Риштон туманининг Оқ ер қишлоғида таниқли тандирчилар истиқомат қилади. Улар ясаган тандирлар вилоятнинг кўплаб уйларида фойдаланилмоқда.
Тандирчи ҳунарманд Салоҳиддин Жўраев 30 йилдан буён қишин-ёзин ўз хонадонида тандир ясаш билан машғул. Унга ўғиллари Ҳусниддин Ҳакимов ва Аслиддин Ҳакимовлар кўмак беради.

«Тандирчилик – отамерос ҳунар. Отам 50 йил тандирчилик билан машғул бўлган. Отам улғайтирган 5 ўғилнинг ҳаммаси тандирчиликни ўзига касб қилган. Аллоҳга шукр, тирикчилигимиз мана шу ҳунар ортидан бўляпти. Даромадимиз яхши.
Уч фарзандим бор. Икки ўғлим ҳам оилавий анъанага содиқ қолишди. 50 ёшга борган бўлсам, унинг 30 йилида буён тандирчилик билан машғулман. Отамнинг ёнларида юриб, бу касбга меҳр қўйганман.

Тандир тупроғини Риштон шаҳри марказидан олиб келамиз. У оддий тупроқ эмас. Ранги сариқ, қайишқоқ. Бу тупроқдан кулоллар ҳам фойдаланади. Тупроқнинг бир «Камаз»ини 500 минг сўмга сотиб оламиз. Бир машина тупроқдан тахминан 100-150 та тандир чиқади.

Одатда 3 хил тандир ясаймиз: хонадон, новвойхона ва сомса тандир. 10 нафар шогирд чиқардим. Улардан ташқари, тандир ясашни қўни-қўшни ва жиянларимга ҳам ўргатганман.
Кунлар совуқ бўлгани учун битта тандир ҳозирги кунда 3 кунда битяпти. Ёз кунларида ҳаво иссиқлиги ҳисобига битта тандир 2 кунда тайёр бўлади. Новвой тандирларимизнинг ҳажми катталиги учун 4 кунда тайёр бўлади. Сомса тандирлар эса 2 кунда битади.
Тандир ясалиш жараёни ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Энг аввало тупроқ махсус идишга солиниб, устига сув қуйилади. Тупроқ идишда бир-икки кун мобайнида лой шаклига келади. Ундан кейин пишиқлигини ошириш учун лойга қўй жуни ва сомон қўшамиз. Жун ва сомон аралаштирилган лой яхшилаб пишитилади. Жун лойни қайишқоқ ҳолатга келтиради. Сомон ва жун қўшилган тандирлар ёрилиб кетмайди. Тандир пишиб етилгунча сомон ва жун тандирни мустаҳкам ушлаб туради. Кейинчалик таркибига сингиб йўқ бўлиб кетади улар.























