Ўзбекистон | 14:49 / 27.01.2026
6324
3 дақиқада ўқилади

Давлат идораларида “хавфсизлик” учун масъуллар фаолияти қайта кўриб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизликни таъминлаш учун жавобгар тузилмаларнинг иш услуби ва самарадорлигини танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келганини таъкидлади. Бу масала молиявий интизом, коррупцияга қарши кураш ҳамда давлат маблағларидан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш бўйича муҳокамалар фонида кўтарилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтказилган йиғилишда давлат ва жамият хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётган омиллар — уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар, шунингдек яширин иқтисодиётга қарши таъсирчан чораларни белгилаш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида давлат маблағлари ва молиявий интизом масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари давлатнинг ҳар бир сўми бўйича қатъий назорат ўрнатилиши, жавобгарлик муқаррар экани ва жазо қаттиқ бўлишини таъкидлади. Шу муносабат билан администрация ва давлат идораларида комплаенс ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилгани қайд этилди.

Муҳокамаларда қисқа муддат ичида бюджет тушумлари, талон-торож ва молиявий камчиликлар, ташқи савдо операцияларидаги қарздорликлар бўйича катта ҳажмдаги муаммолар аниқланаётгани “ўта аянчли ҳолат” сифатида баҳоланди. Шунингдек, коррупциявий схемалар орқали етказилган зарарлар, уларнинг бир қисми ундирилгани ва айрим ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилгани таъкидланди.

Айнан шу контекстда президент давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизлик учун масъул бўлган раҳбар ва ходимлар фаолиятига ҳам баҳо бериб, бу йўналишдаги ишни танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келганини билдирди. Давлат раҳбарига кўра, хавфсизлик хизмати ва масъул тузилмалар фақат расмий ҳисоботлар билан чекланиб қолмаслиги, хавф-хатарларни олдиндан кўра оладиган, профилактика қиладиган ва маблағлар ҳаракатини тизимли назорат қиладиган иш услубига ўтиши лозим.

Йиғилишда бу ишларни қайта ташкил этишда бир неча устувор йўналишларга эътибор қаратилди. Хусусан:

  • хавфсизлик учун масъул тузилмаларнинг вазифа ва жавобгарлигини аниқ белгилаш;
  • ички назорат, комплаенс ва коррупцияга қарши механизмларнинг амалдаги ишлашини таъминлаш;
  • таваккалчиликларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган тизим жорий этиш;
  • самарадорликка қараб баҳолаш ва шахсий жавобгарликни кучайтириш.

Шу тариқа, йиғилишда хавфсизликка масъул тузилмалар иши давлат маблағларини асраш, коррупция хавфларини қисқартириш ва идора-корхоналарда тартиб-интизомни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи бўғин сифатида қайта кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид