Жаҳон | 17:02
4238
11 дақиқада ўқилади

Педро Санчес – урушга ва Трампга «йўқ» деган АҚШнинг иттифоқчиси

Европалик етакчиларнинг аксарияти АҚШнинг Эрондаги урушини қўллаш борасида жуда нозик йўлни тутмоқда. Испания бош вазири Педро Санчес эса АҚШ зарбаларини очиқчасига танқид қилиб, Доналд Трампнинг ғазаби ва таҳдидларига сабаб бўлди.

Фото: Трамп ва Санчеснинг портрети / Фото: Financial Times

Испания Америка Қўшма Штатлари билан муҳим савдо ва инвестиция алоқаларига эга ва НАТО бўйича иттифоқчи ҳисобланади. Ўтган йили мамлакатга 4 миллион америкалик ташриф буюрди, деб ёзмоқда CNN нашри. Шунингдек, шу ойнинг ўзида Amazon компанияси Испаниядаги маълумотлар марказларига киритадиган инвестициялари миқдорини қарийб 40 миллиард долларга етказишини маълум қилди.

АҚШ Испания жанубидаги Рота ва Морон шаҳарларида йирик ҳарбий объектларга ҳам эга. Айнан ушбу базалардан фойдаланиш масаласи сўнгги можарога сабаб бўлди: Испания ҳукумати улардан Эрон зарбаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланишни тақиқлаб қўйди.

Ой бошида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Трамп ғазаб билан Испания билан савдо алоқаларини узиш билан таҳдид қилди.

Санчеснинг тарихий нутқи

Санчес эса Трампнинг асабий нутқидан кейин 24 соат ўтмай, миллий телевидение орқали чиқиш қилиб «урушга йўқ» деди. Санчеснинг айтишича, ҳатто ҳужумчи биринчи бошлаганларнинг мақсадлари ҳам тушунарсиз, Испаниянинг эса мақсади аниқ:

«Бу биз Украина ва Ғазода ҳам эгаллаган ўша позициядир. Тинч аҳолини ҳимоя қиладиган халқаро ҳуқуқнинг бузилишига, дунё ўз муаммоларини фақат бомбалар орқали ҳал қилиши мумкин, деган қарашга ва ўтмишдаги хатоларни такрорлашга «йўқ» деймиз. Қисқача айтганда, Испания ҳукуматининг позициясини уч сўз билан ифодалаш мумкин: урушга йўқ, деймиз».

Бундан ташқари, Санчес – Буш маъмурияти олдин ҳам европаликларни урушга тортганини эслатди.

«Йигирма уч йил олдин АҚШнинг бошқа бир маъмурияти бизни Яқин Шарқдаги урушга тортганди. Назарий жиҳатдан Саддам Ҳусайннинг оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш, демократия олиб келиш ва глобал хавфсизликни кафолатлаш учун олиб борилаётгани айтилган ўша уруш, аслида, ортга қараб хулоса қилинганда, тескари натижа берди», дейди у.

Фото: AP

Шу билан бирга, у яна етакчиларнинг бурчи одамлар ҳаётини яхшилаш эканини таъкидлаб, Трампга ишора қилди: «Ўз бурчини бажара олмаётган етакчиларнинг ўз муваффақиятсизликларини яшириш ва шу жараёнда бир неча киши – ўша доимий бойларнинг чўнтагини қаппайтириш учун уруш тутунидан фойдаланиши мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Дунё шифохоналар қуришни тўхтатиб, ракеталар қуришни бошлаганида фақат ўша бойлар фойда кўради», деди Санчес.

Испания бош вазири унинг ҳукумати ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва ушбу урушни дипломатик йўл билан ҳал қилишни талаб қилишда давом этишини айтди.

«Мен буни аниқ айтмоқчиман, чунки «талаб қилиш» сўзи бу ўринда тўғри сўздир. Чунки Испания Европа Иттифоқи, НАТО ва халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзосидир. Ва бу инқироз бизга, европаликларга ва бинобарин, испанларга ҳам таъсир қилади. Шунинг учун биз Америка Қўшма Штатлари, Эрон ва Исроилдан жуда кеч бўлмасдан тўхташни қатъий талаб қилишимиз керак.

