Ўзбекистон | 11:03 / 16.08.2022
33781
4 дақиқада ўқилади

Туямўйин сув омборидаги сув сатҳи “ўлик даража”дан ҳам пастга тушиб кетди

2021 йил февраль ойидан бери Туямўйин сув омборидаги сув ҳажми 4 куб километрдан ошмаган. Охирги 1,5 йилда бу ерда сув сатҳи “ўлик даража”дан кам ёки шунга тенг бўлган.

Марказий Осиё давлатлараро сув мувофиқлаштирувчи комиссиясининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг июль ойида Туямўйин сув омборидаги сув ҳажми 4,4-5,2 куб километрни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йил июль ойининг биринчи ўн кунлигида 2,2 куб километргача ёки 2 баробардан кўпроққа камайган.

Кетма-кет уч йилдан бери сув омборида сув миқдори "ўлик сатҳ" атрофида тебранмоқда. Eos.com сайтидан олинган суратларда ҳам сув ҳажми сезиларли даражада озайганини кўриш мумкин.

 

"Туямўйин сув омбори Орол бўйи акваториясини вегетация даврида сув билан таъминлашда минтақа жонига оро кирарди.

Ҳозир эса вазият абгорроқ. Учинчи йилдирки, Туямўйин сув омбори сатҳи узоқ ойлар давомида "ўлик сатҳдан" пастда қолиб кетмоқда.

Амударё ўрта оқимида туркманларга сув чиқиб кетиш ҳажми ҳам йилдан йилга камайишига қарамай, қуйи оқимда вазиятни назорат қилиш қийин кечяпти.

Амударё сувининг камайиши охирги йилларда тез-тез кузатилмоқда. 2008, 2011, 2018 ва 2021 йилларда дарёда тарихий камсувлилик кузатилган. Салбий тенденция иқлим ўзгариши ва минтақавий сабаблар фонидан юз беряпти, сувдан нотўғри фойдаланиш, эскирган суғориш усуллари, аҳоли сони ортиши, сув омборлар кўпайиши, йирик каналларда сув олиш ҳажмининг ортиши қуйи оқимда вазиятни оғирлаштирмоқда”, деб ёзмоқда гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов.

2021 йил февраль ойидан бери сув омборидаги сув ҳажми ҳеч қачон 4 куб километрдан ошмаган. Охирги 1,5 йилнинг аксарият қисмида сув миқдори ўлик ҳажмдан кам ёки шунга тенг бўлган.

Туямўйин сув омборидаги сув ҳажми, км3. Ўлик ҳажм – 2,55 км3.

Охирги 60 йилликда Амударё қуйи оқимида бир қанча салбий воқеалар кузатилган:

  • ўтган асрнинг 60 йиллари. Йирик суғориш каналлари қурилиши натижасида Орол денгизининг сатҳи пасая бошлайди;
  • ўтган асрнинг 80 йиллари. Орол яхлит сув ҳавзаси сифатидаги мақомини йўқотади, майдони икки баробар қисқариб кетади ва денгиздаги тирик организмлар нобуд бўлади. Оқибатда Оролқум шўрхоклари пайдо бўлади;
  • XXI асрнинг боши. Орол денгизи бир нечта кўлларга бўлинди, улардан фақат шимолидагина сув шўрлиги билан боғлиқ вазият яхши, бошқа жойларида сувнинг юқори концентрацияси кузатила бошлайди;
  • XXI асрнинг дастлабки йигирма йиллиги. Амударёнинг қуйи оқими сув тақчиллигидан тобора кўпроқ азоб чекмоқда, у ёки бу даражада сув танқислиги доимий ҳодисага айланди. Охирги 20 йилликда фақат биттагина сув тошқини (2010 йил) кузатилган ва Оролнинг шарқий қисмида ҳеч қандай қайтадан кўл ҳосил бўлиши рўй бермади.

“Барча прогнозлар Амударё қуйи оқимида сув тақчиллиги йилдан йилга оғирлашишини кўрсатмоқда. Кейинчалик қуйи оқимидаги вазият ўрта оқимига ўтади. Қуйи оқимидаги сув танқислиги яқин йилларда критик нол даражагача пасаяди ва бу афсуски, яшил майдонларни суғориш учун сув чиқмай қолишига олиб келади”, дея қўшимча қилди Эркин Абдулаҳатов.

Мавзуга оид