Спорт | 09:30 / 09.09.2024
29438
2 дақиқада ўқилади

Парижда Паралимпия ўйинлари якунланди. Хитой биринчи, Ўзбекистон — 13-ўринда

Париждаги «Стад де Франс» стадионида дунёга машҳур дижейлар иштирокида шоу билан ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Паралимпия ўйинлари якунига кўра, медаллар рейтингида Ўзбекистон 13-ўринни эгаллади.

Фото: Getty Images

2024 йилги Паралимпия ўйинлари 8 сентябр, якшанба оқшомида Париждаги тантанали маросим билан якунланди, унда дунёга машҳур дижейлар иштирок этди. Шоуни Парижнинг Сен-Дени чеккасидаги «Стад де Франс» стадиони трибуналарида 64 минг томошабин кузатиб борди. 

XVII Паралимпия ўйинлари 28 августдан 8 сентябргача бўлиб ўтди. Париж Паралимпия ўйинларида 22 спорт тури бўйича беллашувлар ўтказилди. Умумий медаллар ҳисобида ўзбекистонлик паралимпиячилар 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритиб, 13-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Париждаги ёзги Паралимпия ўйинларида ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди. Ушбу натижа билан Ўзбекистон делегацияси Осиё мамлакатлари орасида Хитой ва Япониядан кейин учинчи, шунингдек, Марказий Осиё, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди. 

Хитойлик спортчилар яна энг кўп медалларни қўлга киритишди - 220 та, улардан 94 таси энг юқори даражадаги медаллар.

«Париж-2024 Паралимпия ўйинларининг ҳар томонлама янги эталонидир», деди Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс ва бу «энг ажойиб Паралимпия ўйинлари» эканини таъкидлади. Кейинги ёзги Паралимпия ўйинлари 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтади.

Украина еттинчи ўринда

Украиналик паралимпиячилар Парижда 22 олтин, 28 кумуш ва 32 бронза медалини қўлга киритиб, шу тариқа Паралимпия ўйинларида медаллар жадвалида 7-ўринни эгаллашди. Мукофотларнинг умумий сони бўйича Украина яна 2020 йилда Токиода бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида бўлгани каби кучли бешликка кирди.

Озарбойжон ва Қозоғистон жамоалари мусобақани мос равишда 28- ва 39-ўринларда якунлади. Россиялик паралимпиячилар ўйинларда нейтрал мақомда иштирок этишди ва уларнинг натижалари - 20 та олтин, 21 та кумуш ва 23 та бронза медаллари расмий турнир жадвалида инобатга олинмади. Бироқ улар ёпилиш маросимига таклифнома олишди.

Мавзуга оид