Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Арзонлашаётган доллар: сабаблар ва оқибатлар ҳақида иқтисодчи ва тадбиркор билан суҳбат
Доллар курси муттасил ўсишдан тўхтаб, сўм мустаҳкамланиб бормоқда. 19 август куни курс яна 12 500 лик чегарадан пастга тушди. Айримлар валютани ўйин қилишяпти деган миш-миш ҳам тарқатяпти. Лекин Kun.uz гаплашган иқтисодчи Шуҳрат Расулга кўра, бу – фундаментал омиллар билан боғлиқ. Тадбиркор Анвар Абдуқаюмга кўра, бунга импорт молларининг савдоси ўлиб бораётгани ҳам таъсир қиляпти.
Ўзбекистонда охирги ярим йилдан буён доллар курсининг кунлик тебраниш частотаси ошган. Шу билан бирга, курснинг пасайиши ҳам кузатилмоқда.
Феврал ойида 1 долларнинг расмий курси 13 000 сўмга тенг чегарадан ўтгач, мана, орадан 7 ой ўтиб, 12 500 сўмдан ҳам пастга тушди. Марказий банк 19 август учун 1 АҚШ долларининг расмий курсини 12 497 сўм деб белгилаган.
Kun.uz мавзу юзасидан иқтисодчи ва тадбиркорга қулоқ тутаркан, АҚШ валютаси қадрининг тушиши иқтисодий омиллар ҳосиласи экани ойдинлашади.
Иқтисодчи Шуҳрат Расулга кўра, аввало, Ўзбекистоннинг асосий экспорт товари бўлмиш олтин нархларининг рекорд даражада ўсаётгани бунга сабаб бўлмоқда. Натижада ташқи савдо айланмасида экспорт ва импорт ўртасидаги манфий фарқ биринчи ярим йилликда 3,2 млрд долларгача қисқарган. Бу, ўз навбатида, валюта оқимининг ортиши ва унга талабнинг мувозанатлашишини кўрсатади.
“Ўзбекистон шу йилнинг 6 ойи давомида 6,4 млрд долларлик олтин сотган, бу аввалги йилларникидан сезиларли равишда кўп. Айнан шу омил ҳам доллар курси тушишига таъсир ўтказмоқда”, дейди иқтисодчи Шуҳрат Расул.
Тадбиркор Анвар Абдуқаюм ҳам олтин нархи қанча ошади, доллар курси шунча тушади деб ҳисоблайди, шу сабаб жамғармаларини олтинда сақлашга ўтган. Унинг сўзларига кўра, доллар курсининг пасайгани экспортчи тадбиркорларнинг зарарига ишлаяпти.
“Доллар курсининг пасайишига сабаб импорт моллари бозорининг ўлаётганида ҳам деб биламан. Чунки ўтган йили импорт қилинган товарлар бозорларда ётибди. Одамлар даромадининг катта қисмини кредит, муддатли тўловларга сарфлаяпти”, дейди Анвар Абдуқаюм.
Суҳбатдошлар долларнинг курси сунъий оширилиб-туширилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқатилган тахминларни рад этди. Камбағал ва ривожланаётган иқтисодлар учун долларнинг беқарорлиги тез-тез учраб турадиган ҳолат, дейди иқтисодчи Шуҳрат Расул.
Суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
19:50 / 26.12.2025
МДҲ мамлакатлари ўзаро ҳисоб-китобларда деярли тўлиқ миллий валюталарга ўтди
22:51 / 22.12.2025
Инвесторлар 2026 йилда ҳам доллар курсининг пасайишини кутмоқда – ОАВ
19:17 / 07.12.2025
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 61 млрд доллардан ошди
16:02 / 05.12.2025