2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловлари бўлиб ўтади. МСК сайлов компанияси 2024 йил 26 июлидан бошланишини эълон қилган. Kun.uz мухбири Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов билан партиянинг сайловолди дастури ва режалари ҳақида суҳбатлашди.

Ассалому алайкум, Актам Аҳмадович. Барчамиз шу кунларда давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Суҳбатимиз аввалида Сизга шундай савол билан мурожаат қилишни истар эдим: хўш, мустақиллик бизга нима берди?

– Ваалайкум ассалом. Аввало, имкониятдан фойдаланиб, юртдошларимизни ҳаммамиз учун қадрли бўлган кун – мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрами билан партиямизнинг бир ярим миллиондан зиёд аъзолари номидан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман. Жонажон Ватанимиз нуфузи жаҳон майдонида юксалаверсин.

Энди бевосита саволингизга қайтадиган бўлсак, мустақиллик ўзлигимизни, эркинлигимизни, халқчил ва демократик тамойилларга асосланган миллий давлатчилигимизни, эркин фуқаролик жамиятини берди. Иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда мислсиз муваффақиятлар қўлга киритилди. Айниқса, 2017 йилга келиб барча соҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар шиддатли тус олди.

Энг асосийси, инсон ва унинг қадри юксалди. Барча ислоҳотлар марказида инсон қадрини улуғлаш қўйилди. “Инсон-жамият-давлат” ёндашуви Конституциямиз мазмун-моҳиятига чуқур сингдирилди. У ҳаётимизнинг бош қадриятига айланди.

Бундан етти йил олдин дунё ҳамжамияти ўзи учун Ўзбекистонни қайтадан кашф этди. Юксак сиёсий ирода туфайли Ўзбекистон дунёга, дунё Ўзбекистонга очилди. Айниқса, минтақа давлатлари билан ўзаро муносабатлардаги совуқчиликларга тўла барҳам берилди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш кучайди. Умуман олганда, минтақанинг юрагида жойлашган мамлакат – Ўзбекистон ўзгарди, қўшнилар, қолаверса, дунё ҳамжамияти билан очиқ сиёсат юритиш устуворлик касб этди.

Аҳоли ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга муносабат ўзгарди. Жамиятда уларнинг обрўси ва мавқеи кун сайин ортиб бораяпти. Чунки мулк ва мулкдорлар, хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун йўли билан ҳимоя қилиниши янада такомиллашди.

Ана шулардан келиб чиқиб, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар Янги Ўзбекистонда реал воқеликка айланди. Президентимиз яқинда Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган тадбиркорлар билан мулоқотда бизнес аҳлини Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари, деб атади. Бундай юксак ишонч, самимият партиямиз электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонларни беҳад илҳомлантириб юборди. Умуман олганда, мамлакатимиздаги ортга қайтмайдиган ва муқаррар тус олган бугунги халқчил демократик жараёнлар мустақиллик берган энг катта неъмат, десак муболаға бўлмайди.