Ўзбекистон | 09:34 / 19.05.2019
139132
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan янги платформадаги учта янги моделни ишлаб чиқаришни ўзлаштиради

17 май куни Андижонга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга «Ўзавтосаноат» АК раҳбари Шавкат Умурзоқов яқин келажакда GM Uzbekistan АЖда ягона платформа асосида ишлаб чиқариладиган янги кроссоверларни таништирган.

Улар Chevrolet Trailblazer, Chevrolet Equinox ва Chevrolet Traverse автомашиналаридир.

«Ўзбекистон24» телеканали хабарига кўра, лойиҳани ишга тушириш қиймати 500 миллион долларга баҳоланмоқда. GM Uzbekistan АЖ учта янги моделни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказишни режалаштирмоқда

Chevrolet Trailblazer / Фото: dubaicars.com
Chevrolet Equinox / Фото: chevrolet.com
Chevrolet Traverse / Фото: carlblackoforlando.com

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида ўтказилган йиғилишда GM Uzbekistan’нинг Асакадаги автомобиль заводини танқид остига олганди.

«Битта машина заводи ҳеч қачон 3 миллион аҳолини боқа олмайди. Шунинг учун, водийда Hyundai заводларини, Жиззахда автозавод очяпмиз.

Машина рақобатбардош бўлиши керак. Бозор иқтисодиёти талаби шу. Бу заводга эса шунча йил давомида барча шароитларни бериб қўйдик, ақлини ишлатмасдан мазза қилиб юришди. Қандай қилиб 20 йилдан бери машина учун барча хом ашё ва эҳтиёт қисмларни Жанубий Кореядан олиб келиб юриш мумкин? Биз ўзимиз эплай олмаймизми?

Бугун вазифа қўйдим, завод 10 минг ишчи ўрни яратиши керак. Йўқса бунақа завод керакмас. Ҳолбуки, вилоятда 417 минг ишчи ўрни яратилиши керак», — деган президент.

Аввалроқ «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Азиз Шукуров Ўзбекистонда янги платформадаги автомобилларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 2021 йил бошидан глобал шасси негизида 3та янги модел ишлаб чиқарилиши, Captiva сегментидаги автомобилларга бўлган талабни тўлдириш мақсадида 2019 йил учинчи чорагидан SUV (Sport Utility Vehicle) намунасидаги 2 хил автомобилни йирик тугунли йиғиш йўлга қўйилиши ҳақида айтиб ўтган эди.

 

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид