Жаҳон | 07:21 / 27.02.2026
6332
7 дақиқада ўқилади

Кўринмас фронт: ҳарбий операцияларни издан чиқара оладиган электрон тизимлар

Радиоэлектрон кураш замонавий жанговар ҳаракатларни ўзгартирмоқда: у электромагнит спектрни ҳал қилувчи жанг майдонига айлантиряпти.

Фото: Wikimedia Commons

Бугун радиоэлектрон кураш (РЭК) қуролли тўқнашувларнинг энг муҳим воситаларидан бирига айланди. Унинг объекти — алоқа, навигация ва аниқлаш (кузатиш) тизимлари фаолият юритадиган муҳитдир. Сигналлар, сенсорлар ва тармоқлар ишини издан чиқариш орқали ҳарбийлар рақибга жиддий халақит бериши ва унинг ҳаракатларини бирор ҳам ўқ узмасдан фалаж қилиши мумкин.

Бугуннинг ўзида бир қатор технологиялар уруш қиёфасини ўзгартирмоқда. Бундай шароитда электромагнит спектрни ҳимоя қилиш ниҳоятда муҳим вазифага айланади: унга эътиборсиз қарайдиган ҳар қандай армия жанг майдонидаги коммуникациялар устидан назоратни йўқотиш хавфига дуч келади.

Қуйида радиоэлектрон кураш соҳасидаги етти инновация келтирилган — улар урушлар натижасини назорат қила олади ва кўп жиҳатдан олдиндан белгилаб бера олади.

1. Юқори қувватли микротўлқинли нурланиш (HPM) тизимлари

High-Power Microwave (HPM) тизимлари йўналтирилган энергия таъсири воситаларига киради ва жисмоний объектларга эмас, балки электрон компонентларга қаратилган. Улар электрон схемалар ишини бузадиган ёки ишдан чиқарадиган кучли микротўлқин импулсларини тарқатади.

Энергияни симлар, антенналар ва электрон элементларга таъсир эттириб, бундай тизимлар электромагнит майдоннинг кучланишига қараб ҳам вақтинчалик носозликлар, ҳам қайтариб бўлмас шикастланишларни келтириб чиқариши мумкин.

Биргина нокинетик HPM импулси бир вақтнинг ўзида бир неча дрон ёки электрон тизимларни ишдан чиқариши мумкин, кўпинча ҳужумнинг кўзга кўринадиган белгиларисиз.

2. Когнитив радиоэлектрон кураш тизимлари

Когнитив РЭК олдиндан дастурланган босиш воситаларидан реал вақтда таҳлил қила оладиган, ўрганадиган ва таҳдидларга жавоб қайтара оладиган тизимларга ўтишни англатади. Сунъий интеллект ва машинавий ўрганиш интеграцияси бундай платформаларга “хом” сигнал маълумотларини қайта ишлаш, нотаниш нурланишларни таниш ва миллисекундлар ичида индивидуал қарши чораларни шакллантириш имконини беради.

Натижада электромагнит спектр машина тезлигидаги жанг майдонига айланади — бу ерда алгоритмлар реал вақтда бир-бири билан рақобатлашади. Давлатлар адаптив радарлар, интеллектуал тўсқинлик станциялари ва СИ асосидаги спектрал хабардорлик тизимларига сармоя киритгани сари, устунлик тобора кўпроқ “темир”га эмас, балки маълумотлар сифати, моделлар ва ҳисоблаш ресурсларига боғлиқ бўлади.

3. DRFM технологияси (Digital Radio Frequency Memory)

Радиочастота рақамли хотираси (DRFM) технологияси РЭК тизимларига душман радар сигналларини тутиб олиш, сақлаш ва уларни ўзгартирилган кўринишда қайта нурлантириш имконини беради — бунда датчиклар бу сигнални ҳақиқий деб қабул қилади.

Вақт параметрлари, частота силжиши ва сигнал амплитудасини ўзгартириш орқали DRFM ёлғон нишонлар яратади ва объектнинг кўринадиган жойлашуви ёки тезлигини бузиб кўрсатади.

Бу ерда радарни шовқин билан “тўлдириб ташлаш” каби қўпол усул эмас, балки аниқ “алдаш” қўлланади. Сигнал даражасидаги манипуляция тўсқинлик станцияларига ва ёлғон нишонларга ишонарли “фантом” гуруҳланишларни ҳосил қилиш ёки ҳақиқий самолётларни яқинлашувнинг энг охирги лаҳзаларигача яшириш имконини беради. Шу билан РЭК куч билан босиш соҳасидан ҳисоб-китобли дезориентация соҳасига ўтади.

4. Позициялаш, навигация ва синхронизация (PNT) тизимлари

PNT (Positioning, Navigation, and Timing) тизимлари, жумладан GPS ва бошқа глобал навигация тармоқлари замонавий урушнинг ажралмас қисмига айланди ва шу сабабли радиоэлектрон ҳужумлар учун устувор нишон ҳисобланади.

Кенг кўламли сигнални бостириш ва спуфинг (ёлғон сигнал билан алдаш) дронлар, юқори аниқликдаги қуроллар, алоқа воситалари ва сунъий йўлдош орқали бошқарув каналлари ишини издан чиқариб, катта ҳудудларда навигация ва қўмондонликни заифлаштириши мумкин.

PNT қарама-қаршилигининг аҳамияти ортиши ҳимоя воситаларини ривожлантирмоқда: тор йўналтирилган нурлар ҳосил қилувчи сунъий йўлдошлар ва махсус антенналардан тортиб, шифрланган қабул қилгичлар ва СИ асосидаги халақитни аниқлаш тизимларигача.

Натижада навигация сигналлари учун кураш юқори технологияли можароларнинг доимий омилига айланади ва қуролли кучлар аниқ нишонлаш ва автоном платформаларда қанчалик ишончли таяна олишини белгилайди.

5. Учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)

Кичик дронларнинг тез суръатда кенгайиши пастдан учувчи, кўпинча тижорий технологиялар асосида тайёрланган дронларга қарши махсус РЭК тизимларининг пайдо бўлишига олиб келди.

Бундай комплекслар дронларнинг сигналларини аниқлайди, операторлар жойлашувини топади ва бошқарув ҳамда навигация каналларини танлаб бостириб, миссия бажарилишини издан чиқаради.

Замонавий тизимлар мувофиқлаштирилган мудофаа яратиб, душман дронларига қарши кенг электрон “тўсиқлар” ҳосил қилади. Автоматлаштирилган аниқлаш, кузатиб бориш ва нуқтавий бостириш дронларга қарши курашни тарқоқ жавоб чораларидан фронт бўйлаб барқарор ҳимоя тизимига айлантиради.

6. Электромагнит спектрдаги операциялар (EMSO)

Замонавий армиялар РЭК бўйича алоҳида ҳаракатлардан электромагнит спектрдаги интеграциялашган операцияларга (EMSO) ўтмоқда — бу спектрни қуруқлик, денгиз, ҳаво, космос ва кибермакон қаторида тўлақонли манёвр муҳити сифатида кўради.

Бундай ёндашув реал вақтда бирлашган кучларнинг спектрал фаоллигини синхронлаштира оладиган янги бошқарув ва мувофиқлаштириш тузилмаларини талаб қилади.

“Таниб олинган электромагнит манзара” (Recognized Electromagnetic Picture) деб аталувчи концепция қўмондонларга ўз ва бегона кучларнинг нурланишлари ҳақида яхлит, доимий янгиланиб турувчи тасаввур беришга қаратилган. Бу РЭК операцияларини бутун жанг майдонида самаралироқ режалаштириш, келиштириш ва баҳолаш имконини беради.

7. Авиация учун тармоқли кўпдиапазонли тўсқинлик контейнерлари

Авиацияда масофадан туриб бостириш воситалари анчадан бери маълум, аммо уларни қўллашга ёндашув тубдан ўзгармоқда.

Тармоқли кўпдиапазонли тўсқинлик станциялари нурларни бўлиш ва бир вақтнинг ўзида турли таъсир усулларини қўллаш имконига эга — самарадорликни пасайтирмасдан бир нечта таҳдидларга қарши ишлай олади.

Шу тариқа ҳаводан радиоэлектрон ҳужум ёрдамчи функция бўлишдан чиқиб, реал вақтда электромагнит жанг майдони конфигурациясини шакллантира оладиган аниқ ва динамик воситага айланади.

Радиоэлектрон кураш замонавий урушнинг ҳал қилувчи устунларидан бирига айланмоқда. Электромагнит спектр устидан назорат анъанавий кучлар жангга киришидан олдин ҳам тўқнашув натижасини белгилаб қўйиши мумкин.

Алдаш, интеллектуал бостириш, йўналтирилган энергия ва интеграциялашган спектрал операциялар қарама-қаршилик табиатини сигналлар, тармоқлар ва алгоритмлар кураши томон сурмоқда.

Келажак можароларида устунликни шу кўринмас маконда тезроқ ва самаралироқ ҳукмронлик ўрната олган томон қўлга киритади: у рақибни “кўр” қилади, ўз тизимларини ҳимоя қилади ва жанг ҳаракатлари суръатини бирорта ҳам ўқ узмасдан белгилаб беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид