Жамият | 13:24 / 21.09.2021
11324
2 дақиқада ўқилади

Нобел мукофоти совриндори Азиз Санжар Ипак йўли халқаро туризм университетига келди

Самарқанд шаҳридаги Ипак йўли халқаро туризм университетида Нобел мукофоти совриндори, АҚШ миллий фанлар академияси аъзоси Азиз Санжар иштирокида учрашув ўтказилди.

Биокимёгар олим Азиз Санжарга Ипак йўли халқаро туризм университетининг фахрий доктори унвони берилди. Дипломни Бош вазир ўринбосари — Туризм ва спорт вазири, университет ректори Азиз Абдуҳакимов топширди.

Университетнинг биринчи курсига қабул қилинган талабаларга нуфузли меҳмон имзоси билан сертификат топширилди. Унда талабаларга Нобел мукофоти совриндорининг дил сўзлари келтирилган бўлиб, хусусан ёшларни талабалик билан табриклаган. Олим талабаларни профессионалликка ундаб, кўп қиррали шахс бўлиш учун дадил интилиш, ютуқлар билан тўхтаб қолмасликка даъват қилган.

Шундан сўнг Азиз Санжар «Турк дунёсидаги билим ва миллий тикланиш» мавзусида маъруза қилди. Университет жамоаси ва ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Учрашувдан сўнг Туризм ва спорт вазири, университет ректори Азиз Абдуҳакимов журналистларга интервью берди. Вазир таниқли олимнинг университет жамоаси билан танишуви ва унга фахрий доктор унвони берилиши ёш олимларга ҳам ижобий таъсир қилишини айтиб ўтди. Умуман, университет ёш олимларини қўллаб-қувватлаш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилиши билдирилди.

Маълумот учун, турк ва америкалик олим Азиз Санжар 2015 йилда Нобел мукофотига муносиб кўрилган. Унинг 415та илмий мақола ва 33та китоби нашр этилган. Олим саратон касаллигини даволашдаги ўзига хос ёндашуви сабаб турли илмий мукофотларга сазовор бўлган. Илмий дунёдаги энг обрўли илмий муассасаларидан бири – АҚШ миллий фанлар академияси аъзолигига сайланган биринчи америкалик турк олими ҳисобланади. 2006 йилда Туркия фанлар академияси ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

Азиз Санжар рафиқаси Гвен Санжар билан бирга АҚШда таҳсил олаётган туркиялик ҳамда турк дунёсидан келган талабаларга ёрдам бериш мақсадида жамғарма ташкил этган.

Мавзуга оид