Жамият | 15:05 / 03.08.2021
1865
2 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ фирибгарликлар аниқланди

Бухорода фуқарога ер сотаётган, Қашқадарё вилоятида эса танишлари орқали дала шийпонини расмийлаштириб бермоқчи бўлган шахс ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бухоро туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р.Н. ушланган. У бошқа бир фуқаро Ф.нинг ишончига кириб, унга «З» МФЙ ҳудудида жойлашган 12 сотих ер майдонини 10 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 5 минг долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти, Миришкор туманида яшовчи фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун муқаддам судланган фуқаро У.С. ушланган. У фуқаро О.нинг ишончига кириб, унга «Ободон» МФЙ ҳудудида жойлашган дала шийпонини танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 1 минг доллар олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид