Ўзбекистон | 11:12 / 27.08.2024
3557
25 дақиқада ўқилади

Сайловларга тайёргарликни 2020 йилдаёқ бошлаганмиз – Актам Ҳайитов

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раиси Актам Ҳайитов сайловда ғалаба қозонишни мақсад қилмаган партия фаолиятида кескин бурилиш бўлмаслигини, шу сабабли сайловларга тайёргарлик 2020 йилдаёқ бошланганини маълум қилди. Шунингдек, партия илк маротаба аралаш сайлов тизими асосида ўтказиладиган сайловларда ҳам фаол бўлиб, муваффақиятли қатнашишни режа қилган.

Фото: Ўзбекистон Либерал-демократик партияси

2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловлари бўлиб ўтади. МСК сайлов компанияси 2024 йил 26 июлидан бошланишини эълон қилган. Kun.uz мухбири Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов билан партиянинг сайловолди дастури ва режалари ҳақида суҳбатлашди.

Ассалому алайкум, Актам Аҳмадович. Барчамиз шу кунларда давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Суҳбатимиз аввалида Сизга шундай савол билан мурожаат қилишни истар эдим: хўш, мустақиллик бизга нима берди?

– Ваалайкум ассалом. Аввало, имкониятдан фойдаланиб, юртдошларимизни ҳаммамиз учун қадрли бўлган кун – мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрами билан партиямизнинг бир ярим миллиондан зиёд аъзолари номидан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман. Жонажон Ватанимиз нуфузи жаҳон майдонида юксалаверсин.

Энди бевосита саволингизга қайтадиган бўлсак, мустақиллик ўзлигимизни, эркинлигимизни, халқчил ва демократик тамойилларга асосланган миллий давлатчилигимизни, эркин фуқаролик жамиятини берди. Иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда мислсиз муваффақиятлар қўлга киритилди. Айниқса, 2017 йилга келиб барча соҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар шиддатли тус олди.

Энг асосийси, инсон ва унинг қадри юксалди. Барча ислоҳотлар марказида инсон қадрини улуғлаш қўйилди. “Инсон-жамият-давлат” ёндашуви Конституциямиз мазмун-моҳиятига чуқур сингдирилди. У ҳаётимизнинг бош қадриятига айланди.

Бундан етти йил олдин дунё ҳамжамияти ўзи учун Ўзбекистонни қайтадан кашф этди. Юксак сиёсий ирода туфайли Ўзбекистон дунёга, дунё Ўзбекистонга очилди. Айниқса, минтақа давлатлари билан ўзаро муносабатлардаги совуқчиликларга тўла барҳам берилди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш кучайди. Умуман олганда, минтақанинг юрагида жойлашган мамлакат – Ўзбекистон ўзгарди, қўшнилар, қолаверса, дунё ҳамжамияти билан очиқ сиёсат юритиш устуворлик касб этди.

Аҳоли ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга муносабат ўзгарди. Жамиятда уларнинг обрўси ва мавқеи кун сайин ортиб бораяпти. Чунки мулк ва мулкдорлар, хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун йўли билан ҳимоя қилиниши янада такомиллашди.

Ана шулардан келиб чиқиб, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар Янги Ўзбекистонда реал воқеликка айланди. Президентимиз яқинда Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган тадбиркорлар билан мулоқотда бизнес аҳлини Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари, деб атади. Бундай юксак ишонч, самимият партиямиз электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонларни беҳад илҳомлантириб юборди. Умуман олганда, мамлакатимиздаги ортга қайтмайдиган ва муқаррар тус олган бугунги халқчил демократик жараёнлар мустақиллик берган энг катта неъмат, десак муболаға бўлмайди.

Энди асосий мавзуга ўтсак. Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтиши кутилаётган бу йилги сайловга ЎзЛиДеП тайёрми?

– Партиямиз одатда бир сайлов тугаши билан кейингисига тайёргарлик бошлашни одат қилган. Шуни алоҳида айтиш керакки, сайловда ғалаба қозонишни мақсад қилмаган партия фаолиятида кескин бурилиш бўлмайди. Шу боис биз тайёргарликни 2020 йилдаёқ бошлаган эдик, жорий йилга қадар қатор ижобий натижаларга эришишга ҳам улгурдик.

Беш йил аввал партиямиз аъзолари сони 745 минг нафар эди. Бугунги кунда эса 1 миллион 600 мингдан ошди. Табиийки, аъзолар сони ўз-ўзидан кўпайиб қолмайди. Бунинг учун партия томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар, турли лойиҳалар, умуман, ҳар бир иш халқ манфаати учун хизмат қилиши керак. Ғоялардаги эзгуликни одамлар эътироф этиши, унинг амалга ошишига ишониши лозим. ЎзЛиДеП тарафдорлари сезиларли равишда ошдими, демак, қилган ишларимиз озми-кўпми халққа манзур бўлган.

Бу йилги сайловлар янгича конституциявий-ҳуқуқий муҳитда, парламент ва маҳаллий Кенгашлар ваколатлари кенгайтирилган ҳамда кучайтирилган шароитда ўтказилмоқда. Ҳеч кимга сир эмаски, замонавий партия замонавий менежмент усулларисиз сиёсий рақобат майдонида муваффақиятга эриша олмайди. Шу маънода, партия таркибий тузилишини ҳам бугунги ислоҳотлар шиддатига, бўлажак сайловга мос тарзда қайта кўриб чиққанимиз ҳам бежиз эмас. Сайловга дахлдор ташкилий-маъмурий, ҳуқуқий ва бошқа вазифаларни амалга ошириш учун тегишли комиссиялар, ишчи гуруҳлар тузилди. Улар айни пайтда қизғин фаолият олиб бормоқда.

Шу кунларда сайловда иштирок этиш учун сайловчилар имзоларини тўплаш жараёнини якунига етказдик. Барча ҳудудларда, шунингдек, аҳоли гавжум жойларда имзо йиғиш пунктлари фаолияти ташкил этилди. Натижада жуда тез фурсатда фаолларимиз томонидан 42 мингга яқин имзо йиғилди ва Марказий сайлов комиссиясига топширилди. 21 август куни партиямизнинг сайловда иштирок этишига ижозат берилди.

ЎзЛиДеПнинг кейинги қадами, биринчи навбатда, сайловолди дастуримизни электоратимизни фаол иштирокида пухта шакллантиришдан иборат бўлади. Унда белгиланган мақсад ва ғояларни сайловчиларга таъсирчан усуллар орқали етказиш, тарғибот тадбирларини самарали йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Иккинчидан, 15 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилотларининг умумий йиғилишлари, туман, шаҳар, вилоят конференцияларини кўтаринки руҳда ташкил этилиб, уларда маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзодларимиз танланиб, тасдиқлаб олинади.

Учинчидан, ЎзЛиДеПнинг энг юқори органи бўлган партия Конгрессини ўтказиш зиммамиздаги энг масъулиятли вазифадир. Масъулиятли деганимнинг боиси айнан шу катта тадбирда партиямиздан Қонунчилик палатасига кўрсатиладиган депутатликка номзодлар эълон қилинади. Конгрессда, шунингдек, делегатларимиз иштирокида Сайловолди дастуримизни муҳокамага қўйиб, тасдиқлаб оламиз. Умуман олганда, бу жараёнларга жамоамиз билан пухта тайёргарлик кўраяпмиз.

– Янгиланган Конституция мазмун-моҳияти ва унинг бугунги ҳаётимизда тутган беқиёс ўрни ҳамда аҳамияти хусусида олдинги интервьюларингизда ҳам ўз мулоҳазаларингизни билдиргансиз. Шунинг учун суҳбатимизни янги сайлов тизими мавзусида давом эттирсак.

– Жорий йили мамлакатимиз парламентига сайловлар илк маротаба аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши кўзда тутилган. Жаҳон тажрибаси ҳам шундан далолат берадики, аралаш сайлов тизимида муваффақиятга эришиш учун партия мослашувчан, кўп қиррали ва стратегик ёндошувни қўллаши керак. Бу тизим партиядан ҳар жабҳада фаол бўлмоқни талаб қилади ва унинг сиёсий маҳоратини синовдан ўтказади.

