Ўзбекистон | 20:25 / 17.05.2023
18636
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: “Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас”

“6 йил муқаддам бошлаган қатъий ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди”, деди президент бугун Самарқандда бўлиб ўтган ЕТТБнинг йиллик конференциясидаги нутқида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Самарқанд шаҳрида ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишида иштирок этди. Давлат раҳбари йиғилишнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлади.

“Ўзбекистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бундай форматдаги йиғилиши роппа-роса 20 йил олдин бўлиб ўтган эди. Бугунги анжуманда янги меҳмонлар билан бирга, аввалги йиғилишда қатнашган иштирокчиларни ҳам кўриб турибман.

Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас.

6 йил муқаддам бошлаган қатъий ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Бугун сиз, азизларни мутлақо янги муҳитда – дунёга кенг очилаётган, барча соҳаларда ҳамкорлик учун тайёр бўлган янги Ўзбекистонда қабул қилаётганимиздан ғоят мамнунмиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, ҳозирда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги лойиҳалар портфели 4 миллиард евродан ошган. Шундан 3,3 миллиард евролик лойиҳалар сўнгги тўрт йилда бошланган.

Ўтган йил якуни билан Ўзбекистон банкнинг бешта энг асосий ҳамкорлари қаторига кирган. Йиллик инвестиция ҳажми бўйича эса ЕТТБнинг Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригидир.

Мавзуга оид