Мен буни кўп марта айтганман ва яна такрорлайман: бир ноқонунийликка бошқа бир ноқонунийлик билан жавоб қайтариб бўлмайди, чунки инсониятнинг буюк офатлари айнан шундан бошланади», деган Санчес.

Санчеснинг қўшимча қилишича, Европа мувофиқлаштирилган ва ҳақиқатан ҳам самарали жавоб чоралари устида ишламоқда. Шунингдек, улар унутилмасликка лойиқ бўлган икки нуқта — Украина ва Фаластинда адолатли ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун ишлашда давом этади.

Санчес шу билан бирга, унинг халқи Ироқдаги Саддам Ҳусайн ва Эроннинг ҳозирги режимларини қўлламаслигини, балки халқаро ҳуқуқ томонида эканини қайд этди.

«Баъзилар бизни буни қилганимиз учун соддаликда айблашар, аммо асл соддалик — зўравонлик ечим деб ўйлашдир. Демократия ёки давлатлараро ҳурмат вайроналар ичидан ўсиб чиқади деб ишониш соддаликдир. Ёки кўр-кўрона ва қулдек бўйсунишни етакчиликнинг бир шакли деб ўйлаш соддаликдир.

Аксинча, мен бу позиция умуман соддалик эмас деб ҳисоблайман; у изчил позициядир ва шунинг учун биз кимнингдир қасосидан қўрқиб, дунё учун зарарли бўлган, шунингдек, бизнинг қадриятларимиз ва манфаатларимизга зид бўлган нарсага шерик бўлмаймиз. Уруш фақат саноқли кишиларга фойда келтиради. Тинчлик эса барчамизга фойда беради», дея сўзларини якунлади Испания бош вазири.

Европа ва Трамп муносабатлари

Трамп Испанияга нисбатан ўз таҳдидларини Германия канцлери Фридрих Мерц билан Оқ уйдаги учрашуви чоғида билдирди. Мерц эса индамай қараб турди — бу Европанинг Трамп билан муносабатлардаги яна бир мушкул вазиятидан далолат эди.

Ўтган йил давомида кўплаб Европа етакчилари Трампни хушомад ва ён беришлар билан тинчлантиришга ҳаракат қилишди. Шу билан бирга вақти-вақти билан «қизил чизиқлар»ни – масалан, Гренландия масаласида белгилаб қўйишди.

Фридрих Мерц ва Доналд Трамп Оқ уйда / Фото: AFP

НАТО Бош котиби Марк Рютте бир сафар Трамп ҳақида: «Дадамиз баъзан қаттиқ тилда гапириши керак», деб уни улуғлаб юборди.

Бу сафар гап Европа ўз ҳудудидаги базалардан АҚШнинг Эронга қарши зарбалари учун фойдаланишга рухсат берадими-йўқми, деган масала устида бормоқда.

Трамп Германия ва Италия Бош вазири Жоржия Мелонини ҳамкорлик учун мақтаган. Буюк Британия Бош вазири Кир Стармерга нисбатан эса муносабат бошқача. Буюк Британия дастлаб Эронни бомбардимон қилиш учун ўз базаларидан фойдаланиш ҳақидаги Вашингтон сўровини рад этган эди, бироқ кейинроқ Бош вазир Кир Стармер АҚШга «мудофаа операциялари» учун рухсат берилишини айтди. Бу ён бериш Трампнинг назарида унга кўп фойда келтирмади.

Европа Иттифоқи комиссияси ва Франция президенти Эммануэл Макрон эса Испания билан бирдамлик билдирди. Иттифоқ расмийлари «бир аъзо давлатга қилинган иқтисодий босим бутун Европа Иттифоқига қилинган таҳдид» эканини таъкидлаб, Вашингтонни халқаро савдо қоидаларини ҳурмат қилишга чақирди.

Санчес ва Трампнинг келишмовчиликлари

Ҳозирги кундаги асосий зиддият АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётлари учун Испаниядаги Рота ва Морон ҳарбий базаларидан фойдаланиш сўрови билан бошланди. Педро Санчес ҳукумати ушбу операциялар халқаро ҳуқуққа зид ва минтақани беқарорлаштирувчи деб ҳисоблаб, АҚШ самолётларига базалардан фойдаланишни расман тақиқлади.

Морон авиабазасида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Boeing KC-135 Stratotanker самолёти ҳаракатланмоқда. Фото: Reuters / Архив сурати

Президент Трамп бу қарорни «иттифоқчилик мажбуриятларига хиёнат» деб атади ва Испанияни «даҳшатли иттифоқчи» деб таърифлади. Испаниянинг ҳарбий ҳамкорликдан бош тортишига жавобан, Доналд Трамп Испания билан барча савдо алоқаларини тўхтатиш ва эмбарго жорий этиш билан таҳдид қилди.

У қўшимча қилиб: «Агар хоҳласак, уларнинг базасидан фойдаланишимиз мумкин, шунчаки учиб борамиз ва фойдаланамиз, ҳеч ким бизга фойдаланма, дея олмайди», деди.

Кейинроқ, Оқ уй ўзининг савдо таҳдидлари Испанияни АҚШ ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилишга мажбур қилганини айтганида, бу даъво ҳам тезда рад этилди.

Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес Мадриднинг «Яқин Шарқдаги уруш ва Эроннинг бомбардимон қилиниши, шунингдек, базалардан фойдаланиш борасидаги позицияси заррача ўзгаргани йўқ»лигини маълум қилди.

Аслида Трампнинг савдо эмбаргоси ҳақидаги таҳдиди амалда қўлланиши қийин, чунки Испания Европа Иттифоқи божхона иттифоқи аъзоси. Испанияга эмбарго қўйиш — бутун Европа билан савдо урушини бошлаш демакдир.

Трамп ва Санчес Ғазо масаласи бўйича Мисрдаги саммитда – октябр, 2025 йил / Фото: AP

Бундан ташқари, Санчес Гренландия, Хитой билан алоқалар ҳамда мудофаа харажатлари каби кўплаб масалаларда Трампнинг ғашига тегишда давом этмоқда.

«Испания билан нима бўлаётганини тушунмаяпман; шекилли, улар текинга саёҳат қилмоқчи», деганди Трамп январь ойида. Ўшанда Санчес НАТОнинг бошқа аъзолари каби 2035 йилгача мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишдан бош тортган. «Мен бош вазир бўлганимдан бери Испания мудофаа харажатларини уч баравар оширди», деб жавоб қайтарди Санчес.

Санчеснинг ички сиёсати ва иқтисодиёт

Санчес учун Трамп билан жанжаллашиш хавфли бўлиши мумкин. Аммо бу унинг мўрт коалицион ҳукуматига марказий-чап қанот қўлловини мустаҳкамлашда ёрдам ҳам бериши мумкин, деб ёзмоқда CNN.

«Санчес ташқи сиёсатдан – мамлакат ичидаги сиёсий ташаббусни қайта қўлга олиш учун фойдаланмоқда», дейди Ipsos сўровнома фирмаси ходими Камас Гарция.

Гарциянинг таъкидлашича, Трампнинг Испаниядаги машҳурлиги рекорд даражада паст — февраль ойида ўтказилган сўровномага кўра атиги 16%. Агар мухолифат Санчеснинг позициясини қаттиқ танқид қилса, улар ўз сайловчилари ҳам рад этадиган АҚШ президенти томонида тургандек кўриниб қолиш хавфи бор.

Педро Санчес Ҳаагада НАТО саммитининг умумий суратга тушиш маросимига келмоқда / Фото: EPA

Иқтисодий жиҳатдан, Трампнинг Европанинг тўртинчи йирик иқтисодиёти бўлган Испанияга таҳдидлари айтилганидек даҳшатли бўлмаслиги мумкин. Испания Европанинг энг жонли иқтисодиётларидан бири бўлиб, унинг ташқи савдосининг атиги 5 фоизи АҚШ билан амалга оширилади. Бироқ, Испания суюлтирилган табиий газ таъминотининг катта қисми бўйича АҚШга таянади.

Европа Иттифоқи эса камситишга учраган ҳар қандай аъзосини ҳимоя қилишга мажбур бўлади.

Педро Санчеснинг Америка таъсирига душманлигининг яна бир жиҳати бор. Йиллар давомида у ва унинг оиласи ижтимоий тармоқларда ҳақоратлар нишони бўлиб келган. У АҚШ технологик компанияларини нафратли нутқларга қарши етарли даражада курашмаётганликда айблаб келади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид