Иқтисодиёт | 21:22 / 10.10.2020
5334
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки: пандемия сабаб 150 миллион одам қашшоққа айланади

2021 йилгача 150 миллион дунё аҳолиси қашшоққа айланиши ва улар орасида ўқимишлилар ҳам бўлиши мумкин.

Фото: AP Photo/Rafiq Maqbool

Қашшоқлик илдизи, асосан, қишлоқ ҳудудларига бориб тақалади. Бироқ Жаҳон банкининг таҳлилларига кўра, инқироз давом этаверса, дунё қашшоқлари сони кейинги йил охирига бориб яна 150 миллионга кўпаяди. Бу кўрсаткич ўқимишли шаҳар аҳолиси ҳисобига ошади.

Айни дамда глобал иқтисодий ўсиш 5,2 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бу пасайиш охирги 80 йилда ҳам кузатилмаган. Aгар вазият шундай давом этса, пайдо бўладиган қашшоқ аҳоли кунига 1,9 доллардан камроқ пул эвазига кун кўришига тўғри келади. Шундоқ ҳам ҳозир дунё аҳолисининг чорак қисми кунига 3,2 доллардан камроқ сарфлаб яшаб келмоқда.

Янги пайдо бўладиган камбағалларнинг катта қисми – 110 миллиондан ортиғи Шарқий Осиё ва Африка Саҳараси аҳолиси бўлиши кутилмоқда.

Ишсизлик ўсиб бораётгани, кўпчилик жамғариб қўйган пулларини-да сарфлаб тугатгани сабаб одамлар камроқ овқат ейишга мажбур бўлмоқда. Кўплаб болалар, улар дунё қашшоқларининг ярмини ташкил этади, масофавий таълим дарсларига қатнашишга имкон топа олмаяпти.

Қурилиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ соҳаларда норасмий тарзда фаолият юритадиганлар кўпайиши кутилмоқда. Лекин турли чекловлар ва ҳаракатланиш билан боғлиқ тақиқлар биринчи бўлиб уларга таъсир кўрсатади. Тикланиш учун ўн йил керак бўлиши мумкин. Бу энди камбағалликдан қутилиб, «косаси оқара бошлаганлар» учун айниқса қаттиқ зарба бўлади.

Ўта қашшоқ оилаларнинг болаларини туғилиши билан турли муаммолар кутиб олади: онаси ва табиийки ўзи ҳам тўйиб овқат ейиш имконидан маҳрум, тиббий хизматдан ҳам кўнгилдагидек фойдалана олмайди. Туғилганидан сўнг қашшоқ оила чақалоқлари доим ҳам расмий рўйхатга олинавермайди. Туғилибоқ келган бундай қашшоқликдан эса қутилиш жуда қийин бўлади.

Пандемиягача Африкада баъзи мамлакатлар камбағалликка қарши «таъсирчан ҳаракатлар» қилган ва нисбатан ривожланаётган иқтисодга эга бўлганди. Энди эса 54 та Африка давлати пандемиянинг иқтисодий ва ижтимоий таъсирига қарши курашиш учун кейинги 3 йилда ҳар бир йил учун умумий 100 миллиард доллар керак бўлишини айтмоқда.

Бундан ташқари, тахминан ҳар учинчи ўта қашшоқ одам Африка Саҳарасида яшовчилардан бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу ўртача 26-40 миллион одам дегани. Шарқий Осиёда эса бу рақам ундан ҳам каттароқ: 49-57 миллион атрофида.

Жаҳон банкининг тахминича, 88-110 миллион аҳоли шу йил, қолган 23-33 миллиони эса келаси йил қашшоққа айланиши мумкин. Бундан ташқари, иқлим ўзгаришлари туфайи 2030 йилгача яна 100 миллион одам камбағалга айланиши хавфи ҳам бор.

Маълумот учун, бугунги кунда 690 миллионга яқин дунё аҳолиси қашшоқ ҳисобланади. Яъни, улар кунига 1,9 доллардан камроқ пулга тирикчилик қилади. Бошқа манбалар эса дунёдаги камбағаллар сонини 736 миллиондан ошиқ деб кўрсатади. Уларнинг ярми бешта мамлакатда – Ҳиндистон, Бангладеш, Нигерия, Конго ва Эфиопияда яшайди.

Мавзуга оид