Жамият | 17:25 / 13.10.2021
13492
5 дақиқада ўқилади

Оталарни қийнаган муаммо болаларга мерос ўтяпти: Бойсунда “ижарада юрган” мактаб филиали бор

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги бу мактаб филиалини излаб топмадик. Шу ерлик аҳоли: “Болаларимиз мана шу жойда ўқияпти” дейишганида, рости, ишонмадик. Умуман, қаршимизда турган бу бинода таълим бериш мумкиндир, аммо юз йил аввал шундай эди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Баланди қишлоғида юз чоғли хўжалик истиқомат қилади. Қишлоқ ҳудудий жиҳатдан Дарбанд маҳалласига қарайди.

Бу филиал маҳалладаги 21-умумтаълим мактабига қарашли экан.

Сайёра Рўзибоева 29 йилдан бери ушбу қишлоқда истиқомат қилиб келаётганини айтмоқда. У кишининг фарзандлари асосан туман марказидаги мактабларда таълим олган. Рўзибоеванинг айтишича, йиллар давомида ушбу қишлоқ болалари кимнингдир уйи, ошхонасида ўқиб келган. Айни вақтда Сайёра опанинг кенжа қизи шу филиалда таълим олаётган бўлиб, 7-синфда ундан бошқа ўқувчи йўқ.

Қир-тоғли ҳудудлар бўлгани сабабли қишнинг совуқ кунларида ёш болалар турли қийинчиликларга учрайди.

Бахтиёр Диёров бу филиалнинг ҳолатидан ҳамма хабардорлигини айтади. Ҳатто вилоят кенгаши депутати ҳам келиб кетганди, дейди у. Бахтиёр аканинг деярли ҳамма фарзандлари мана шу шароитда, филиал дейилаётган бинода таълим олибди.

“Набирам, мана, 1-синфга боряпти. Мен унинг бир ўзини 6 километрга олисга жўнатолмайман-ку. Аммо синфда бир ўзи ўқияпти”, – дейди у.

 

Қишлоқ 1985 йилда ташкил топган экан. Қурби етган боласини мактабга ўзи олиб боряпти, кимдир қўлига пул беряпти. Аммо қишлоқда филиал ташкил қилинса, ҳамма фарзандини шу ерда ўқитиши мумкинлиги айтилди.

Назира Диёрова ҳам фарзандларини юқори синф бўлгунча шу филиалда ўқишини лозим топаркан. “5-6-синфга ўтгач, асосий мактабга жўнатамиз. Ҳар куни қўлига пул бериш оғирлик қиляпти, аммо иложимиз йўқ. Фарзандларимиз яхши таълим олиши, ўқимишли бўлишини истаймиз. Бу филиалда дарс бераётган ўқитувчиларни умуман айбламоқчи эмасмиз, аммо шароит шунақа бўлса, улар ҳам нима қилсин”, дейди Назира опа.

Бино ичкарисини кўздан кечирдик. Икки хона, бирининг поли бор, бири шундоқ тупроқ ер. Чанг кўтарилмаслиги учун сув сепиб қўйилган. Эрта-индин қор-ёмғирли кунларда хонанинг аҳволи қандай бўлишини тасаввур қилиш унчалик қийин эмас. Соатлаб бу хоналарда ўтирган ўқувчининг жиддий хасталикни орттириб олмаслигига эса ҳеч ким кафолат беролмайди.

Нари борса, ўнта парта ва шунга яраша стуллар берилган экан. Электр энергиясининг монтажи ҳам ҳавас қиларли эмас.

Бу каби филиалларни ёптириб юборишдан осони йўқ. Қоидага кўра, уч километр масофага бориб таълим олиш мумкин, деган важ топиш ундан ҳам қулай. Аммо бир ҳақиқат бор, қишлоқ болалари икки қатламга бўлиниб қолган. Ҳамма ҳам боласини бетоб бўлмаслиги, замон талабига жавоб берадиган мактабда тарбияланишини истайди. Масала шундаки, асосий мактабга ҳамманинг ҳам боласи боролмаяпти. Бошланғич синф ўқувчиларининг мустақил тарзда 5-6 ёки ундан ортиқ километрга бориб келиши ҳам осон эмас, албатта.

Биз Бойсун туман халқ таълими бўлими мудири Баҳриддин Соҳибов билан телефон орқали боғландик. Соҳибов бу филиалдаги ҳолатдан яхши хабардорлигини маълум қилди. Айни вақтда бу ерда замонавий мактаб филиалини қуриш ўзини қопламас экан. Чунки ўқувчи қамрови етарли эмас.

ХТБ мудирига кўра, қишлоқ ўқувчилари нисбатан ҳудудга яқин бўлган 54-умумтаълим мактабининг коэффициенти 1,5 фоизга чиққани сабабли, 21-умумтаълим мактабига боришга мажбур бўлаётган экан. 21-мактабга боргунча ҳақиқатан ҳам 15-16 км масофа юрилиши керак. Ҳозирча ечим сифатида транспорт ташкил қилиш лозим, деди у.

Соҳибовнинг айтишича, транспорт масаласида вилоятга маълум қилинган ва “Дамас” автомашинаси ажратилиши кўзда тутилган. Аммо ҳали бу таклиф ечимини топгани йўқ. Агар автомашина ажратилса, нафақат 21, балки 12-мактабнинг филиалида таълим олаётган болаларни ҳам асосий мактабга олиб бориш мумкин бўлади.

ХТБ мудири Баланди қишлоғидаги хароба филиалда ўқиётган ўқувчиларни 61-умумтаълим мактабига қатновини ташкил қилиш таклифини билдирмоқда.

Бизнингча, аввало ушбу ҳудуд аҳолиси, мактаб ёшидаги ўқувчилар ҳақида тўлиқ маълумот олиниши керак. Агар ҳақиқатан ҳам қайсидир мактабнинг филиалини қуриш ўзини оқламаслигига ишонч ҳосил қилинса, транспорт қатновини йўлга қўйиш лозим бўлади. Аммо бир ҳолат кишини ташвишлантиради, баландилик болаларнинг қандай аҳволда таълим олаётганини вилоят катталари, тизим масъуллари аллақачон билиб бўлишган. Аммо бир неча ўн йиллар ўтиб кетяптики, филиал қуриш ёки транспорт қатнови билан боғлиқ масалага ҳалигача ечим топилмаган.

Умид қиламизки, бугун таълим олаётган болалар эртага улғайиб, ота-оналарининг ёшига етганда, ҳозирги муаммолар ҳақида гапиришмайди.

Дарвоқе, бу масканда таълим-тарбия олаётган болаларнинг бугун том маънода билим олаётганига ишониш камида ўзини алдашдан бошқа нарса эмас.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид