Соғлом ҳаёт | 16:23 / 15.11.2025
2051
5 дақиқада ўқилади

Онанинг телефондан кўп фойдаланиши болага қандай таъсир қилади?

Ҳомила 24–28-ҳафталардан бошлаб ташқи товушларни эшита бошлайди, шу боис она атрофидаги ҳар қандай шовқин ёки ахборот оқими болага бевосита етиб боради. Телефон экранидан тарқаладиган кўк нур мелатонин моддаси ишлаб чиқарилишини камайтиргани учун ҳомиладор аёлларда уйқу сифати ёмонлашади. Уйқунинг бузилиши эса бачадондаги қон айланишига таъсир қилиб, ҳомиланинг кислород олиш жараёнини секинлаштириши мумкин. Тадқиқотлар кўп телефон ишлатган оналарнинг болаларида кейинчалик диққат етишмовчилиги учрашини кўрсатган.

Фото: AP

Она қорнидаги бола ҳали кўзини очмаган, лекин у атрофдаги товушларни, масалан, онасининг юрак уриши, сўз оҳанги, ҳатто телефонидан чиқаётган овозларни эшитади.

Бу товушлар бола учун биринчи “ахборот оқими” саналади. Онанинг сокин овози унга таскин берса, телефондан чиқаётган кескин сигнал, баланд мусиқалар ёки тез-тез такрорланадиган билдиришнома товушлари ҳомилада стресс гормони ишлаб чиқилишини кучайтириши мумкин. Чунки бола 24–28-ҳафталардан бошлаб ташқи товушларни сеза бошлайди.

Мобил телефонлар чиқарадиган электромагнит тўлқинлар (EMF) ҳомиланинг асаб тизимига сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Шу йўналишда олиб борилган тадқиқотларда таъкидланишича, смартфонларни меъёридан ортиқ ишлатган ҳомиладорлар эмбрионларида кейинчалик диққат бузилиши ва уйқу муаммолари кузатилгани аниқланган.

Шифокорлар бунинг сабабини шунчаки “нурланиш” билан эмас, онанинг ҳолати билан ҳам боғлашади. Телефон экрани қаршисида кўп вақт ўтказиш стресс, кўз зўриқиши, уйқу бузилиши ва асабийликни кучайтиради. Буларнинг бари табиийки, ҳомила учун ҳам хавфли. Чунки бола онанинг ҳиссий ҳолатини сезади: она асабий бўлса, ҳомила ҳам тинчлана олмайди.

Уйқу бузилиши

Телефон экранидан тарқаладиган кўк нур организмга “ҳали кун давом этмоқда” деган сигнални юборади. Бу мелатонин гормонининг табиий ишлаб чиқишига тўсқинлик қилади. Мелатонин организмни уйқуга тайёрлайдиган асосий гормон бўлгани учун танада унинг миқдори камайиши ҳомиладор аёлнинг тун бўйи безовталаниб ухлашига сабаб бўлади. Уйқу сифати ёмонлашса, кун давомида чарчоқ, кайфият тушиши, тез асабийлашиш кузатилади. Буларнинг барчаси бачадонда қон айланишига ҳам таъсир кўрсатади. Оқибатда ҳомила кислородни етарлича олмаслиги эҳтимоли ошади, бу эса ривожланиш учун салбий омил ҳисобланади.

Баъзи экспертлар ҳатто телефонни қориннинг яқинида сақламасликни, чақалоқ ухлаётган хонада эса мобил қурилмани “fly mode” режимига қўйишни тавсия этади. Бу электромагнит нурланишни камайтиради ҳамда онани ижтимоий тармоқлар шовқинидан оз бўлса ҳам узоқлаштиради.

Стресс

Телефон тўхтовсиз янгиликлар, билдиришномалар ва ижтимоий тармоқларни жамлаган манбадир. Ҳомиладор аёлнинг маълумотларни қайта-қайта кўриб чиқиши мия фаолиятига зўриқиш беради. Оқибатда организм кортизол каби стресс гормонларини кўпроқ ишлаб чиқаради. Кортизол ошганда юрак уриши тезлашади, тана ҳушёрлик ҳолатига ўтади, бу эса ҳомиладор аёл танасини чарчатадиган жараён ҳисобланади. Негаки, кортизол плацента орқали болага ҳам ўтади. Узоқ муддат давом этган стресс ҳомиланинг асаб тизими яхши шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, шифокорлар ҳомиладорликда ахборот оқимини камайтиришни тавсия қилишади.

Ҳомила асаб тизимига таъсири

Телефонни жуда кўп ишлатган оналарнинг болаларида кейинчалик диққат етишмовчилиги ёки хулқ-атвор бузилишлари бироз кўпроқ кузатилган. Бу тўғридан тўғри телефон ҳомилага зарар етказади дегани эмас, лекин онанинг мунтазам стресс, уйқусизлик, ахборот босими остида бўлиши боланинг асаб тизимига билвосита таъсир қилиши мумкин. Ҳомила асаб тизими жуда нозик бўлади, шу сабаб унда ташқи омилларга сезгирлик юқори ҳисобланади.

Эътибор ва хотира пасайиши

Доимий равишда контент алмашинуви, турли мазмундаги видео ва хабарларни қабул қилиш эътибор ресурсларини сусайтиради. Бу ҳолат ҳомиладор аёлларда янада кучлироқ сезилади, чунки мазкур пайтда организм асосий энергияни ҳомила ривожланишига йўналтиради. Телефон диққатни бўлиб юборгани учун аёлнинг эслаб қолиш қобилияти ҳам вақтинча пасайиши мумкин.

Бош оғриғи ва кўз чарчаши

Экранга узоқ қараш кўз қуруқлашиши, кўришнинг вақтинча хиралашиши ва бош оғриғига олиб келади. Ҳомиладор аёлларда суюқлик алмашинуви ўзгаради, шунинг учун кўз чарчаши тезроқ пайдо бўлади. Телефон экрани кичик бўлгани учун кўз мушаклари доимий кучланиш ҳолатида қолади. Бундан ташқари, кўк нур бош мияга тўғридан тўғри таъсир қилади ва бош оғриғини янада кучайтиради.

Нима қилиш керак?

  • Телефонни қорин яқинида тутманг;
  • Қўнғироқ вақтида “speaker” режимидан фойдаланинг;
  • Кечаси ухлашдан олдин телефонни 1 метр узоққа қўйинг;
  • Ҳар куни экран қаршисида 3-4 соатдан ортиқ ўтирманг;
  • Кечки вақтларда “night mode” функциясини ёқинг.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ўрнига китоб, мусиқий медитация, сайрдан фойдаланишга ҳаракат қилинг.

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид