дўстларим бор. Одатда ҳафта якунида паркларда ёки ресторанларда бирга мароқли вақт ўтказамиз. Таомлар ҳақида айтадиган бўлсам, мен гуручни севиб тановул қиламан. Шунинг учун ош айни дамда севимли таомимга айланди. Мен уни жуда яхши кўраман.

Университетда таълим олиш билан боғлиқ муаммолар йўқ. Ўқитувчиларимиз билан иноқмиз. Агар қанақадир муаммо юзага келса улар ёрдам беради. Ўйлашимча, контракт миқдорлари ҳам талабалар учун қулай, — дейди покистонлик талаба Арш Али.

Шехроз Жалғашев тайёрлади

Мавзуга оид