«Энг яхши мактаб – уйингизга энг яқин мактаб» – Angry Birds асосчиси Финландия таълимининг устунликларини санади
«Агар финландиялик одамлардан қайси мактаб энг яхшиси деб сўралса, улар «Энг яхши мактаб – уйингизга энг яқин мактаб», деб жавоб беришади. Бунинг учун бизда ҳар бир мактабда яхши ўқитувчилари бўлишига комплекс ёндашилади», деди Angry Birds ўйинлари муаллифи Питер Вестербака ўзбекистонлик таълим мутахассислари билан онлайн учрашувда.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мутасадди вазирликлар билан ҳамкорликда Финландия тажрибасини ўрганиш масалаларига бағишланган онлайн учрашув ўтказилди.
Учрашувда иштирок этган Финландиянинг «Rovio» компанияси директори, Angry Birds ўйинлари муаллифи Питер Вестербака фин таълим тизими муваффақияти ҳақида фикрларини билдирди.
«Ўтган йили феврал ойида Ўзбекистонга борган вақтимда мендан «Финландиянинг энг муҳим ресурси нима?», деб сўрашганда «Бизнинг энг муҳим ва асосий ресурсимиз 5,5 миллион аҳолимиз», деб жавоб берганман. Ҳар бир мамлакатда шундай бўлиши керак деб ҳисоблайман. Финландияда табиий ресурслар жуда кам. Бизнинг озгина ўрмонимиз бор, холос.
Таълим масаласига тўхталадиган бўлсак, фақатгина маълум тоифадагиларга эмас, барчага юқори сифатли таълим хизматларини тақдим этишимиз жуда муҳим. Бунга Финландия ва умуман Скандинавия давлатлари яхши мисол», деди Питер Вестербака.
Angry Birds ўйинлари муаллифининг таъкидлашича, таълим мамлакатнинг ривожланиши ва аҳоли фаровонлиги учун асосий омил ҳисобланади: «Хорижий давлатларга сафарларимда кўпинча «Финландияда энг яхши мактаб қайси деб?», сўрашади. Финларга бу саволни берсангиз, улар «Энг яхши мактаб – уйингизга энг яқин мактаб», деб жавоб беришади. Ахир бизда ҳар бир мактабнинг яхши ўқитувчилари бўлишига комплекс ёндашилади.
Мен буни жуда муҳим факт деб ҳисоблайман. Финландия таълим тизими муваффақияти сабабларидан бири ҳам шу бўлса керак. Сўнгги 3 йилда айнан Финландия турли сўровномаларга кўра дунёдаги энг бахтли мамлакат сифатида рейтингда етакчи ўринларни эгаллаб келаётгани ҳам бежиз эмас. Айнан таълим бахтли ҳаёт учун пойдевор вазифасини бажаради», деди Angry Birds стратегик ўйини асосчиси онлайн учрашувда.
Питер Вестербака бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим эканини, болалар мактабларда келажак касбларини эгаллашга тайёр бўлиб улғайишига ҳам урғу берди.
«Дастлаб 2000 йилда PISA тадқиқотларида энг яхши натижа кўрсатганимиз биз учун кутилмаган ҳодиса бўлган. Шундан сўнг биз ушбу рейтингда юқори ўрин олган бошқа давлатлар тажрибаларини ўргандик. Шу жумладан, тадқиқотда юқори натижа кўрсатган Осиё давлатлари мактаблари билан мактабларимизни солиштирганда, уларда бошқача ёндашувлар мавжудлигини, Сингапур ва Кореяда болалар эрталаб вақтли мактабга кетиб кеч қайтишини кўрдик. Бизда болалар мактабда унчалик кўп вақт ўтказишмайди. Уларнинг ўйнашга ёки бошқа ишлар билан шуғулланишга ҳам вақтлари етарли. Таълимга кам вақт сарфлаб юқори натижа олиш жуда муҳим.
Ишлаб чиқариш ёки инновацион йўналишда ишлаймизми дунё ҳар қачонгидан кўра тез ўзгариб бораётганини яхши тушунамиз. Биз эртага қандай иш ўринлари бўлишини, нималар керак бўлишини билмаймиз. Лекин бир нарсани аниқ биламиз: ёшларимизни келгусида ҳар қандай масалани ечишга, уларга таклиф қилинадиган барча имкониятлардан фойдаланишга тайёр қилиб тайёрлашимиз, ўқитишимиз лозим», деб Питер Вестербаканинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг қўшимча қилишича, ўзбекистонлик мутахассисларнинг фин таълим тизими тажрибаларини ўрганишга киришгани ижобий ҳолат деб баҳоланмоқда.
Мавзуга оид
12:11 / 03.01.2025
Fingrid фин оператори Eagle S нефт танкерини мусодара қилишни сўради
15:44 / 31.12.2024
Traficom фин агентлиги Eagle S танкерини текширмоқчи
20:30 / 28.12.2024
Ҳелсинкида кузатувлар тарихидаги энг кучли зилзила содир бўлди
16:39 / 28.12.2024