Ўзбекистон | 07:26 / 25.07.2018
11234
6 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича янги қарорни имзолади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Ўзбекфильм” АЖ акциядорларининг қуйидаги таклифларига розилик берилди:

“Ўзбекфильм” акциядорлик жамиятини жамият таркибидан чиқиб кетадиган акциядорлар билан ҳисоб-китобни амалга оширган ҳолда “Ўзбекфильм” давлат унитар корхонасини қайта ташкил этиш;

“Ҳужжатли фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонасини мамлакатнинг давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг энг муҳим йўналишларида эришилган ютуқларни тасвирга олиш ва уларни кейинчалик архивлаштириш бўйича вазифаларни юклаган ҳолда “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси сифатида қайта номлаш;

“Ўзбеккино” МАнинг ҳудудий бўлинмалари негизида уларнинг штатлар сони, бино ва бошқа моддий-техника базаси, шунингдек, 2020 йилнинг 1 январига қадар муддатда амалдаги молиялаштириш манбаларини сақлаган ҳолда “Республика кинопрокат маркази” давлат унитар корхонасининг филиалларини ташкил этиш;

“Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” давлат муассасасини унинг балансида бўлган мол-мулк ва бошқа моддий-техник қимматликларни (кўчмас мулкни бепул фойдаланишга) топшириш орқали нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида қайта ташкил этиш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, “Ўзбеккино” МА Бадиий кенгаши томонидан давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган киномаҳсулотларнинг йиллик тематик режаси юзага келаётган вазият, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг мазмунли кинофильмларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади;

ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларни давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларнинг йиллик ҳажмига нисбатан фоизда жанрлар бўйича квоталаш тизими жорий этилади;

2019 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъий назар, мамлакатдаги барча кинотеатрларда намойиш этиладиган маҳаллий бадиий фильмлар намойиши ҳажмларини – суткада иккитадан кам бўлмаган шу каби тўлиқ метражли фильмлар билан, 2021 йил 1 январдан эса ойлик экран вақтининг 25 фоизидан кам бўлмаган, байрам кунлари 40 фоиздан кам бўлмаган миқдорда квоталаш тизими жорий этилади;

давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларнинг смета харажатларида кўрсатилган маблағнинг 10 фоизи фақатгина уларнинг рекламаси ва телевидение, радио ва Интернет тармоқларидаги пиар-компаниясига, шунингдек, ташқи рекламасини жойлаштириш учун фойдаланилади;

давлат буюртмаси бўйича кино маҳсулотларини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телерадиоканалларда реклама қилиш, миллий телерадиокомпания телеканалларида намойиш қилишда “Ўзбеккино” МАнинг шахсий кони маҳсулотлари учун муаллифлик ва мулкий ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда, имтиёзли шартларда амалга оширилади;

кинокомпанияларнинг, мулкчилик шаклидан қатъий назар, давлат буюртмаси бўйича кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги иштироки фақат “Ўзбеккино” МА томонидан қонун ҳужжатларига асосан ташкил этиладиган танлов асосида амалга оширилади;

“Ўзбеккино” МА Бадиий кенгаши таркиби продюсерлар, адиблар, тарихчилар, кинооператорлар, режиссёрлар, кинопрокатчилар, кинотанқидчилар, психологлар, кинематография соҳасидаги нодавлат ташкилотлар вакиллари ва бошқа мутахассислардан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда “Ўзбеккино” МА томонидан тасдиқланади;

“Ўзбеккино” МА Бадиий кенгаши таркибига, Кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорларга бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган шахсларнинг киришига ва уларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

“Ўзбеккино” МА Бадиий кенгаши томонидан давлат буюртмаси бўйича киномаҳсулотни ишлаб чиқариш юзасидан шартномада белгиланган киномаҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи якунида, тайёр маҳсулот, режиссёрлик сценарийсига, харажатлар сметаси параметрларига, суратга олиш жараёнининг техник ва технологик талабларига мослигини ҳамда бошқа талабларга риоя этилиши юзасидан баҳолангандан сўнг, ушбу киномаҳсулот (унинг қисмлари) қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 7 августдаги ПҚ–3176-сон қарори билан ташкил этилган Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссиясининг:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг иқтидорли битирувчиларини ҳамда институтда “Ижро этувчи продюсер” ва “Кинорежиссура ва кинодраматургия” йўналишлари бўйича дастлабки саралашдан ўтган бакалавр даражасига эга миллий кинематография соҳасининг мутахассисларини С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия кинематография давлат институти (кейинги ўринларда – БКДИ) қошидаги “Кино ва телевидение”нинг олий курсларига ўқишга юбориш;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бакалавриатининг ихтисослашган йўналишлари иқтидорли битирувчилари учун БКДИ ассистентура-стажировкасида “Ижро этувчи продюсер”, “Драматургия” ва “Аудиовизуал санъат режиссураси” мутахассисликлари бўйича ўқишларни ташкил этиш;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида кинематография соҳасининг малакали кадрларини тайёрлаш бўйича БКДИ филиалини (қўшма факультетини) очиш, ўқитувчилик фаолиятига БКДИ юқори курсларида ва ассистентура-стажировкасида аввал тайёргарликдан ўтган мутахассисларни, шунингдек, мастер-класслар ўтказиш учун институт профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Мавзуга оид