Жаҳон | 07:38 / 05.01.2022
50832
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон президенти ҳукумат истеъфосини қабул қилди

Қозоғистон президенти Тўқаев ҳукуматнинг истеъфосини қабул қилди, Смоилов бош вазир вазифасини бажарувчи бўлди.

Фото: ТАСС

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республика ҳукуматининг истеъфоси тўғрисидаги фармонни имзолади, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алихон Смоилов бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

«Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг истеъфоси қабул қилинсин. Қозоғистон Республикаси бош вазири вазифасини бажариш вақтинча Смаилов Алихон Асхонович зиммасига юклансин», — дейилади фармон матнида. 

Ҳужжатда ҳукумат аъзоларига вазирлар маҳкамасининг янги таркиби тасдиқланмагунча ўз вазифаларини бажаришда давом этиш топширилган.

2019 йил 25 февралдан буён Қозоғистон ҳукуматини Асқар Мамин бошқариб келаётганди. 

Шунингдек, президент матбуот хизматининг Twitter’даги маълумотларига кўра, Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб Тўқаев маъмурияти раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Мурат Нуртлеу тайинланган. 

Аввалроқ, Қозоғистон ҳукумати аҳолининг суюлтирилган газ нархи кўтарилишига қарши норозиликларидан сўнг нархни туширишга рози бўлди.

Маълум қилинишича, ҳукумат комиссияси аъзолари Ақтаудаги намойишчилар билан учрашган ва Манғистау области учун бир литр газ нархи 50 тенге деб белгиланишини билдирган.

Манғистау областида 2 январдан бери аҳоли суюлтирилган газ нархи оширилганига қарши норозилик митинглари ўтказмоқда. Норозилик намойишларига Қозоғистоннинг бошқа шаҳарлари аҳолиси ҳам қўшилгани айтилмоқда.

Мавзуга оид