Ўзбекистон | 11:34 / 14.05.2021
2872
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда мактаб ўқувчиси машина бошқариб йўл-транспорт ҳодисаси содир этди

Жиззах шаҳридаги мактаблардан бирида ўқийдиган ўқувчи машина бошқариб йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 4 май куни Жиззах шаҳридаги мактаблардан бирида ўқийдиган 2005 йилда туғилган ўқувчи ўзига тегишли бўлмаган «Матиз» машинасини бошқариб, шаҳарнинг Ўратепалик маҳалласи Саид Насимов кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Суриштирувларда аниқланишича, ўқувчи оила аъзолари билан уйга қайтаётганда, машинани бошқариб келаётган акаси ошхонага кирган пайтда уни йўлга ўнглаб қўймоқчи бўлган. Сўнг машина бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси ва етарли тажрибаси бўлмаган ўқувчи шу ердан ўтиб кетаётган «Дамас»га бориб урилган. Мазкур ЙТҲ оқибатида ҳеч ким жиддий тан жароҳатлари олмаган. Аммо «Матиз» ва у бориб урган «Дамас» машинаси жиддий шикастланган.

Қайд этилишича, ўқувчи таълим оладиган мактабда мазкур ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ масъуллари, ота-оналар ва ўқувчилар иштирокида муҳокама ўтказилган. Унда ЙҲХБ ходимлари ота-оналар ва ўқувчиларга йўл-транспорт ҳодисаси оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борган.

 

 

Мавзуга оид