Варшавадаги пиёдалар ўтиш йўли ва велойўлакнинг дрондан олинган тасвири. Фото: Матеуш Влодарчик / NurPhoto

Полша пойтахти бу йил муҳим ютуқни қўлга киритганини нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда: статистика тўпланиш бошланган 1980-йиллардан буён Варшава ўз йўлларида энг кам ўлим даражаси кузатилганига эришди. Швецияда 1990-йилларда шакллантирилган ва йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ўлимлар ва оғир жароҳатларни бартараф қилишга қаратилган Vision Zero хавфсизлик стратегиясига содиқ эканини намойиш этиб, Варшава сўнгги 10 йил ичида йўллардаги бахтсиз ҳодисалар сонини 55 фоизга камайтиришга муваффақ бўлди, деб ёзмоқда Bloomberg нашри.

Аҳолиси 2 млн бўлган ушбу шаҳар учун бу ажойиб натижа, чунки бир пайтлар Варшава ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам ўта хавфли шаҳар саналган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги энг расво саналувчи 1991 йилда Варшава кўчаларида 314 киши ҳалок бўлган; 2023 йилга келиб йўлларда ўлганлар сони 29 тагача камайди ва уларнинг 11 нафари пиёдалар. Агар аҳоли зичлиги инобатга олинса, Варшава кўчалари Европа Иттифоқининг кўплаб шаҳарларидан хавфсиз саналади, чунки миллион аҳолига 15 ўлим тўғри келмоқда.

Пиёдалар Варшавадаги Уч хоч кўчасини кесиб ўтмоқда. Шаҳарда йўллардаги хавфсизлик даражаси сўнгги ўн йилликда анча оширилди. Фото: Бартек Садовски/Bloomberg

Полшада умумий йўл ҳаракати хавфсизлиги даражаси ҳамон яхшиланишга муҳтож: умуммиллий даражада йўллардаги ўлим ҳолатлари 2014 йилдан буён 40 фоизга пасайганига қарамасдан, мамлакат ҳар миллион фуқарога 52 ўлим билан Европа Иттифоқида ЙТҲ натижасида ўлим ва жароҳат даражаси бўйича сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турибди (ЕИда ўртача кўрсаткич 46 ни ташкил этади). Гарчи Варшаванинг ҳозирги кўрсаткичлари мамлакат бўйича кўрсаткичлардан анча яхши бўлса-да, шаҳардаги хавфсизлик ҳимоячилари кейинги ҳаракатларда фаолроқ бўлишни талаб қилмоқда: бу йил жамоатчилик маст ҳолдаги ва тезликни оширган ҳайдовчиларнинг айби билан ўлимга сабаб бўлган бир нечта авариялардан шокка тушган.