Аввало шуни айтиш керакки, аралаш сайлов тизимида фикрлар, ҳаётий ғоя ва дастурлар ўртасида рақобат кучаяди. Шундай экан, биринчи навбатда ишлаб чиқаётган дастурларимиз, турли лойиҳаларимизда янада ҳаётий ғоялар акс этишига урғу беришимиз керак. Яъни аҳоли учун тушунарли ва долзарб бўлган дастурлар яратишга эътибор қаратишимиз зарур.

Иккинчидан, партия имиджини ошириш бўйича қилаётган ишларимизни мутлақо янги босқичга олиб чиқишимиз лозим. Ҳозирнинг ўзида халқаро тажрибани ўрганиб, жиддий, ноанъанавий усуллардан фойдаланишни бошладик.

Учинчидан, партиянинг медиа-ахборот соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришимиз лозим. Зеро, бизнинг ғояларимиз айнан шу тизим орқали халққа етиб боради. Шунинг учун медиа ҳамжамияти билан ишлашга профессионал даражада ёндошамиз.

Тўртинчидан, партия номзодларининг сифати, ўз дастурларини аниқ баён эта олиши, уларнинг аҳоли ўртасидаги обрўси ҳам муҳим ҳисобланади. ЎзЛиДеП ушбу масалага жиддий эътибор қаратади.

Юқоридагиларнинг барчаси бугунги вазиятни тўла ҳис қилган ҳолда сайловларда партиямизнинг фаол иштирокини таъминлашнинг ўзига хос йўлидир.

Ўтган йиллар давомида ЎзЛиДеП мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида қандай муҳим ташаббус ва ислоҳотларни илгари сурди? Уларнинг натижалари реал ҳаётда қандай акс этмоқда?

– Ортда қолган 5 йиллик фаолиятимизни сарҳисоб қилганда муваффақиятларни рақобатчилар ҳам инкор этиши мушкул. Жумладан, ўтган сайловолди дастуримиз 5 та йўналишни қамраб олган ва унда 233 та банд ўз аксини топган эди. Таҳлилларга кўра, беш йил давомида шундан 220 та банд ижроси тўлиқ бажарилди. 13 та банд эса давомий бўлиб, уларнинг келгуси йилларда ҳам бажарилиши режалаштирилган.

Партиянинг сайловолди дастуридаги мақсад ва ғоялар 15 та янги қонун, 17 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 73 та фармони ва 107 та қарорида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 43 та қарорида ўз аксини топди.

ЎзЛиДеПнинг энг муҳим натижаларидан бири 2023 йил 30 апрель куни янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ташаббускори сифатида сиёсий майдонга чиққанидир. Конституциядаги янги нормалар “инсон – жамият – давлат” концепциясига қатъий амал қилинган ҳолда тайёрланди. Янги таҳрирдаги Конституция бўйича кенг жамоатчилик ва аҳолининг фикр ва таклифларини ўрганиш жараёнида партиямиз халқ билан ҳамнафас бўлди. Уларнинг ўй-фикрлари, дардига ошно бўлди.

Партиямиз тадбиркорлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳам қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Шуларнинг энг муҳими, барча тадбиркорларга “яхши таниш” бўлган Солиқ кодексининг 2271-моддаси билан боғлиқ.

Айтишим керакки, Солиқ кодексининг мазкур моддасида белгиланган молиявий жарима миқдори тадбиркорларимиз ҳафсаласини пир қилган эди. Жариманинг ҳаддан ташқари юқори эканлиги уларнинг эътирозларига сабаб бўлганди. Шундан сўнг партия ташаббуси билан мазкур модда қайта кўриб чиқилди. Тадбиркорлар билан ўтказилган муҳокамалардан сўнг Солиқ кодексининг ушбу моддасида кўзда тутилган жарима миқдори ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 100 фоизидан 2 фоизга туширилди.

Партия ўзининг биргина ана шу ташаббуси билан банкротлик ёқасига келиб қолган ўн минглаб тадбиркорларнинг жонига оро кирди.

Бир вақтнинг ўзида сиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбарисиз. Айтинг-чи, фракциянинг 5 йиллик фаолиятидан қониқдингизми? Шу вақт ичида фракция аъзолари томонидан қандай қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди?

– Ўтган давр мобайнида партия депутатларининг бевосита ташаббуси билан электоратимиз манфаати акс этган 17 та ҳамда бошқа фракция аъзолари билан ҳамкорликда 24 та қонун лойиҳаси устида иш олиб борилгани ҳолда уларнинг қабул қилинишига эришилди. Масалан, деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, давлат ҳокимияти органлари ва ННТларнинг шахсий томорқа хўжаликлари соҳасидаги вазифалари ва иштирокини очиб беришга қаратилган “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги, шунингдек, мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи қатор қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, партия аввалги сайловолди дастурида Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқишни белгиланган эди. Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ва Сенат томонидан маъқулланди.

Бундан ташқари, ўтган даврда фракциямиз томонидан 29 маротаба Парламент назорати, 12 маротаба “Ҳукумат соати”, 6 марта “Парламент эшитуви” ўтказилгани баробарида 11 марта тегишли вазирлик ва идораларга “Парламент сўрови”, 730 та депутатлик сўровлари юборилган.

Масалан, Бош прокуратурага Тошкент вилояти Янгийўл туманида маҳаллий давлат ҳокимияти масъуллари томонидан ўтказилаётган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, кафе ва ошхоналар фаолиятини оммавий рейд текширувларига ҳуқуқий баҳо бериш, Вазирлар Маҳкамасига уйларнинг ертўласида фаолият олиб бораётган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари учун белгиланган чекловларни бекор қилиш юзасидан юборилган депутатлик сўровлари ижобий ечим топганини келтириш мумкин.

Партия электоратини ташвишга солаётган турли адолатсизликлар учраб туради. Бундай вазиятлар қай усулда ўрганиб борилади ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда партия қандай йўл тутмоқда?

– Ҳар қандай муаммо қисқа фурсатда ижтимоий тармоқларда шов-шувга айланаётган замонда яшаяпмиз. Шундан келиб чиққан ҳолда биз ижтимоий тармоқларни доимий равишда мониторинг қилиб борамиз, шу орқали мураккаб вазиятга тушган электорат вакилларига кўмак беришга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, партиямизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича алоҳида бўлим фаолият олиб боради. Хусусан, тадбиркор, фермер ва мулк эгаларига нисбатан мансабдор шахслар томонидан қилинаётган ноҳақликларни билсак, унга тезкорликда муносабат билдирамиз.

Мисол учун ўтган ойда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Реновация дастури бўйича қарори кўп эътирозларга сабаб бўлди. Биз бу борада биринчилардан бўлиб ўз муносабатимизни билдирдик. ЎзЛиДеП реновация дастурлари фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган якка тартибдаги турар жойлар ҳамда нотурар жойлар дахлсизлигига раҳна солмаслиги шарт, деб ҳисоблайди. Партиямиз бу борада шошма-шошарликка йўл қўймасдан тегишли қонун қабул қилингандан сўнг амалий ишлар қилиш кераклигини қатъий таъкидлаган. Партия ўзининг янги Сайловолди дастурига реновация тўғрисида ишлаб чиқилаётган қонунда уй-жой мулкдорлари, тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари мутлақ кафолатланиши бўйича муҳим вазифаларни киритган.

Қолаверса, ўтган йили жиззахлик тадбиркор Қашқадарёдан 60 тонна чигитни олиб чиқишда таъқиққа учраганида унга амалий ёрдам кўрсатдик. Бу мавжуд қонунчиликка мутлақо зид ҳаракатдир. Зеро, партиямиз томонидан Конституциявий ислоҳотлар ташаббускори сифатида асосий қонунимизга “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши” бўйича тегишли норма киритилган. Бош прокуратура ва вилоят ҳокимлигига юборилган тезкор депутатлик сўровлари натижасида тадбиркорнинг ҳақ-ҳуқуқлари ўз вақтида тикланди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Партиянинг қуйи тузилмалари фаолияти қанчалик яхши йўлга қўйилган бўлса унинг ғоя ва мақсадлари ҳам халқ орасига шунчалик яхши сингади, шундай эмасми?

– Албатта, энг аввало, қуйи бўғинлар фаолияти орқали бизнинг ғоя ва лойиҳаларимиз халқ орасига кириб боради. Ўтган вақт мобайнида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз ҳам фаол иш юритди. Улар томонидан ҳудудий ижро органлари раҳбарларига юборилган 53 мингдан зиёд депутатлик сўровининг 81 фоизи ижобий ҳал бўлган. Шунингдек, депутатлик гуруҳлари томонидан ўтказилган йиғилишларда деярли 10 минг маротаба ҳудудий ижро органлари раҳбарларининг ахборотлари тингланган.

Сирдарё ва Тошкент вилоятларида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, Жиззахда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигига эришиш, Тошкент шаҳрида транспорт тизимини яхшилаш, умуман олганда, барча ҳудудларда тегишли масалалар доирасида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш натижалари бўйича юқорида қайд этилган ҳудудларда туман ва шаҳарлар кесимида депутатлик гуруҳларида эшитувлар, доимий комиссиялар ва кенгашлар сессияларида таъсирчан ва танқидий муҳокамалар ўтказилди. Жамоатчилик назорати тадбирлари давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, муаммоларни ҳал этиш юзасидан чоралар кўрилди.

Партиянинг Ёшлар ва Аёллар қаноти томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.

– Бугунги кунда партиямиз умумий аъзоларининг 46 фоизи хотин-қизлар, 50 фоизга яқини ёшлардан иборат бўлиб, аёллар ва ёшлар йўналишида бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови доирасида 2 мингдан ортиқ тадбирларда 16 000 нафардан зиёд хотин-қизлар иштироки қамраб олинди. Танлов тарғиботи давомида 1000 дан ортиқ янги тадбиркор, фермер, ҳунарманд хотин-қизлар кашф қилинди.

“Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида 65 мингга яқин хотин-қиз жалб этилиб, 8 279 нафар хотин-қизга 68,4 млрд сўм кредит ажратилиши бўйича амалий кўмак кўрсатилди. Натижада 10 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Ёшлар йўналишида биргина “Менинг ғоям” лойиҳаси доирасида ўз стартап ва бизнес ғоясига эга 2 000 дан ортиқ ёшларнинг тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлари ташкил этилиб, 700 га яқин истиқболли бизнес ғояларига инвестиция киритилган.

“Ёш инноваторлар ва технологлар” лойиҳаси ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш керак. Чунки ушбу лойиҳа замонавий касблар, технологиялар, дастурлаш, робота-техника, сунъий интеллект, космонавтика, ядро-физика соҳаларига қизиқувчи ёшлар аудиториясини шакллантиришда муҳим ўрин тутди. Бу борада партия ёшлар ва илмий-тадқиқот институтлари, IT парклар ўртасида муҳим кўприк вазифасини ўтади. Мазкур лойиҳа ўз атрофига жами 27 мингдан зиёд ёшларни қамраб олгани билан эътиборга лойиқдир.

Сайловга жуда оз фурсат қолмоқда. Айтинг-чи, бу гал партия ўз олдига қандай муҳим вазифаларни қўймоқда?

– Аввало шуни айтиш керакки, биз Президентимиз Шавкат Мирзиёев партиянинг XI съездида эълон қилган Сайловолди дастури ҳамда «ЎЗБЕКИСТОН – 2030» Стратегиясини тўлиқ амалга ошириш масъулиятини зиммасига олган етакчи сиёсий куч сифатида парламент сайловларига 5 мақсад – 500 вазифани ўз ичига қамраб олган мутлақо янги стратегия билан қатнашамиз.

ЎзЛиДеП сиёсий майдонда “марказ”, “ўнг марказ” позицияда бўлиб, инсон ва унинг қадрини янада юксалтириш учун бор куч ва имкониятларни ишга солади. Биз “Эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришишни асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаганмиз. Биз ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказиш бўйича аниқ чоралар кўрилиши бўйича иш олиб борамиз. Бу мақсадга эришишни эса тадбиркорликни жадал ривожлантиришсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний усулда аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш, лицензиялар сонини икки бараварга қисқартириш, 1000 га яқин бюрократик талабларни бекор қилиш, монопол фаолиятни чеклаш, экспортчи тадбиркорлар учун кредит фоиз ставкаларини камайтириш, фермер ва деҳқонларга имтиёзли кредитларни ажратиш, уларнинг қайтариш муддатларини мавсумийликдан келиб чиққан ҳолда белгилаш, келгуси 5 йилда иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш каби бир қатор ташаббусларни илгари сурамиз.

Партия келгуси беш йиллик якунида юртимиздаги камбағаллик кўламини икки карра камайтиришга эришиш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг маҳаллабай дастурларини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик оммавий тус олишига эришиш ҳамда бу орқали ишсизликнинг паст даражага тушишига эришишга ҳаракат қилади.

Шунингдек, таълимнинг барча босқичларида қамров ва сифат даражасини ошириш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун кредит таътиллари бериш, “Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлсин” деган шиор остида 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилишига алоҳида эътибор қаратамиз.

Ортга назар ташласангиз партия фаолиятида қайси режалаштирган ишлар амалга ошмади?

– Ўтган 5 йиллик фаолиятда жуда катта сиёсий жараёнларда бевосита қатнашдик. Дастуримизда белгиланган кўплаб вазифаларни ҳаётга татбиқ этдик. Лекин айрим муҳим вазифалар ижросига кечикдик. Масалан, кўпчилик яхши биладики, беш йил олдин Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишни мақсад қилган эдик. Лекин бу ваъдамиз орадан 5 йил ўтиб, яъни 2024 йилга келибгина қонун кўринишида қабул қилинди. Агар шуни тўрт йил олдин қила олганимизда бугун ундаги вазифалар аллақачон тадбиркорларга кўмак бераётган бўларди. Шунингдек, сайловолди дастуримизда илгари сурилган Сув кодекси, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун, Бизнес-омбудсман билан ҳамжиҳатликда ишлайдиган Инвестицион омбудсман институтини ташкил этиш каби ташаббусларимизни тўлиқ амалга ошира олмадик. Уларни янги сайловолди дастурига киритиб, ижросини албатта охирига етказамиз.

Бугунги кунда партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда Ҳукумат таркибига кирувчи қайси вазирлик ва идораларнинг фаолиятини қониқарсиз, деб баҳолайсиз?

– Биз ҳукумат идораларининг фаолиятини қониқарсиз, деб ҳисобламаймиз. Зеро, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Лекин электорат манфаатидан келиб чиқиб, баъзи вазирлик ва идораларнинг айрим қарорлари юзасидан ўз мулоҳазаларимни айтиб ўтмасам бўлмайди.

Биринчидан, Солиқ кодексининг 221-моддасига кўра, касса чекини бермаганлик ва терминал орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик учун 5 миллион сўм миқдорида жарима белгиланган. Бунда тадбиркорнинг тоифаси (микро, кичик, ўрта, йирик), сотиб олинган маҳсулотнинг қиймати, кунлик товарооборот ҳажми ҳисобга олинмаган. Масалан, чекка ҳудуддаги кичик савдо дўконига ҳам, катта савдо тармоғига ҳам бир хилда жарима қўлланилмоқда. Солиқ қўмитаси томонидан ушбу масала бўйича бирон-бир таклиф билдирилмади.

Яна бир масала. Солиқ қўмитаси рақамлаштириш баҳонасида бизнесга ортиқча тўсиқ яратган таклифни муҳокамаларсиз жорий қилди. Энди, ҳеч нарса бўлмаганидек “E-aktiv” дастуридан осонгина воз кечилди. Унгача қанча тадбиркорлар қийналди. Нега Қўмита ташаббусни чуқур ўйламасдан илгари суради? Қўмита нотўғрилигини тан олиб, хулоса чиқариши керак.

Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасида эркин бозор муносабатларига ўтилган бўлса-да, ички ишлар органлари ва маҳаллий ҳокимликлар улар фаолиятига аралашишни тўхтатмаётгани дилни бироз хира қилади. Айрим ҳолларда ички ишлар органлари фермерларга ортиқча ҳосилни йиғиб олиш учун техникалардан фойдаланишда ҳам тўсқинлик қилаяпти. Мисол учун, яқинда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида фаолият олиб борувчи фермер хўжалигининг ғалла майдонига ўрим учун тушган комбайн ИИБ ходимлари томонидан ноқонуний равишда олиб кетилган. Ишончимиз комилки, Ички ишлар вазирлиги бундай вазиятларни чуқур ўрганиб, уларга ҳуқуқий баҳо беради.

Учинчидан, 2024 йил 1 июндан тадбиркорлар томонидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш белгиланган лимитдан ортиқ бўлганда тарифнинг 2 баравари миқдорида қўшимча тўлов ундириладиган бўлди.

Аввал ушбу тўлов миқдори тарифнинг 1,15 баравари, табиий газда эса 1,4 баравари миқдорида бўлган. Ушбу ўзгаришлар тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.

Қувонарлиси, бу масала давлатимиз раҳбарининг яқинда тадбиркорлар билан мулоқотида ўз ечимини топди. Мазкур учрашувда давлатимиз раҳбари тадбиркорлик субъектлари учун электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам базавий тариф сақланиб қолишини, агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов фақат 20 фоиз қимматлашишини эълон қилдилар.

Тўртинчидан, Транспорт вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси соҳада кўп ўзгаришлар қилиши зарур. Соҳада рақобат йўқлиги боис, хизмат кўрсатиш сифати паст. Нархлар юқори ва йўловчилар учун шароитлар етарли эмас. Буни хорижий туристлар ва ўзимизни фуқаролар ҳам бир неча бор танқид қилиб чиқишди. Янги йўллар тезда таъмирталаб бўлиб қолмоқда, тирбандликлар муаммоси ҳалигача ўз ечимини топмаган.

Қарши бўлмасангиз, энди суҳбатимиз, қизиқарли бўлиши учун шахсий қизиқишларингизга доир саволларга ўтсак…

– Бемалол.

Агар сиёсатчи бўлмаганингизда, қайси соҳани танлаган бўлар эдингиз?

– Иқтисод фанлари номзодиман. Модомики, педагоглик касби менга яқинроқ, тажрибам ва билимимни ёшларга етказишни фойдали фаолият, деб ҳисоблайман. Бир муддат олий ўқув юртида ўқитувчилик ҳам қилганман. Ҳозир ҳам, қанийди, имкон тополсам, педагоглик фаолиятим билан шуғуллансам деб қўяман.

Юртдошларимизга ўзингиз энг яхши деб билган қайси 3 та китобни ўқишни тавсия қиласиз?

– Авваламбор, Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2030 йилгача ривожлантириш ғоялари мужассам бўлган “Янги Ўзбекистон тараққиёти стратегияси” китобини, қолаверса, “Темур тузуклари”ни, Ли Куан Юнинг “Учинчи дунёдан биринчи дунёга”, Генри Киссинжернинг “Дипломатия”, Гэвин Кеннедининг “Музокара санъати” каби асарларини ўқишни тавсия этаман.

Сизга қарата айтилаётган танқидларга муносабатингиз?

– Танқид ўринли бўлса ҳеч қачон ранжимаганман. Баъзида хурсанд ҳам бўламан. Халқимизда “Ишлаган одам хато қилади”, деган жуда пурмаъно гап бор. Шундай экан, камтарона меҳнатимиз яхшими-ёмонми кимнингдир эътиборини тортаётган экан, бундан фақат ва фақат қувониш керак.

– Суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур.

– Арзимайди. Аслида кўнглимиздагини бошқаларга етказишга ёрдам бераётган сиз, журналистларга катта раҳмат!

Гулмира Ҳусанова суҳбатлашди

Мавзуга оид