Жамият | 16:12 / 14.09.2020
15658
14 дақиқада ўқилади

Бектемирдаги маҳаллалар 12 йилдирки бадбўй ҳид билан яшамоқда. Тадбиркорга шаҳар бедарвозами?

Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Миробод туманларидаги қатор маҳаллалар, хусусан Баротхўжа, Қўйлиқ ота, Нурафшон МФЙлар аҳолиси 12 йилдирки бадбўй ҳид ичида яшамоқда. Муаммони ҳал этишга ваколатли идораларнинг журъати етмаяпти.

Таҳририятимизга Бектемир тумани ва унга туташ ҳудудда яшовчи аҳолидан шикоят келиб тушди.

Мурожаатда аҳолининг Бектемир туман оқова сувни тозалаш корхонаси фаолиятидан норозилиги баён этилган бўлиб, билдирилишича, корхона фаолияти натижасида яқин атроф-ҳудудга узлуксиз тарзда ўта нохуш ҳид тарқалади. Бу ҳид нохушлиги билан бирга, аҳолининг саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шикоят муаллифи Абдуқодир Жалиловнинг айтишича, бу муаммо 12 йилдан бери давом этяпти, аммо аҳоли масъул ташкилотларнинг ҳеч биридан тайинли жавоб ололмаган.

«Шаҳар ва республика экология қўмитасини 12 йилдан бери безовта қилиб келаман. Раҳбарлари алмашади, лекин аҳвол ўша-ўша. Шикоят хатларига панжа ортидан қараб жавоб беришади. Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳам эътиборсиз, бирон чора кўргани йўқ. «Сувсоз» давлат унитар корхонаси ҳам пул берса, биз қиламиз, деган кўйда юрибди. Ваҳоланки, уларнинг ўзи ташаббус билан чиқиши керак», – дейди Баротхўжа маҳалласида яшовчи Абдуқодир Жалилов.

Абдуқодир Жалилов

Фуқаронинг сўзларига кўра, сув тозалаш корхонаси оқова сувларни етарли даражада тозаламаган ҳолда Чирчиқ дарёсига тўғридан тўғри оқизмоқда.

«Чирчиқ дарёсидаги балиқ хўжаликлари, уни истеъмол қилувчиларнинг ҳаммасида мутация пайдо бўлган. Балиқларнинг рангини ўзгартириб юбориб, песдек қилиб қўйган. Худди ўша балиқларнинг бозорларда сотувга қўйилганини ҳам кўрдим. Бунга ҳеч ким эътибор қаратаётгани йўқ.

На шаҳар Санитария-эпидемиология осойишталик маркази, на Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Буни ким назоратга олиши керак?

Яқинда Тошкент шаҳрида 46та объектда сувга ноқонуний тарзда чиқиндилар ташланаётгани рўйхати эълон қилинди. Бу рўйхатда Чирчиқ дарёсига чиқинди ташлаётган Бектемир сув тозалаш корхонаси бўлиши керак, лекин у рўйхатда йўқ эди. Келиб чиқадики, Тошкент шаҳар ҳокимияти Бектемир корхонасини чиқиндини Чирчиқ дарёсига ташлаётганини фош этмоқчи эмас, бекитмоқчи. Чунки бу – «Сувсоз» ДУК, Тошкент шаҳар ҳокимиятини боқиб турган, пул келиб турган корхона. Абонентлардан, тадбиркорлардан пул оляпти», – дейди Абдуқодир Жалилов.

Абдуқодир Жалилов бизга тақдим этган маълумотларга кўра, Бектемир тумани ва унга қўшни туман МФЙлари мазкур муаммо бўйича турли йилларда масъул ташкилотларга ёзма мурожаатлар қилган. Уларга жавобан юборилган хатларда муаммонинг мавжудлиги тан олинса-да, ҳеч қандай амалий чора кўрилмаган.

Мазкур масала бўйича Тошкент шаҳар экология бошқармаси билан боғландик. Бошқарма раҳбарияти аҳолини безовта қилаётган ҳидга корхонанинг кимёвий ифлосланган саноат оқова сувларини тозалашга мажбур бўлаётганини сабаб қилиб кўрсатди.

«Бектемир – Тошкент шаҳрининг энг кичик тумани, аҳоли сони жуда кам. Ишлаб чиқариш корхоналари кўплиги ҳисобига туман саноатга ихтисослашган ҳисобланади. Бектемир оқова сув тозалаш иншоотига келиб тушаётган сувларда аҳолининг маиший сувларига қараганда, корхоналарнинг саноат сувлари нисбати кўпроқ. Назорат тадбирларида бу саноат корхоналарининг оқова сувлари таркибида зарарли моддалар улуши белгиланган меъёрлардан анча юқорилиги аниқланган. Шунинг ҳисобига корхонадаги сувни биологик тозалаш тизимига зиён етмоқда. Саноат оқова сувлари таркибидаги концентрацияси юқори бўлган кимёвий моддалар тозалаш иншоотининг фаол моддалари ўлиб қолишига олиб келяпти. Бу эса сувнинг янада бижғиши, нохуш ҳид ҳосил бўлишига сабаб бўлади», – деди бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов.

Фарҳод Деҳқонов, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Деҳқоновнинг билдиришича, бу муаммонинг икки ечими мавжуд.

«Бектемир туманида жойлашган йирик саноат корхоналари ўзларида ҳосил бўлган оқова сувларни бирламчи тозалаш мақсадида ҳар бири ўзининг маҳаллий оқова сув тозалаш ускуналарини ўрнатишлари шарт. Шунда оқовани канализация тармоғига қабул қилиниши мумкин бўлган меъёрларгача тозалаб, кейингина тозалаш иншоотига ташлашлари керак.

Аммо бу бўйича саноат корхоналарининг раҳбарларига кўрсатмалар бир неча маротаба берилган бўлса-да, булар бажарилмаган. Уларга берилган талабларни бажаргунга қадар фаолиятларини тўхтатиб туришлари бўйича материаллар тайёрланган. Агар кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаса, уларнинг устидан судга мурожаат қилишга мажбур бўламиз.

Иккинчи чора эса Бектемир сув тозалаш корхонаси сувларининг йўналишини ўзгартириш ҳисобланади. Тошкент шаҳри 11та тумандан иборат. Чирчиқ дарёси шаҳар ўртасидан ўтиб, 10та туманни бир томонга, Бектемир туманини бир томонга ажратиб қўйган. Дарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган 10та тумандан ҳосил бўлган оқова сувлар Бўзсув ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларига ташланади. Бектемир чап қирғоқда бўлгани учун унга алоҳида сув тозалаш иншооти қуришга тўғри келган. Туманда ҳосил бўладиган сувларни Чирчиқ дарёси устидан труба ўтказиб, Салар иншоотига кетаётган трубага улаш масаласи кўриб чиқилган. Яқин келажакда бу лойиҳа амалга ошса, Бектемир туманидаги оқова сувлар Салар иншоотига қўшилади», деди у.

Шаҳар экология бошқармаси Бектемир сув тозалаш корхонаси етарли даражада тозаламай, сувларни Чирчиқ дарёсига ташлаётгани натижасида дарё бир неча йиллардан бери ифлосланиб бораётганини тасдиқлади.

«Жорий йил 2-чорак натижаларига кўра, Бектемир оқова сув тозалаш иншооти Чирчиқ дарёсига ташлаётган сувларда азот-аммоний моддаси белгиланган меъёрдан 3 баравар, муаллақ моддалар 3,9 баравар ортиқлиги аниқланган», дея билдирди Фарҳод Деҳқонов.

Чирчиқ дарёси ифлосланиши бўйича 2020 йил 1-чорак кўрсаткичлари
Чирчиқ дарёси ифлосланиши бўйича 2020 йил 2-чорак кўрсаткичлари

Пойтахт экология бошқармаси лаборатория етакчи мутахассиси Ҳидоят Жўраева билан ҳам суҳбатда бўлдик.

«Чирчиқ дарёси суви ўрта даражада ифлосланган ҳисобланади. Чунки унга кўпгина корхоналар оқова сувларини ташлайди. Бектемир тумани оқова сувни тозалаш иншооти сувларни белгиланган меъёр даражасида тозалангандан кейин дарёга ташлаши лозим, аммо иншоот эскиргани сабабли оқова сув таркибидаги зарарли моддалар меъёридан ортиқлиги аниқланган.

Дарёнинг шаҳарга кириш ва чиқиш нуқталаридан намуна олинганда дарё суви шаҳарга кирганига нисбатан чиққанида кўпроқ зарарлангани маълум бўлган. Хусусан, азот-аммоний, темир, нитритлар, фосфатлар, нефт маҳсулотлари белгиланган меъёрдан ортиқ чиққан», – деди лаборатория етакчи мутахассиси.

