Жамият | 12:16 / 06.06.2024
3202
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда эрига жаҳл қилиб боласини азоблаган аёлга жиноят иши қўзғатилди

Аёл чет элда юрган эри билан жанжаллашган ва унга жаҳл қилиб боласини қийнаган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида яшовчи аёл чет элда бўлган эрига жаҳл қилиб боласини азоблаган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаев хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Каттақўрғон шаҳар Нурафшон маҳалласида яшовчи 1992 йилда туғилган аёл Ф.М. айни дамда чет элда бўлган эри билан ўзаро келишмовчиликка борган.

Сўнг эрига жаҳл қилиб, вояга етмаган фарзандига нисбатан жисмоний куч ишлатган. Уни қийнаб, азоблаган. Ҳолат юзасидан ИИБ ходимлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилган. Ҳозирда боланинг соғлиги ва аҳволи яхши, мутахассислар назоратига олинган.

Қайд этилишича, вояга етмаган фарзандига нисбатан жисмоний куч ишлатиб қийнаган аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми “а” банди ҳамда 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундай ҳодиса Каттақўрғон туманида аввал ҳам юз берган. 2023 йилда туманнинг Андоқсой қишлоғида яшовчи аёл Россияда бўлган эри билан жанжаллашган. Сўнг боласини азоблаб видеога олган ва эрига юборганди.

Мавзуга оид