Жамият | 11:01 / 19.05.2024
12930
3 дақиқада ўқилади

“Ясаган тандирларим Америкага ҳам сотиляпти” – 75 ёшли тандирчи отахон

Сайфиддин ота Тошматов бу йил 75 ёшни қарши олди. Автомашинаси бўла туриб доим велосипедда юрадиган отахон анча тетик. Шу ёшида ҳам невараларини ёнига олиб тандир ясайди. Энг қизиғи, у ясаган тандирлар Америкага ҳам етиб борган.

Бувайда туманининг Гулчи қишлоғида яшовчи Сайфиддин ота анча машҳур. У ясаган тандирлар вилоятлардан ташқари чет давлатларга ҳам жўнатилмоқда. Тандирчи отасидан олган ҳунарини ўғиллари-ю невараларига ҳам ўргатди.

Доимий ҳаракатдалигим учун соғломман

“75 ёшдаман, 5 нафар фарзандим бор. Нимага эришган бўлсам, шу ҳунар орқали эришдим. Тандирчилик биз учун ота касб. Ҳар куни бир нечта тандир ясайман. Доим велосипедда юраман. Шунинг учун ҳам соғломман. Отамнинг меҳнат қилсанг, кам бўлмайсан, деган гапини мен ҳам набираларимга айтаман. Ҳамма нарса бекорчиликдан чиқади, болаларни иш билан банд қилиб қўйиш керак.  

Бу ҳунарни 13 ёшимда бошлаганман. Қариликни ҳали бўйнимга олганим йўқ. Масжидга ҳам пиёда ёки велосипедда бораман. 16 неварам, 17 чеварам бор. Зурриёдларни уйли-жойли қилиш учун доим ҳаракатдамиз. 800 минг сўм пенсия оламан. 75 ёшда ҳам қон босими, бошқа касалликлар йўқ, ҳар замонда эл қатори тумов бўлишим мумкин”.

13 та тандирим Америкага кетди

“Нонни энг кўп истеъмол қиладиган халқмиз. Ўзбек оилаларида сомса ҳам кўп тайёрланади. Шунинг учун тандирга эҳтиёж доим юқори. Яқинда Америкадаги ватандошларимизга 13 та тандир ясаб бериб юбордик.

Касбимиз ортидан жаҳонга чиқяпмиз. Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистондан ҳам харидорлар чиқади. Ўтган йили Сибирга бир фура тандир юбордик.

Уй тандири, сомса тандири, кўча тандири, новвой тандирлари ясаймиз. Нархларини келишиб оламиз, баъзиларга ўзимиз олиб бориб қуриб ҳам берамиз. Новвой тандирларни қуриб битказиб бериб, олов ёқилгандан кейин пул олинади. Ўзимиз бир оловдан чиқариб берамиз, чунки нотўғри олов ёқиб, янги тандирни синдириб қўйишлари мумкин. Оддий уй тандирларини 2 кг гўшт пулига сотамиз”.

Ўғилларимни ҳалол бўлишга чақираман

«2 қиз, 3 ўғлим бор, ҳаммасини уйли-жойли қилдим. Икки ўғлим тандирчиликни давом эттиряпти. Кичик ўғлим ички ишлар ходими бўламан деганда, аввалига рози бўлмаган эдим. Ўғлим, ота, ҳамма ички ишлар ходими ҳам ёмон бўлмайди, бизни ҳалол боққансиз, мен ҳам ҳалол ишлайман, деб қатъий туриб олди. Ҳозирда у ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат қиляпти», дейди Сайфиддин ота. 

Отахоннинг қўшимча қилишича, ёз пайти саҳарлаб иш бошлайди ва кун қизигунча битириб, кейин яна салқин тушгач меҳнатни давом эттиради.  Куз-қиш пайтида кўпроқ дам олишади, ёзда эса тўхтовсиз иш бўлади.

Тандир ясашда авваллари қўл меҳнати кўпроқ бўлган бўлса, ҳозир механик асбоблар билан иш анча енгиллашган.

Сарвар Зиёев, Kun.uz,
Монтаж устаси: Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид