Ўзбекистон | 17:13 / 06.11.2020
12774
3 дақиқада ўқилади

Умумий амалиёт шифокори оилавий шифокорга айлантирилади

Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги муаммолар таҳлил қилинмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, йиғилишда президент Мирзиёев тиббиёт тизимини ислоҳ қилишнинг навбатдаги муҳим вазифалардан бири сифатида жойлардаги умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш борасида гапирган.

«Бундан кейин илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш, оилавий шифокорга ёрдам берадиган ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича «тиббиёт бригадалари»ни ташкил этиш керак.

Бу бригадалар ўзларига бириктирилган маҳаллаларда оилалар кесимида «тиббий харита»ни шакллантиради.

«Тиббий харита»га оила аъзолари, уларнинг саломатлиги ҳақидаги барча маълумотлар киритилиб, улар билан манзилли иш йўлга қўйилади.

Тиббиёт бригадалари маҳалла ва оилалар кесимида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш бўйича манзилли скрининг тадбирларини ўтказади», деди президент.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда ҳомиладорлар, 5 ёшгача бўлган болалар, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шахслар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари амалга оширилиши зарурлигини ҳам таъкидлаган.

«Бунда, ортиқча вазн, юқори қон босими бор, қандли диабет, инфаркт, инсульт, онкологик ва бошқа ижтимоий касалликларга мойил бўлганларнинг алоҳида рўйхати юритилиб, улар индивидуал патронажга олинади. Бундан буён, бепул тиббий ёрдам учун тор соҳа шифокорлари, туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарига йўлланмани оилавий шифокор беради. Шунингдек, бепул тарқатиладиган дориларга рецепт бериш ҳам оилавий шифокорларга юклатилади.

Мен президентликка келган дастлабки кунларимдаёқ айтгандим, жойларда рецепт ёзишда хиёнат бўлмоқда. Врачлар одамларга биринчи тавсиядаёқ энг кучли ва энг қиммат антибиотикларни ёзиб бермоқда. Ким рухсат берди унга? Ахир одам организми касалликда аввало кучли бўлмаган антибиотикларни қабул қилиши керак. Кучли ва қиммат антибиотикдан кейин унга бошқа дорилар таъсир қилмай қўяди.

Ўрганишларга кўра бизда ҳозирги 10 фоиз дорилар билан ҳам ҳамма касалликни даволаш мумкин, қолган 90 фоиз касалликларнинг эса профилактика орқали олдини олса бўлади», деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда эндиликда маҳаллалардаги аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, ҳудуддаги касалликларнинг ўсиши, аҳолининг шифохоналарга ётиши ва тез ёрдамга мурожаатига қараб оилавий шифокорлар фаолиятига баҳо берилиши ҳам алоҳида таъкидланди.

«Қайси оилавий шифокор аҳолига кўпроқ хизмат кўрсатса, шунга яраша у ўзининг бригадаси билан кўпроқ ойлик олади», деди Шавкат Мирзиёев.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид