Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда рақамли ҳукумат: бюрократик тўсиқлар кескин қисқаради
Фото: my.gov.uz
Фойдаланувчилар ҳар қандай электрон хизмат осон, тез ва хавфсиз бўлишини истайди.
Рақамли ҳукумат аҳолига давлат хизматларини рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда қулайроқ, шаффоф, самарали ва ишончли етказиб беришни таъминлайди.
Авваллари давлат хизматлари “сизга керак бўлса, бизни келиб топинг” ёки “аризаларни тўлдиришингиз керак, маълумотномалар олиб келишингиз керак” қабилида ишларди. Рақамли ҳукумат ривожлангани сари бундай сансалорликларга ҳожат қолмаяпти.
“Электрон ҳукумат”дан “Рақамли ҳукумат”га...
Ўзбекистонда 2020 йилдан “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланган эди. Бу давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш йўлидаги улкан қадам бўлди. Ушбу ташаббус давлат органларининг очиқлиги, самарадорлиги ва идоралараро ҳамкорлигини оширишга хизмат қилди. 2023 йилдаги “Ўзбекистон-2030” стратегияси эса электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг янги босқичи – “Рақамли ҳукумат” тизимига ўтишни белгилаб берди.
Ушбу стратегия қуйидаги мақсадларни ўз ичига олади:
· Электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 100 фоизга етказиш;
· Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) хизматлари улушини 50 фоизга кўтариш;
· Композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини камида 40 тага етказиш;
· Камида 300 та давлат хизматини хусусий секторга ўтказиш;
· Лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатларини камида 20 фоизга қисқартириш;
· Давлат хизматларини кўрсатишнинг 300 та тартибини соддалаштириш.
· Шунингдек, ушбу стратегиядан давлат хизматларини “3 қадам”, “фойдаланувчи учун мослаштирилган”, “барчаси бир мобил иловада” тамойиллари асосида рақамлаштириш масаласи ҳам ўрин олган.
“Рақамли ҳукумат”га ўтиш Ўзбекистонга қандай имкониятларни беради?
Давлат хизматларини аҳолига фаол равишда таклиф қилиш давлат секторидан очиқликни ва эътиборни талаб қилади. Ташкилотлар ўзларида қандай маълумотлар борлигини ва у қандай тақдим этилаётганини билиши керак. Маълумотлар хавфсиз сақланиши ва ишлов берилиши лозим. Турли идоралар биргаликда ишлашса ва маълумотларнинг осон алмашинуви йўлга қўйилса, бюрократик тўсиқлар аҳолини умуман безовта қилмайди.
“Рақамли ҳукумат”га ўтиш:
· Фуқаролар ва бизнес учун давлат хизматлари сифатини ва уларга кириш имкониятини ошириш;
· Коррупция ва бюрократияга барҳам бериш;
· Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш;
· Жамиятнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва ҳоказо имкониятларни беради.
Устувор йўналишлар ва самарадорлик
Электрон давлат хизматларини тақдим этишда ягона технологик ёндашувни таъминлаш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали рақамли хизматлар ва сервислар кўрсатиш ҳамда уларнинг натижасини олишнинг ягона нуқтаси ҳисобланиши белгилаб қўйилди[1]. “Рақамли ҳукумат” ва “Рақамли ҳудуд” дастурлари асосида 300 та устувор лойиҳани амалга ошириш белгилаб олинди.
Бугунги кунга қадар 204 та лойиҳалар бажарилган бўлиб, шундан 65 таси давлат бошқаруви, 23 таси иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари ҳиссасига тўғри келади ва 116 таси ҳудудларда амалга оширилган чора-тадбирлар ҳисобланади. Ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигини қуйидаги мисолларда кўриш мумкин:
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида “бир одам – бир овоз” тамойили асосида жисмоний шахслар шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)га боғланган рақамларнинг фақат биттасидан бир марта овоз бера олиш имконияти яратилди.
“Оммавий геопортал ахборот тизими” орқали кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги ер участкаси кадастр рақами, унинг манзили ва ундан фойдаланиш мақсади тўғрисидаги маълумотларни фойдаланувчилар томонидан бепул олиш имконияти яратилди.
Натижада Оммавий геопорталда шакллантирилган геосервислар ёрдамида жисмоний ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатилмоқда. Очиқ маълумотлардан фойдаланиш бўйича бир ойда ўртача 500 мингдан ортиқ сўровларга ишлов берилмоқда, натижада қоғоз ҳужжат айланиши 10 фоизга қисқартирилди.
“Ишончлилик индекси” ахборот тизими жорий этилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилди ва солиқ тўловчилар фаолияти шаффофлиги таъминланди. Бу эса тадбиркорлик субъектларига ўз контрагентларини танлаш чоғида лозим даражада эҳтиёткорлик чораларини кўришга ёрдам бермоқда.
Тадбиркорлик субектларининг ишончлилик рейтинги шкаласида 91 балл ва ундан юқори баллга эришган тадбиркорларга нисбатан барча турдаги солиқ текширувларини ўтказмаслик ҳамда 81 балл ва ундан юқори баллга эришган тадбиркорларнинг ҚҚС суммаси ўрнини 1 (бир) кун муддатда тезлаштирилган тартибда қоплаш имконияти яратилди.
“Ўзкомназорат”да рақамли назоратни ўрнатиш орқали, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг реал вақтда узилишларсиз барқарор ишлашини мониторинг қилиш, оператив тарзда узилиш ва тўхталишлар тўғрисида хабар бериш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда ахборот тизимлари ва ресурслари самарадорлигини баҳолаш ҳамда кўрсатилаётган электрон хизматлар ва сервислар рейтингини шакллантириш имконияти яратилди.
“Uz Tong Нong Company” АЖ ҚКда “ERP” тизимини жорий қилиш орқали иш жараёнларини оптималлаштириш ҳисобига операцион фаолият учун сарф харажатларни 23 фоизгача қисқартиришга, бутловчи қисмларни етказиш самарадорлиги 40 фоиз оширишга, бутловчи қисмларнинг захирада сақланиши миқдорини 38 фоизгача камайишига ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш вақтини 1,5 баробар қисқартиришга эришилди.
Навоий шаҳри “Ғалаба шоҳ” кўчаси 84а-уйда 720 кв.метрдан иборат бўш турган бинода 150 иш ўрнига мўлжалланган IT-парк Навоий филиали ташкил этилди. “SamIT Global” МЧЖ га тегишли “IT-akademiya” ташкил этилди. Ҳозирда IT академияда 10 нафардан зиёд мутахассислар фаолият юритиб, жорий йилда ҳар ойда камида 50 минг АҚШ доллари миқдорида хизматларни кўрсатиш режалаштирилмоқда.
Юқоридаги вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан ўтказилувчи “Электрон ҳукумат ривожланиши рейтинги”да кучли 30 таликка киришига замин яратади.
Жаҳон ҳамжамиятидаги халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ҳозирги позициясига назар ташланадиган бўлса, 2022 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожланиш индекси рейтингида 18 поғона юқорилаб, 193 та давлатлар ичида 69-ўринни эгаллади ҳамда энг тез суръатларда ривожланаётган мамлакатлар қаторига кирди.
Жаҳон банкининг ҳукумат ва давлат хизматлари сектори бўйича Ўзбекистон 37 поғона юқорилаб, 198 мамлакат ичида 43-ўринни эгаллади. Жаҳон банкининг рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича эса Ўзбекистон дунёда 4-ўринни эгаллаб, 2020 йилга нисбатан 65 поғона юқорилади.
“Open data Inception” таҳлилига кўра, дунёнинг 201 та мамлакатлари ичида Ўзбекистон 124 та очиқ маълумотлар манбалари билан дунёда 4-ўринни, МДҲ давлатларида эса 1-ўринни эгаллади.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали
Мамлакатимизнинг мазкур халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида асосий йўналишлардан бири – Онлайн хизматлар индекси (OSI) бўлиб, жорий йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) 94 та янги хизматлар жорий қилинди ҳамда жами хизматлар сони 664 тага етди.
Жумладан, “Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари” давлат хизматининг рақамлаштирилиши натижасида касаллик варақаларини қоғоз шаклида расмийлаштириш амалиётидан воз кечилди. Табиийки, бунда барча иш берувчиларга молиялаштириш шаклидан қатъи назар электрон касаллик варақалари ҳақидаги ахборот билан танишиш имкони берилди.
Маълумот учун: 2024 йилнинг шу вақтига қадар 420 мингдан зиёд вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бўйича маълумотномалар олинган.
Ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини кенгайтириш ҳамда кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида “Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш” хизмати электронлаштирилди.
Маълумот учун: 2024 йилнинг шу вақтига қадар my.gov.uz орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш юзасидан 627 мингдан зиёд аризалар юборилган.
Барча фанларни билиш даражасини аниқлаш ва миллий сертификатни олиш хизмати орқали сертификатга эга бўлган педагогларга иш ҳақига қўшимча 20 фоиз устама ҳамда абитуриентларга имтиҳонларда имтиёзли балл олиш имконияти яратилди.
Маълумот учун: 2024 йилнинг шу вақтига қадар my.gov.uz орқали барча фанларни билиш даражасини аниқлаш ва миллий сертификатни олиш юзасидан 62 мингдан зиёд аризалар келиб тушган.
Йил якунига қадар Ягона порталдаги хизматлар сони 700 тага етказилади.
Шунингдек, my.gov.uz (MyGov) мобил иловаси орқали 310 та хизмат аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тақдим этиб келинмоқда. Эътиборлиси, MyGov иловасида фойдаланувчи томонидан унга энг кўп зарур бўладиган маълумотларни сақлаш учун “Рақамли ҳужжат” модули жорий этилди.
Вазифа ва режалар
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари таркибий тузилмалари, шу жумладан тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳақида долзарб маълумотларнинг ягона нуқтада — Ҳукумат порталида акс эттирилиши “Электрон ҳукумат ривожланиши рейтинги”нинг “Институционал тузилма” индикатори доирасида баҳоланадиган 16 та кўрсаткич ва талаблар бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этишга имкон берди.
Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг раҳбарларига онлайн мурожаат йўллаш ва жавоб олиш имконини берувчи мурожаатлар билан ишлаш ягона онлайн платформаси жорий этилди. Бу ҳам ўз навбатида юқоридаги рейтингнинг “Электрон иштирок этиш индекси”ни баҳолашда салмоқли рол ўйнайди.
Рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин, ўз навбатида, соҳани янада ривожлантириб, халқаро даражага олиб чиқиш бўйича қилинадиган ишлар ҳам ҳали жуда кўп. Рақамли ҳукумат маркази ахборот хизматига кўра, давлат бошқаруви тизими ва иқтисодиёт тармоқларига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали республика аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароитлар яратиш мақсадида:
· Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 24 тага етказиш ва бунинг доирасида фуқароларнинг онкологик, кардиологик ва эндокринологик скринингдан ўтиши натижаси, уларни даволаш учун ажратиладиган пуллар тўғрисида маълумот олиш имкониятини яратиш;
· Тошкент шаҳрида тирбандликларнинг олдини олиш ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Ақлли бошқарув” тизимини жорий этиш, бунда 255 та чорраҳа ва кесишмаларни мувофиқлаштирилган светофор бошқаруви — “ақлли светофорлар” тизимига ўтказиш;
· Маҳалла фаолиятини рақамлаштириш баробарида Маҳалла ягона платформасига маҳалла аҳолиси саломатлиги, жойларда ўтказилаётган патронаж тўғрисида маълумотларни ҳам киритиш амалиётини татбиқ этиш;
· Сайлов жараёнларини рақамлаштириш учун “E-SAYLOV” ахборот тизимини ишлаб чиқиш;
· Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида суд харажатларини тўлов тизимлари орқали суд биноларида онлайн тарзда амалга ошириш имкониятини яратиш.
Шу каби рақамлаштириш билан боғлиқ амалга оширилиши лозим бўлган кўплаб устувор вазифалар мавжуд. Уларнинг ижросини таъминлаш эса ҳар бир соҳа ва ҳудудларда рақамли технологияларнинг ҳамоҳанг ривожланишини талаб этади.
Реклама