Жаҳон | 20:19 / 26.06.2023
9941
6 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект “ижоди”га ким эгалик қилади?

2019 йилда дунёда биринчи марта сунъий интеллект билан муаллифлик шартномаси тузилди. Ҳа, сунъий интеллект ривожланяпти, асарлар яратяпти, давлатлар эса қонунчиликни янги технологик жараёнларга мослаштириш бўйича қадамлар ташлаяпти. Ўзбекистон ҳам бунга тайёрланиши керак – яратилган асарлар қандай ҳимоя қилиниши ёки сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ муаллифлик ҳуқуқининг бузилишига оид ҳуқуқий масалалар устида ишлаш зарур.

Ечимини кутаётган ҳуқуқий масалалар

Рақамли технологиялар мусиқа, чизмалар, шеърлар ва бошқалар каби оригинал санъат асарларини яратишга қодир алгоритмларни яратишга имкон беради, шунинг учун муаллифлик ҳуқуқи ва сунъий интеллект қизғин муҳокама ва мунозараларга сабаб бўляпти.

Муаллифлик ҳуқуқи ва сунъий интеллект билан боғлиқ бир қатор ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар бор:

  • сунъий интеллект ёрдамида яратилган асарларга муаллифлик ҳуқуқини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари;
  • сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши учун жавобгарлик масалалари;
  • сунъий интеллект ёрдамида яратилган асар муаллифлик ҳуқуқи деб тан олиниши учун инсоннинг қандай ҳаракатлари ва қандай даражадаги ижодий ҳисса талаб қилиниши билан боғлиқ саволлар.

Баъзи олим ва мутахассислар сунъий интеллект томонидан яратилган асарларга муаллифлик қилиб бўлмайди, деб ҳисоблашади, чунки улар одам томонидан яратилмаган, алгоритмлар томонидан яратилган. Бошқалар эса муаллифлик сунъий интеллектга ҳам, унинг яратувчисига ҳам, шунингдек, сунъий интеллект яратган асар кодини ишлаб чиққан дастурчига ҳам берилиши мумкин, деб таъкидлайди.

Ҳозирги вақтда муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунчилик сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қоидаларни тақдим этмайди. Бироқ, турли мамлакатларда қонунчиликни янги технологик жараёнларга мослаштириш бўйича қадамлар аллақачон қўйилган.

Жаҳон тажрибаси: сунъий интеллектга оид муаллифлик масалалари қандай тартибга солинади?

AҚШда сунъий интеллект ёрдамида яратилган асарнинг муаллифи сифатида уни яратган ёки унинг номидан асар яратиш бўйича кўрсатмалар берган шахс тан олинади. Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Россияда муаллиф асар яратилишига катта ҳисса қўшган шахс сифатида эътироф этилади. Хитойда сунъий интеллект ёрдамида яратилган асар муаллифлигининг тан олиниши асарни яратишда инсоннинг ижодий ҳиссасини жамоатчилик томонидан эътироф этилиши билан боғлашади.

Бироқ, сунъий интеллект ёрдамида яратилган асар муаллифи шахс бўлса ҳам, ушбу асарга бўлган ҳуқуқлар бўйича низолар келиб чиқиши мумкин.

Сунъий интеллект муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган элементлар асосида бошқа мусиқий композиция ёки фотосуратни ўз ичига олган асар яратадиган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, муаллифлик ҳуқуқи дастлабки маълумотларни яратган шахсга ҳам, якуний ишни яратган сунъий интеллект муаллифига ҳам тегишли бўлиши мумкин.

Сунъий интеллект контекстида муаллифлик масаласи ҳалигача ҳал этилмаган. OpenAI каби баъзи ташкилотлар ушбу муаммони сунъий интеллектга асарлар яратиш имконини берувчи тизимлар яратиш орқали ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда; шу билан бирга, кодни ёзган яратувчи ёки дастурчидан муаллифлик ҳуқуқини сақлаб қолади. Бошқа тадқиқотчилар келажакда сунъий интеллект асарларини яратиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, ҳозирги муаллифлик ҳуқуқи тизимини ўзгартиришни талаб қилиши мумкин деб фикр билдиришади.

Сунъий интеллект билан тузилган илк муаллифлик шартномаси

2019 йилда Warner Music дунёдаги биринчи сунъий интеллект (ENDEL дастури) билан аудио трекларни яратиш бўйича шартнома тузди. ENDEL – дам олиш, диққатни жамлаш, мотивация ва яхши уйқу учун хизмат дастуридир. Бундай хизмат фойдаланувчининг геолокациясини, унинг юрак уриш тезлигини, куннинг вақтини, об-ҳаво шароити ва кайфиятини таҳлил қилади ва у учун индивидуал трек (мусиқа) яратади. Нейрон тармоқ ёрдамида 15 та альбом ёзиб олиниши мумкин. Аммо шартномани юридик томондан имзолашда айнан ким иккинчи томон сифатида иштирок этади, деб ўйлайсиз? Сунъий интеллектми? Эҳтимол, сиз ENDEL дастурига бўлган ҳуқуқ эгасини иккинчи томон сифатида ҳаракат қилганини тахмин қилгандирсиз.

Дарҳақиқат, муаллифлик ҳуқуқининг пайдо бўлиши ва сунъий интеллект билан шартномалар тузилиши каби саволларда, ҳозирча жавоб аниқ – ҳар қандай муаллифлик асарини яратишда, бундай асарга бўлган ҳуқуқлар муаллифлик ҳуқуқи бундай сунъий интеллектнинг эгаси бўлган шахсда қолади. Ва ҳар қандай шартномалар ҳам бундай сунъий интеллект эгаси билан имзоланади.

Дилемма: сунъий интеллект яратган асарга ким эгалик қилади?

Турли юрисдикцияларда сунъий интеллект томонидан яратилган асарларга бўлган ҳуқуқлар турли тарзда тартибга солиниши мумкин. Умуман олганда, бундай асарларга бўлган ҳуқуқлар сунъий интеллект яратувчисига ёки асар яратишда фойдаланилган дастурий таъминот эгасига ёки сунъий интеллект ёрдамида якуний маҳсулотни яратган муаллифга тегишли бўлиши мумкин.

Aйрим юрисдикциялар сунъий интеллектни асар муаллифи сифатида тан олиши мумкин, аммо ҳозирча бундай қарорлар кенг тарқалмаган. Aксарият ҳолларда сунъий интеллект томонидан яратилган асарларга бўлган ҳуқуқлар яратишни бошлаган ва фойдаланиладиган дастурий таъминот устидан назоратга эга бўлган шахсга тегишли бўлади.

Хулоса

Қандай бўлмасин, агар сиз сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда асарлар яратсангиз, мамлакат қонунларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларингизга ишонч ҳосил қилиш учун адвокатдан маслаҳат сўраш тавсия этилади.

Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон қонунчилиги киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар баъзи камчиликларни ва бўшлиқларни бартараф этганлигига қарамай, муаллифлик ҳуқуқи ҳали ҳам такомиллаштиришга муҳтож, шу жумладан сунъий интеллект билан боғлиқ бўлган интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича янги қоидаларни киритиш масаласи ўрганилиши керак.

Фан ва техниканинг ривожланиши муаллифлик ҳуқуқини қонуний мустаҳкамламасдан туриб амалга оширилмайди.

Ирода Ёқубова,
Тошкент давлат юридик университети доценти

Kun.uz колумнистларни ҳамкорликка чорлаб қолади. Долзарб мавзулардаги муаллифлик мақолаларини @Muhammadshakur Telegram-манзилига юборишингиз мумкин.

Мавзуга оид