Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Дунёда бунча дарс ўтадиган ОТМ ҳам, мактаб ҳам йўқ» — Жамшид Қўчқоров дарсларни камайтириш кераклигини айтди
Тошкентдаги мактабларда ўқувчиларнинг битта синфдаги ўртача сони 31 нафарга етган. Бош вазир ўринбосари синфларда ўқувчилар сонини камайтириш борасида депутатлар саволига жавобан, кўриладиган чоралар қаторида дарслар сонини ҳам кескин қисқартиришни таклиф қилди. “Ўзбекистон дарслар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради”, деди Қўчқоров.
Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров депутатларнинг синфлардаги ўқувчилар сонини қисқартиришга доир саволларига жавоб берди.
«Бу йил мактабларимизни адашмасам 500 минг бола битиряпти. Биринчи синфга эса қарийб 700 минг бола келяпти. Ўтган йили туғилган болалар, худога шукр, 905 минг… Яъни 7 йилдан кейин биринчи синфга 905 минг бола келади.
Ҳозир 11 та синфда жами ўқувчиларимиз 6,2 миллион бўлса, ҳар бир синфда ўртача 550 минг ўқувчи бор. Тахминан 5 йиллардан кейин ҳар бир синфда 700 минглар атрофида бола бўлади. Яъни ўқувчилар сони 7 миллион бўлади. Ва ҳоказо…
Шунинг учун битта синфдан 36-40 нафар ўқувчини камайтириш учун кўп ўйлаяпмиз. Кўп ишларни қилишимиз керак. Ҳурматли вазиримиз [халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов назарда тутилмоқда – таҳр.] ҳам бу ҳақда айтдилар.
[Бундан ташқари], дарсларнинг сонини кескин қисқартиришимиз керак. Дунёда бунча кўп дарс ўтадиган олий таълим муассасаси ҳам, мактаб ҳам йўқ. Фақат Ўзбекистон дарслар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Шунинг учун дарслар сонини қисқартириб, муаммони ҳал қилишимиз мумкин», – дея Жамшид Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Кун.уз мухбири.
Маълумот учун, 2021/22 ўқув йили бошига умумтаълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг битта синфдаги ўртача сони 25 нафарни, Тошкент шаҳрида эса 31 нафарни ташкил этган.
Статқўм ўтган ҳафта эълон қилган бу статистикада ҳудудлар ва синфлар кесимидаги ўқувчилар сони, хусусан жами синфларнинг қанчасидан меъёрдан ортиқ ўқувчи ўқиётгани ҳақида маълумот берилмаган. Яъни Ўзбекистондаги нечта синфда 40 нафардан ортиқ ўқувчи ўқиётгани маълум эмас.
Қонунчиликка кўра, умумтаълим мактабларида битта синфдаги ўқувчилар сони 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди. Бироқ қатор мактабларда, хусусан Тошкент шаҳрида мактаб ва педагоглар етишмовчилиги сабаб бу меъёрга амал қилинмайди.
Мавзуга оид
18:27 / 10.01.2026
Тошкентда катталар учун ҳоспис очилади
13:53 / 10.01.2026
Тошкентда тунги рейд: автомашина йўловчисидан шубҳали модда топилди
12:00 / 10.01.2026
Тошкентда кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний савдоси фош этилди
11:57 / 09.01.2026