Испанияда сув тошқинлари қурбонлари сони 95 кишига етди
Испанияда сув тошқинлари оқибатида камида 95 киши ҳалок бўлди. Уларнинг аксарияти Валенсияда. Берлин ва Брюссел мамлакатга ёрдам таклиф қилишди.
Испанияда сув тошқинлари қурбонлари сони 95 кишига етди. Бу ҳақда 30 октябр, чоршанба куни кечқурун AFP хабар берди. Қурбонларнинг катта қисми Валенсияда бўлган — 92 киши. Икки киши Кастиля-Ла-Манча минтақасида, яна бири Андалусияда ҳалок бўлди. Шу билан бирга, журналистлар Испания ҳудудий сиёсат вазири Анхел Виктор Торресга таяниб, бу рақам фақат тахминий эканлигини ва ўсишда давом этиши мумкинлигини аниқлаштиришмоқда. 31 октябр, пайшанба кунидан бошлаб ҳукумат мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.
Берлин ва Брюссел тошқиндан кейин Испанияга ёрдам таклиф қилди
Европа Иттифоқи Испания қутқарув хизматларига ёрдам бериш учун ўзининг Copernicus сунъий йўлдош тизимидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги аккаунтида маълум қилди.
Берлин сув тошқинлари пайтида Испанияга ёрдам таклиф қилди. Германия канцлери Олаф Шолц Берлин Мадрид билан «эҳтимолий ёрдам ҳақида мулоқотда» эканлигини айтди. Германия ички ишлар вазири Ненси Фезер, ўз навбатида, сув тошқинларини «даҳшатли табиий офат» деб атади.
Испанияда сув тошқинлари
Электр таъминотчиси Iberdrola маълумотларига кўра, Испанияда кучли ёмғир туфайли юзага келган сув тошқинлари Валенсия ҳудудидаги 155 минг хонадонни электр энергиясидан маҳрум қилди. Автомобил, ҳаво ва темирйўл алоқалари ҳам зарар кўрди.
Испания давлат метеорология агентлиги AEMET Валенсия ва Андалусиянинг айрим қисмлари учун огоҳлантириш даражасини оширганини эълон қилди. Метеорологларнинг маълум қилишича, ноқулай об-ҳаво 31 октябргача давом этади.
Испания парламенти 30 октябр куни ўз мажлисини бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошлади.