Ўзбекистон | 10:10 / 08.09.2021
8603
2 дақиқада ўқилади

Пaндемия даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини қўллaб-қуввaтлaш учун 100 млн доллар ажратилади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Европа инвестиция банки иштирокида «Ўзбекистондa глобaл коронaвирус пaндемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини фавқулодда қўллaб-қуввaтлaш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Фото: Paul Yeung / Bloomberg

Ҳужжат Президентнинг 22.04.2020 йилдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4691-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.

Европа инвестиция банки (ЕИБ) Директорлар кенгаши Ўзбекистонда глобал коронавирус пандемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 15 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли даври билан 100 млн АҚШ долларигача револьвер шаклида кредит линиясини тақдим этишни маъқуллади.

Қуйидаги тижорат банкларига кредит линиялари тақдим этилади:

  • «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга - 30 млн АҚШ доллари;
  • «Микрокредитбанк» АТБга - 35 млн АҚШ доллари;
  • «Қишлоқ қурилиш банк» АТБга - 35 млн АҚШ доллари.

Битта инвестиция лойиҳаси учун ЕИБ маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига бериладиган кредитларнинг максимал қиймати 12,5 млн евро эквивалентига тенг бўлган миқдордан оширилмайди ҳамда лойиҳанинг максимал қиймати 25 млн евро эквивалентидан ошмайди.

Иштирок этувчи тижорат банкларига тақдим этилаётган ЕИБ кредит линиясининг камида 30 фоизи ЕИБ мезонларига кўра аёллар тадбиркорлигини молиялаштиришга йўналтирилади.

Тижорат банклари ижро этувчи органлар бўлиб, қайта молиялаштирилган ЕИБ кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавоб беради. Кредитни қайтариш, фоизлар ва бошқа харажатларни тўлаш қайта молиялаштирилган кредит миқдорида иштирок этувчи тижорат банклари томонидан амалга оширилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги лойиҳани мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

ЕИБнинг лойиҳа бўйича кредитини жалб қилиш графиги тасдиқланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид