Йўлдош бобонинг дўкони қарорсиз бузилганмиди? Ёхуд ҳокимликнинг «қош-қовоғига қарамаган» адлия бўлими
Очиғи, қайсидир давлат ташкилоти ўзи ташаббус кўрсатиб, фуқаро манфаатларини ҳимоя қилишига, ҳокимликдан ҳақини ажратиб беришига ҳозирча кўникканимиз йўқ. Аммо бу одатий ҳолга айлансагина биз олдинга қадам ташлаган бўламиз.
Масалан, яқинда Kun.uz сайтига Каттақўрғон шаҳридан Йўлдош Бобоев мурожаат қилди. Унинг айтишича, 2013 йилда номида бўлган иккита савдо дўкони ҳамда битта дорихонаси шаҳар ҳокимлиги томонидан бузилган. Аммо компенсация пулини ҳадеганда ололмагач, 2019 йилга келиб шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилган. Фуқаронинг ундан кейинги манфаатлари учун Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимидагилар курашган. Шу ўринда эътироф этиш жоизки, айрим маҳаллий адлия бўлимлари ҳокимликларнинг «қош-қовоғига қарамай» ҳаракат қилаётгани қувонарли.
2019 йилнинг 16 октябрида Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими фуқаро Й.Бобоевнинг қонуний манфаатларини кўзлаб шаҳар ҳокимлигига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига мурожаат қилади. Буни қарангки, туман суди ҳам адлия бўлимининг даъво аризасини қаноатлантириб, фуқаро фойдасига шаҳар ҳокимлигидан 35 732 635 сўм етказилган зарарни ундиришни кўзда тутувчи қарор қабул қилади.
Аммо шаҳар ҳокимлиги бу сафар ҳам товон пулини тўлаб беришни истамайди. Масала шу тариқа фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига қадар етиб келади.
Биз Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Анвар Шодиев билан суҳбатлашиб, Й.Бобоев масаласида изоҳ олдик.

«Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 3 декабрдаги ҳал қилув қарорида айрим масалаларга эътибор қаратилмагани учун вилоят судига кассация тартибида эътирознома киритдик. Жумладан, «савдо дўконлари шаҳар ҳокимлигининг қарори билан бузилган», дейилган. Ваҳоланки, бундай қарорнинг ўзи йўқ (!). Қолаверса, дўконларнинг нархланишида ҳам номутаносиблик мавжуд. Шундай бўлишига қарамай, ҳокимлик томонидан Й.Бобоевга дўкони ўрнига ер ажратиб берилган. Фуқаронинг бу билан қаноат қилмасдан, яна товон пули талаб қилаётганини ўринсиз деб ҳисоблаймиз»,– дея вазиятни изоҳлади А.Шодиев.
Ҳуқуқшуноснинг масалага ёндашиши иккита саволни юзага чиқаради.
Биринчидан, шаҳар ҳокимлигининг дўконни бузиш тўғрисидаги қарори бўлмаса, Йўлдош бобонинг дўконини ким ва нима сабабдан бузган? Қарор йўқ экан, унда ҳокимлик нега дўкон ўрнига яна ер ажратиб бериши керак? Англашиладики, ҳокимлик ўзига ўзи қарши бормоқда.
Чунки, ҳокимлик ҳузуридаги уй-жой архитектура шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича доимий ишловчи комиссия Й.Бобоевга уч кун ичида дўконни бузишини сўраб 2013 йилнинг 20 ноябрь куни №3/31 ва 3/22-сонли огоҳлантириш хатлари юборган.
Фуқаро манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётган шаҳар адлия бўлими раҳбари Алишер Маматов билан ҳам суҳбатлашдик.

«Ер кодексида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқлари бузилиши натижасида етказилган зарар тўла ҳажмда қопланиши кераклиги кўрсатилган. Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида ер участкаларини олиб қўйиш фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши кўзда тутилган», – деди А.Маматов.

Ҳокимликнинг шикоятига асосан жорий йил 30 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди Й.Бобоевнинг узоқ чўзилган компенсация масаласидаги ишни қайта кўриб чиқди. Унга кўра, Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимининг Йўлдош Бобоев манфаатини кўзлаб киритган даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 3 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, ҳокимликнинг шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Ўз навбатида ҳокимлик компенсация тўлаб берадиган бўлди. Бироқ суд қарори қонуний кучга кирганига мана қарийб бир ой тўлган бўлсада Бобоевга компенсация пуллари тўлаб берилмаган.
Хуллас, ҳокимлик экан, деб қараб ўтирмаган адлия органи қонун билан белгилаб қўйилган ваколатлари доирасида тўғри ҳаракат қилиб, ўз вазифасини бажарди. Энди навбат Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросининг Каттақўрғон шаҳар бўлимига...
Бу идора ҳам фуқаронинг ҳуқуқларини таъминлашда адлия бўлими тутган йўлдан борадими ёки йўқ, буни кузатишда давом этамиз.
Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид

13:21 / 16.12.2024
Тошкент аэропорти ҳудудидан фуқарога дўкон очишда ёрдам ваъда қилган шахс ушланди

07:50 / 11.09.2024
426 млн сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланган савдо дўкони аниқланди

10:27 / 08.07.2024
“Қани СЭС, қани Солиқ?” – Шавкат Умрзоқов пойтахт дўконларидан бирида “рейд” ўтказди

12:16 / 06.06.2024