Ҳидоят Жўраева, лаборатория мутахассиси

Биз аҳоли шикоятларининг асосий нишони – Бектемир сув тозалаш корхонасида ҳам бўлдик. Корхона масъуллари шикоятлар бўйича барча айбни тумандаги саноат корхоналарига юкламоқда.

«Бектемир оқова сув тозалаш корхонасининг лойиҳавий қуввати 25 минг куб метр бўлиб, ҳозирги кунда 18-21 минг куб метр оқова сувни қайта ишлайди. Бунинг – 70-80 фоизи саноат сувлари, қолгани аҳолининг маиший сувлари ҳисобланади. Корхона ишлайдиган сувда саноат сувларининг улуши 25-30 фоиздан паст бўлсагина, корхона нормал режимда ишлай олади.

Белгиланган тартибга кўра, саноат корхоналари оқова сувларини ўзидаги мавжуд маҳаллий тозалаш ускунасида тозалаб, меъёрий ҳолатга етгандан кейингина умумий канализация тизимига ташлаши керак. Аммо амалда бунга риоя қилинаётгани йўқ.

Дўнанбой Казибеков, шаҳар «Сувоқова» бошқармаси бош муҳандис муовини

Тумандаги 16та саноат корхонаси бу талабларни ўта даражада бузмоқда. Уларнинг оқова сувларни тозаловчи маҳаллий ускуналари ўта примитив ва заиф ҳолда бўлиб, сувни керакли даражада тозалай олмайди. Натижада ўзларида ҳосил бўлган оқова сувларни тозаламасдан, бутун кимёвий ифлослиги ҳолатида бизга ташлайди.

Натижада уларнинг кимёвий концентрацияси юқори бўлган сувлари биздаги сувни тозалаш технологиясига (фаол ИЛ’лар) салбий таъсир кўрсатади, уларни ишдан чиқаради. Сув етарли даражада тозаланмайди ва нохуш ҳид юзага келади. Бу ҳид асосан терини қайта ишлаш, желатин, мева ювадиган корхона, товуқ сўядиган фабрикадан келадиган сувлар ҳисобига ҳосил бўлади. Чунки бизнинг корхонамиз оқова сувни биологик жиҳатдан тозалайди, унинг ҳидини тозалашга мўлжалланмаган», деди шаҳар «Сувоқова» бошқармаси бош муҳандис муовини Дўнанбой Казибеков.

Оқова сувни тозалаш талабларини бузаётган 16та саноат корхонаси рўйхати

Сув тозалаш корхонаси фаолиятига масъул Казибековга кўра, саноат корхоналарининг белгиланган тартибга риоя этмаётгани бўйича бир неча маротаба чора кўрилган, аммо чоралар жуда заиф бўлиб, натижа бермаган.

«Корхоналарга ҳар бири ўзининг талаб даражасидаги маҳаллий сув тозалаш ускунасини ўрнатиши шартлиги бўйича кўрсатма берганмиз, кўрсатмани бажаргунча корхоналарни ёпиб ҳам қўйганмиз. Чет эл инвесторларини олиб келиб, маҳаллий тозалаш ускунаси бўйича яхши лойиҳаларни қилиб бериб, янгисини қуринглар, деганмиз. Лекин бунга амал қилишаётгани йўқ.

«Сувоқова» бошқармаси саноат корхоналарига юборган огоҳлантириш хатлари

Ёпиб қўйганимиздан кейин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўзбошимчалик билан яна корхонани очишади. Мазкур муаммо бўйича туман ва шаҳар ҳокимияти, шаҳар ва республика экологогия қўмитаси, Олий Мажлисга ҳам мурожаат қилганмиз. Ишини тўхтатиб қўйинг, канализация тизимидан узиб ташланг дейишади. Лекин биз узиб ташлай оламиз. Вақтинча беркитамиз. Аммо яна очиб олишади. Тадбиркорман, юзлаб ишчиларим бор, корхонани ёпсам, уларга ким ойлик тўлайди, деб баҳона қилишади», дейди Казибеков.

Саноат корхоналарининг ўз оқова сувларини етарли даражада тозаламасдан умумий канализация тармоғига оқизаётганини кўрсатувчи суратларга диққат қаратинг.

Саноат корхоналаридан оқова сув билан бирга оқиб келган чиқиндилар, тери бўлаклари
«Best Poultry» МЧЖ товуқ сўйиш фабрикаси оқова сувлари билан оқиб келган қон ва товуқ суяклари
«Best Poultry» МЧЖ товуқ сўйиш фабрикаси оқова сувлари билан оқиб келган қон ва товуқ суяклари
«Best Poultry» МЧЖ товуқ сўйиш фабрикаси оқова сувлари билан оқиб келган қон ва товуқ суяклари
Оқова сувлар орқали оқиб келган синтетик воситалар (совун, шампун) натижасида тозалаш жараёнида ҳосил бўлган кўпик

Қизиғи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ер-сув бошқармаси бошлиғи Собир Машрабов билан худди шу масала бўйича боғланганимизда, муаммога бутунлай бошқа сабабни кўрсатди. Унга кўра, аҳолини безовта қилаётган ҳидга сув тозалаш корхонасининг реконструкцияга муҳтожлиги сабаб бўлмоқда.

«Бектемир оқова сувни тозалаш корхонасини ёки бекитиб, бошқа жойга кўчириш, ёки реконструкция масаласини ҳал қилиш керак. 2015 йилда Осиё тараққиёт банки маблағлари асосида корхонада реконструкция бажарилган, аммо сифатсиз бажарилишининг оқибатида аҳолини безовта қилувчи турли ҳидлар келмоқда.

2021 йил охиригача корхонани реконструкция қилиш масаласи кўриб чиқиляпти. Ёки уни Юнусобод ҳудудига кўчириш мумкин», – деди Машрабов биз билан телефон орқали суҳбатда.

Корхонада сўнгги босқичда тозаланган сув ва оддий водопровод суви ўртасидаги фарқ

Аҳолининг Бектемир оқова сувни тозалаш корхонаси устидан шикояти атрофида ўринли саволлар туғилади.

Биринчидан, нега масъуллар муаммога икки хил сабабни кўрсатмоқда? Нохуш ҳидга ва дарёнинг ифлосланишига аслида нима сабаб – Собир Машрабов айтганидек реконструкцияга муҳтожликми ёки саноат корхоналари ўзининг ифлос сувини тозалаш корхонасига оқизаётганими?

Иккинчидан, Тошкент шаҳар экология бошқармаси ва шаҳар «Сувоқова» бошқармаси масъуллари айтганидек, аҳолини безовта қилаётган ҳидга, Чирчиқ дарёсининг ифлосланаётганига саноат корхоналарининг белгиланган талабларга бўйсунмаётгани, ўз оқова сувларини бирламчи тозалашдан ўтказмаётгани сабаб бўлса, нега уларга кескин чоралар кўрилмаяпти? Ваҳоланки, улар меъёрларни бузаётганидан экологчилар ҳам, ҳокимият ҳам хабардор, аммо чора кўриш ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Фақатгина базавий ҳисоблаш миқдорининг атиги 10-20 баравари (бу йирик саноат корхонаси топадиган даромад олдида урвоқ ҳам бўлмас) миқдорида жарима тўлаш билан қутулиб келмоқда. 16та корхонани ўз маҳаллий тозалаш ускунасини ўрнаттиришга нима тўсиқ бўлмоқда?

Учинчидан, мазкур саноат корхоналари ўз фаолиятини бошлашидан аввал экология ташкилотлари томонидан белгиланган талабларни бажарганлиги назорат қилинганми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 3 февралдаги «Коммунал хўжалиги тизимида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан, саноат корхоналари ўз оқоваларини дастлаб маҳаллий тозалаш тизимида тозлаб, кейин умумий канализация тармоғига ташлаши лозимлиги белгиланган.

Корхоналар на Экология қўмитаси, на «Сувоқова» бошқармасининг кўрсатмаларини назарга илмасдан ўзбошимчалик билан фаолиятини олиб бораётганига сабаб нима? Ҳолатдан хабардор ҳокимият масалага жиддий қарамаётгани бу ерда тадбиркорлар ва расмийлар ўртасида коррупцион ришталар бўлиши мумкинлигига шаъма қилмаяптими?

Масъуллар йиллаб мана шундай бадбўй ҳид анқиб турувчи жойда яшашни тасаввур қилиб кўришдимикан?

Масалани «тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш» важи билан четга суриш ҳам ўта мантиқсизликдир. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш аҳоли манфаатлари ва табиат хавфсизлигига кўз юмиш эвазига бўлмаслиги лозим. Ваҳоланки, бу дарёда истеъмолга маҳсулот чиқарадиган балиқ хўжаликлари фаолият юритади, шаҳардан ташқарида дарё сувидан ичимлик суви ўрнида фойдаланувчи аҳоли ҳам бор.

Kun.uz масала юзасидан суриштирувларини давом эттиради.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

UPD:

Мавзуга оид