Жаҳон | 21:21 / 17.10.2025
11262
4 дақиқада ўқилади

Россияда ишчи кучи етишмовчилиги сурункали тус олди – ЕОТБ

Демографик пасайиш, аҳолининг қариши ва меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг қисқариши туфайли ишчилар етишмовчилиги ўсишда давом этмоқда.

Фото: Global Look Press

Россияда ишчи кучи танқислиги сурункали тус олди. Демографик пасайиш, аҳолининг қариши ва меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг қисқариши туфайли ишчилар етишмовчилиги ўсишда давом этмоқда, дейилади Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) ҳисоботида (.pdf).

2010 йилдан 2024 йилгача иқтисодиётда банд бўлганлар сони 4 миллиондан ортиқ кишига ошди, бироқ ишсизлик 2025 йилнинг май-июн ойларида рекорд даражадаги паст кўрсаткичга - 2,2 фоизга тушди. Бу одатда 4-5 фоизни ташкил этадиган табиий даражадан паст ва мамлакатда меҳнат ресурслари етишмаслигини кўрсатади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, фақат мигрантларни жалб қилиш, кексаларнинг иқтисодиётдаги иштирокини ошириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш орқали бандликни янада ошириш мумкин.

Сўнгги 15 йил ичида Россияга чет эллик ишчиларнинг йиллик оқими тахминан 250 минг кишини ташкил этган ва уларнинг меҳнатга лаёқатли аҳолининг умумий сонидаги улуши 2025 йил ўрталарига келиб деярли 3 фоизга етган.

2019 йилги пенсия ислоҳоти меҳнат бозорига ҳам таъсир кўрсатди: тобора кўпроқ кекса фуқаролар ишда қолмоқда. Агар илгари, 2016-2018 йилларда иқтисодиётда 60 ёшдан ошганларнинг қарийб 13 фоизи банд бўлса, энди уларнинг улуши 16,7 фоизга етди. Иш ҳақининг оширилиши ҳам муҳим омил бўлди. 2023-2024 йилларда улар қарийб 18 фоизга ўсди, бу эса ўрта ёшли ишчиларнинг бир қисмини меҳнат бозорига қайтаришга ёрдам берди.

Лекин шуларни ҳисобга олганда ҳам кадрлар етишмаяпти. Аксарият корхоналар, Россия банки маълумотларига кўра, 2025 йил иккинчи чорагида ходимлар етишмовчилиги ҳақида хабар берган ва ходимлар сонини кўпайтиришни режалаштирган.

Вазиятнинг асосий сабаби - демографик ўзгаришлар. Россия аҳолиси кексайиб, меҳнатга лаёқатли фуқаролар сони камайиб бормоқда. ЕОТБ ва БМТ прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб барча ишчиларнинг қарийб 40 фоизи 50 ёшдан ошган бўлади. Бунда энг фаол ва маҳсулдор ҳисобланган 30-40 ёшлилар авлоди тобора камайиб боради. Ишчи кучининг қариши унумдорлик ва ҳаракатчанликнинг пасайишига олиб келиши мумкин, бу эса иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади.

Кадрлар етишмовчилиги, айниқса, ишлаб чиқариш, савдо, логистика, IT ва соғлиқни сақлаш соҳаларида яққол сезилмоқда. Қайта ишлаш саноатида қарийб 400 минг, савдода 300 мингдан зиёд, транспорт ва логистикада 200 мингга яқин одам етишмайди.

Мутахассислар юзага келган вазиятнинг бир нечта сабабларини айтмоқда. Булар - демографик жарлик, мутахассисларнинг чет элга чиқиб кетиши, битирувчиларни тайёрлаш ва бизнеснинг ҳақиқий талаблари ўртасидаги номувофиқлик, шунингдек, ишчиларни фаол равишда жалб қилаётган «мудофаа секторининг ўсиши».

Ходимлар етишмаслиги аллақачон компанияларда ўз аксини топмоқда. Ишчилар кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур бўляпти, бу эса ҳолдан тойиш ва иш сифатининг пасайишига олиб келади.

Меҳнат вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Россияда ишчи кучи танқислиги камида 2030 йилгача сақланиб қолади. 2030 йилга бориб, ишчиларга бўлган эҳтиёж 3,1 млн кишига етади. Шундай қилиб, кадрлар танқислиги Россия иқтисодиёти учун янги меъёрга айланмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, муаммони мигрантларни жалб қилиш, технологиялар ва автоматлаштиришни ривожлантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, шунингдек, аҳоли саломатлигини яхшилаш орқали фаол меҳнат ёшини узайтириш билан ҳал қилиш мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид