Жамият | 11:00 / 03.04.2020
7601
2 дақиқада ўқилади

Синовли кунлар бизни бирлаштирди ёхуд меҳр-мурувват кўрсатайлик

Фото: «Ипак йўли» туризм халқаро университети маъмурияти

Бутун башарият синовли ва оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирусга қарши курашиш йўлида халқимиз бирлашиб, бирдам ва ҳамжиҳат бўлди. Саховатпеша инсонларнинг саъй-ҳаракатлари билан карантин вақтида қийин аҳволда қолган инсонларга меҳр-мурувват кўрсатилмоқда.

«Ипак йўли» туризм халқаро университети ҳам бу савобли ишлардан четда қолмади. Университет биринчи проректори Тўраев Баҳодир ташаббуси билан олийгоҳ жамоаси ҳамда Самарканд вилояти Волонтёрлар уюшмаси вакили Марина Игнатова билан биргаликда хайрия-эҳсон тадбири ўтказилди.

Университет фаоллари томонидан ёлғиз ногирон қариялар, муҳтож кишилар, ногирон, касалманд фарзанди бор оилаларга гўшт, ёғ ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тарқатилди. Бундан ташқари, болалар церебрал фалажи ташхиси қўйилган фарзанди бор оилаларга керакли дори-дармонлар етказиб берилди.

Бутун дунёни алғов-далғов қилган, инсониятни ғам-қайғуга солиб, тинч-осойишта ҳаётини издан чиқарган қўрқинчли бало бошқа томондан одамларга ҳаётни, тинчликни, бир-бирини қадрлаш имконини берди. Оғир дамларда инсонларнинг бир-бирига ёрдам қўлини чўзиши ҳам фарз, ҳам қарздир.

«Ипак йўли» туризм халқаро университети маъмурияти

Мавзуга оид