Иқтисодиёт | 15:02 / 23.12.2025
3516
2 дақиқада ўқилади

2026 йилдан божхона йиғимлари камаяди ва имтиёзлар жорий этилади

Президент фармони билан божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини соддалаштириш чоралари белгиланди. Хусусан, 2026 йилдан олдиндан ва даврий декларациялашда божхона тўловларини амалга ошириш тартиби енгиллаштирилади. 

Фото: Kun.uz

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштиришда:

  • божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади;
  • божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобланмайди.

Шунингдек, 2026 йил 1 майдан товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади.

Фармонда, божхона органларининг ахборот тизимида хавф аниқланмаган ҳолларда айрим тоифадаги божхона юк декларацияларини автоматик расмийлаштирувдан ўтказиш механизмини кенгайтириш ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражаларни эгаллаган ваколатли иқтисодий операторлар учун тўловларни қайтариш ва ўзаро ҳисобга олиш тартиботларини соддалаштириш, шунингдек қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби операцияларда айрим рухсатнома талабларини бекор қилишга доир қўшимча енгилликлар белгиланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид