16:57 / 27.07.2023
9650

Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида йўл учун 70 минг дарахт ва бута кесилиши мумкин

Экология вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов вазирлик лойиҳага қарши эканини билдириб, Вазирлар Маҳкамасига бу борада таклифлар юборилганини маълум қилди.

Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида режаланган йўл қурилиши сабаб иккала ҳудудда жами 70 мингга яқин дарахт ва буталар кесилиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси хабар бермоқда.

«Бунда жумладан, Бухорода 23 минг, Сурхондарё вилоятида эса 45 мингдан ортиқ дарахт ва буталарни йўқ қилиш бўйича режа мавжуд ва лойиҳа аллақачон ҳукуматга топширилган. Ишлар августдан, тезлаштирилган тартибда бошланиши кутилмоқда», – деди манба.

27 июл куни Экология вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири масъуллардан айни шу масала бўйича изоҳ сўради.

Экология вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов Бухоро ва Сурхондарёда қуриладиган йўл бўйича ҳукуматга тақдим қилинган лойиҳада кўплаб дарахт ва буталар кесилиши кўрсатилганини тасдиқлади.

«Бу лойиҳадан хабаримиз бор, лекин у ҳали ўз номи билан лойиҳа. Лойиҳа вазирлик билан келишилмаган ва биз бунга қарши эканимизни билдирганмиз.

Биз қаршилик билдиришдан ташқари шунингдек, тегишли органларга ёзма тарзда ҳам мурожаат қилганмиз. Бундан ташқари, биз тез орада Сурхондарё ва Бухорода жамоатчилик эшитувини ташкил қиламиз. Шундан сўнггина қарор қабул қилинади. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси билан ҳам келишиб олганмиз.

Биз биринчи навбатда ўша ҳудудларга бориб, дарахтларни асраш бўйича чораларни кўрамиз», – деди вазирлик расмийси.

Top