Ўзбекистон | 19:46 / 14.04.2026
2525
2 дақиқада ўқилади

Кўп қаватли уй қуриш бўйича тайёр лойиҳалар аукционга қўйилади

1 октябрдан бошлаб Тошкент ва Самарқандда кўп қаватли уйлар қуриш учун ерлар тайёр лойиҳа шаклида аукционга қўйилади. Бунда қурилишга рухсат аллақачон олинган, архитектура режалаштириш топшириғи ва дастлабки лойиҳаси ҳам тайёр ҳолда бўлади.

Фото: Kun.uz

Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини таъминлаш доимий диққат марказида бўлиши шарт. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 14 апрел кунги селекторда айтиб ўтди.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда 56 та “Янги Ўзбекистон” массивининг инфратузилмаси учун 4 триллион 100 миллиард сўм маблағ берилган. Жорий йил ушбу мақсадларга яна 1 триллион 400 миллиард сўм ажратилмоқда.

Лекин 2025 йилда Тошкент вилоятида 2,1 мингта, Самарқандда 1,5 мингта, Фарғонада 1,3 мингта, Тошкент шаҳрида 1 мингта, Жиззахда 380 та хонадон фойдаланишга топширилмаган.

Соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар бу йил “Янги Ўзбекистон” массивларида 34 минг хонадонни қуриб битказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Қурилиши давом этаётган массивни кенгайтиришга ўша ҳудуддаги 85 фоиз квартирани эгасига топширганидан кейингина рухсат берилиши белгиланди.

Пойтахт ва Самарқанд тажрибалари асосида инвестиция компаниялари ташкил қилинди. Бу компаниялар 1 октябрдан бошлаб кўп қаватли уйлар қуриш учун ерларни қурилишга рухсати, архитектура режалаштириш топшириғи ва дастлабки лойиҳаси билан бирга тайёр ҳолда аукционга чиқаради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид