Жамият | 12:59 / 29.07.2020
87397
5 дақиқада ўқилади

«Йўлни очинглар, Россияга кетайлик!» – ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ишини йўқотишдан хавотирда

Пандемия жуда кўпчиликнинг ҳаёт тарзига, ишига ва табиийки даромадига салбий таъсир қилди. Айниқса кўп сонли ўзбек мигрантлари ё қайта олишмаяпти, ё кета олмай қолишди. Интернетда юртга қайта олмай мурожаат қилаётганларнинг мурожаатлари кўп тарқалди. Лекин шундай кунларда хорижга ишга кета олмай норози бўлаётганлар ҳам бор.

Kun.uz нашри электрон почтасига Ўткирбек исмли йигитдан қизиқ мактуб келди. Одатда сўнгги пайтларда хорижда қолиб кетганларни қайтариш бўйича кўмак сўраб ёзган мурожаатлар жуда кўп келарди. Лекин бу йигитнинг ёзганлари бошқачароқ.

«Ассалому алайкум, ҳурматли Kun.uz сайти мухбирлари. Сизлардан ўзимни мисол келтирган ҳолда бир мавзуни ёритишни илтимос қиламан. Мана тўрт ойдирки, ишсизман. Ўн йилдан буён Россияда ишлардим. Коронавирус сабаб юзага келган пандемия туфайли Россияга кетолмай юрибман. Тез-тез юртга келиб-кетиб турардим. Бугунги кунларда хорижда қолиб кетган ватандошларимизни чартер рейслар орқали Ўзбекистонга олиб келишмоқда. Самолётлар эса чет элларга бўшлигича учиб кетяпти. Шу бўш рейсларда хорижда аниқ иши бўлган, биз каби кета олмаётган инсонларни олиб кетишса бўлмайдими?

Коронавирусга тест топширсам, тест жавоби манфий чиқса, яъни касаллик аниқланмаса, ўз хоҳишим билан хориждаги ишимга кетсам бўлмайдими? Чунки бу ерда кутиб ўтирсам, у ердаги яхши маошли ишимни йўқотиб қўяман. Оилам бор, рўзғор боқаман. Шу масалани ҳукуматдаги мутасаддилар ҳал қилиб беришса, деб илтимос қилмоқчи эдим. Менга ўхшаб карантин тугашини кутиб юрган хорижда ишлайдиганлар жуда кўп. Бу ерда юрганимиз билан иш бўлмаса, йўл очилмаса нима қилишимиз керак? Илтимос, шу талабимизни раҳбарларимизга етказинг», дейилади мактубда.

Чиндан ҳам, ўйлаб кўрса бўладиган масала. Хорижий давлатларга, хусусан Россияга бориб ишлайдиганларни, аниқ иш жойи бўлганларни бу ерда ушлаб ўтиришдан бирор фойда йўқ. Аксинча, ўзини эплай оладиганларни кўпроқ жўнатиб, даромадни ошириш йўлларини излайвериш керак.

Бу мактуб билан танишар чоғимизда Россия меҳнат бозорини ҳам қисман ўргандик. Маълум бўлишича, жуда кўпчилик муҳожирларнинг чиқиб кетгани бу давлатда ишчи кучи етишмовчилигига олиб келган. Айниқса кунлик ишлар, қурилиш, хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш соҳаларида реал танқислик юзага келган ва меҳнат ҳақи сезиларли даражада ошган.

Хусусан, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиси Дмитрий Левицкий айни пайтда Москвада ошпазлар етишмовчилиги кузатилаётганини, кўплаб ресторанлар мазали таомлар тақдим эта олмаётгани, бунинг сабаби соҳада кўп йиллардан буён ишлаётган меҳнат муҳожирлари йўқлиги эканлигини билдирган.

Ўзимизда айни шу фуқароларнинг аниқ иш ўрни бўлмаган бир пайтда, ўзи кетишни истаган ва ишлаб кетишига ишонган фуқароларимизнинг йўлини тўсмаслик мақсадга мувофиқ.

Шу ўринда хорижга учаётган самолётларда кимлар парвоз қилаётганини билиш учун Uzbekistan Airways компанияси матбуот котиби Ҳабибулла Набиев билан боғландик.

«Хорижга парвоз қилаётган самолётлар бўш кетмаяпти. Уларда хорижий давлатлар фуқаролари ёки Махсус комиссия рухсатига кўра учиш ҳуқуқига эга бўлганлар жўнаб кетяпти. Масалан, Туркияга учувчи самолётлар чипталари сотиляпти ва кўпчилик уларни сотиб олишяпти. Россияга учувчи самолётларда ўша давлат фуқаролари, Россияда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлганлар ва асосли сабаблари бўлган фуқароларимиз парвоз қилишяпти.

Ҳар доим ҳам бундай эмас, масалан 29 июль куни учадиган рейсимизда бирорта йўловчи йўқ. Сабаби, йўловчилар олиб боришимиз учун «Росавиация» рухсати берилмаган. Чунки бунинг учун нафақат биздан, балки «Росавиация»дан ҳам рухсат олиниши керак. Яъни биз уларга олиб бораётган йўловчилар ҳақида хабар беришимиз керак», деди Ҳ. Набиев.

  • Россия коронавирус пандемияси туфайли халқаро авиарейсларни 27 март куни тўхтатганди. Мамлакат фақат хориждаги фуқароларини олиб келиш учун рейсларни давом эттирган. 1 августдан Москва, Москва области, Петербург ва Ростовдан халқаро парвозлар тикланади. Дастлаб, Туркия, Буюк Британия ва Танзанияга учишга рухсат берилган.
  • Ўзбекистон ҳам март ойининг иккинчи ярмида мамлакатда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолатлар ортидан халқаро парвозларни тўхтатган. Ўтган ойлар давомида дунёнинг турли ҳудудларидан чартер рейслар орқали минглаб фуқаролар ватанга олиб келинди. Ҳозирча халқаро авиарейслар қачондан тикланиши маълум эмас.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид