Иқтисодиёт | 14:57 / 02.06.2026
2222
5 дақиқада ўқилади

Депутатлар ТХММ ва Enterprise Uzbekistan тўғрисидаги қонунларни қабул қилди

Қонунчилик палатаси Англия ва Уэлс ҳуқуқи амал қиладиган Тошкент халқаро молия маркази ҳамда Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисидаги конституциявий қонунларни қабул қилди. Алоҳида ҳудудларда махсус ҳуқуқий режим ўрнатиш учун Ўзбекистон Конституциясига ҳам ўзгартишлар киритилмоқда.

Фото: Shutterstock

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2 июн кунги ялпи мажлисида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги ҳамда “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонунлар лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборилди.

Конституцияга ўзгартишлар

“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Конституциянинг 15-моддасига киритилаётган қўшимчага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона ҳуқуқий макон сақланган ҳолда, алоҳида ҳудудларда қонун асосида махсус ҳуқуқий режим ўрнатиш имконияти белгиланмоқда.

Бош қомуснинг 131-моддасига киритилаётган қўшимча билан эса, махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган ҳудудларда ихтисослашган судлар ташкил этилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Конституциядаги 134-моддага киритилаётган ўзгартириш билан, айрим махсус ҳолатларда суд юрисдиксияси ва суд ишларини юритиш тартиби қонун билан алоҳида белгиланиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.

Тошкент халқаро молия маркази

Конституциявий қонун лойиҳасида Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақоми, фаолият тамойиллари, бошқарув тизими, ваколатлари ва марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим белгиланган.

Жумладан, марказ ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, мазкур конституциявий қонунга ва молия марказининг қарорларига зид бўлмаган ҳолда Англия ва Уэлс ҳуқуқининг принциплари, қонунчилиги ва суд прецедентлари амал қилишига оид қоидалар ўз аксини топган.

Мажлисда дунёнинг етакчи молия марказлари – Дубай халқаро молия маркази (DIFC), Остона халқаро молия маркази (AIFC) ва Сингапур тажрибаси атрофлича ўрганилгани таъкидланиб, қонун лойиҳаси билан Тошкент халқаро молия марказининг институционал тузилмаси белгиланаётгани қайд этилди.

Қонун лойиҳасида Тошкент халқаро молия маркази маъмурияти, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат судининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда. Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси лицензиялаш, назорат қилиш ва таъсир чораларини қўллаш ваколатига эга бўлади. Тошкент халқаро тижорат суди эса марказ иштирокчилари ўртасидаги низоларни мустақил равишда кўриб чиқади.

Лойиҳада марказ иштирокчилари ва уларнинг ходимларига хорижий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш, чет эллик мутахассисларни ишга қабул қилиш, 5 йилгача амал қиладиган махсус визалар олиш ҳуқуқи берилиши ҳам назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, марказ ҳудудида солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилиши белгиланган.

“Enterprise Uzbekistan” халқаро IT-маркази

“Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси билан, марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимни яратиш, хусусан, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва тадбиркорлик тартиб-таомилларини соддалаштириш, тижорат операцияларини тартибга солишда халқаро стандартларни қўллаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, мослашувчан солиқ ва божхона режимини жорий этиш, жумладан 2100 йилгача айрим фаолият турлари бўйича солиқлардан озод қилиш, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни олиб киришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш таклиф этиляпти.

Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига асосланган махсус қонунчилик билан бирга Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқининг элементларига ҳамда етакчи халқаро молия марказларининг стандартларига асосланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Қонун лойиҳасида Марказ иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш механизмлари: рўйхатга олиш ва бошқариш учун ягона дарча ташкил этиш, интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини жорий этиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бир қатор аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳудудида ахборот хавфсизлигини янада кучайтириш мақсадида булутли технологиялардан фойдаланишда маълумотларнинг хавфсизлиги, яхлитлиги, муҳофазаси, ишончлилиги, шунингдек маълумотларни қайта ишлаш ҳамда улардан фойдаланиш имконияти таъминланиши зарурияти назарда тутилмоқда.

Ҳар иккала қонун лойиҳаси қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид