Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бу нархлар қаердан олинган?” — дорихоначилар янги мажбурий тўловдан шикоят қилмоқда
Ўзбекистонда дорихоналарга лицензиядан ташқари GPP сертификатини ҳам олиш талаби қўйилди. Уни олиш – пулли. Олинганидан кейин ҳар йили яна тўлов эвазига “янгилаб” туриш ҳам керак. Акс ҳолда, дорихона лицензиясидан айрилади. Тўлов миқдори айниқса вилоятлардаги якка дорихоналар учун оғирлик қиляпти. Тадбиркорлар сертификат нархи ва муддатини қайта кўриб чиқишни сўрамоқда.
GPP (good pharmacy practice) – “яхши дорихона амалиёти” бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсиявий аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Бу сертификат дорихоналарда барча жараёнлар ҳужжатлаштирилгани ва назорати олиб борилишини тасдиқлайди.
Ўзбекистон президентининг 2024 йил январдаги фармонига асосан, 2025 йил 1 январдан бошлаб тармоқли дорихоналар, 2026 йил 1 январдан эса якка дорихоналардан мажбурий тартибда GPP сертификатига эга бўлиш талаб этилади.
Сертификат Фармацевтика агентлигининг Зарурий амалиётлар маркази (GxP) томонидан берилади. Бунинг учун марказ ходимлари дорихоналарга бориши, инспекция текширувларини ўтказиши, талабларга мос бўлса, 3 йилга сертификат бериши керак.
Сертификат олиш учун дорихоначилар салкам 8,5 млн сўмгача мажбурий тўлов қилиши керак. Бунинг устига 3 йил муддатга бериладиган сертификат ҳар 9 ойда қайта инспекциядан ўтказилади, бунга эса 3 млн сўмдан кўпроқ пул тўланади.
GPP талабларини дорихоначилар қандай қабул қилди?
Янги талаблар кўплаб дорихона эгаларида эътирозлар уйғотмоқда. Kun.uz'га мурожаат қилганлар мажбурий йиғимларнинг ортиқча юк бўлаётганидан шикоят қилди.
Тошкент вилояти Янгийўл туманида бир нечта дорихонага эга Жаҳонгир Мирпўлатовнинг айтишича, у 2024 йил сентябридан бошлаб дорихоналарини GPP талаблари бўйича қайта жиҳозлаган ва бунинг учун 120 млн сўм сарфлашига тўғри келган.
“Бизга 2024 йилнинг бошидан таъкидлаб ўтишдики, 2025 йилнинг бошланишигача тармоқли, яъни кўп дорихоналарга GPP сертификатини олиш мажбурий. Якка ўзи ишловчи аптекаларга эса – 2026 йилнинг бошигача. Биз шу хабарни эшитганимиздан кейин, 2024 йилда ҳаракатни бошладик ва пулни йиғиб, сентябрдан GPP талабларига мувофиқ тарзда дорихонани жиҳозлашни бошладик.
У ерда талаблар қанақа? Аптеканинг майдони тўғри келиши керак. Асосий дорихонанинг майдони 50-60 квадрат метрга яқин бўлиши керак. Қолган дорихоналар кичкинароқ, 40-45 квадрат бўлса ҳам тўғри келаверишини айтишди. Биз дорихоналарни шунга қараб жиҳозладик. Мисол, 16 квадрат савдо зали, омборхона 12 квадрат, яна ходимлар хонаси бор 8 квадрат, кейин ҳожатхонага 2 квадрат, мудир хонасига 4 квадрат. Шу бўйича биз ҳаммасини жиҳозладик. Унга анча-мунча маблағимиз кетди. Учта дорихонани мен жиҳозлагунимча қарийб 120 миллион сарфладим.
2021 йилда, лицензия олаётган пайтда ҳам ҳамма талабларни бажариб, кераклича жиҳозлаганмиз. Лицензия талабларида ҳам деярли шу нарсалар сўралади: ногиронлар аравачаси учун пандус ва ушлагич, бактерицид лампа, жалюзи, мебеллар – ҳар биттасини қилганмиз. Биз ҳатто асосий зал учун алоҳида ва омборхона учун алоҳида кондиционер ўрнатдик – лицензия пайтида дориларнинг яхши сақланиши, хона ҳароратини 25 даражада сақлаб бериш, дориларнинг сифатига ва сақланиши яхши бўлиши учун ҳаммасини жиҳозлаганмиз. GPP ҳам шунга ўхшаш талаблар бўлгани учун ҳайратда қолдик”, – деди Мирпўлатов.
“Бу суммаларни ҳеч қанақасига тўлай олмаймиз”
Тошкент шаҳри Сергели туманида дорихона ишлатувчи Нилуфар Абдумаликова ҳам лицензия талаб қилинадиган ва унга пул тўланадиган фаолият тури учун сертификатга яна алоҳида тўлов ортиқча эканини айтмоқда.
“Битта яккалик дорихонага битта лицензия 5 йилга берилади ва 4 млн сўмга яқин сумма тўланади. Бу – 5 йилда бир марта тўланадиган сумма. GPP билан лицензиянинг ўхшаш тарафи жудаям кўп, деярли бир хил. Фақат “СОП” (“стандартная операционная процедура”) дастурлари ва термометр масалалари бошқа. Лекин GPP'нинг талаблари лицензия билан бир хил.
GPP'да асосан аптеканинг тозалиги, дориларнинг сақланиши, кейин “СОП”лар текширилади. Ҳар битта нарсани биз қоғозга тушириб, ёзиб боришимиз керак бўлади. Камида 40 тача дафтар. Ҳар 9 ойда қайта текширув бўлади. Биринчи текшириб кетгандаги нарсалар турибдими, “СОП” дастурлар ишлаяптими, ҳар битта нарса ёзиляптими, дорилар, сотаётган нарсаларимиз – ҳамма нарса ўша текшириб кетгандек талабга жавоб беряптими деб ҳар 9 ойда текширилади ва ҳар 9 ойда 3,2 млн сўм қайта тўлов қиламиз. Уларни биз яна қайта чақиришимиз учун 3,2 млн сўм тўлов қиламиз. Бу асоссиз сумма. Биз улардан: “нима сабабдан биздан бу суммани оляпсизлар?” деб сўраганимизда, улар “бизга давлатимиз бюджетдан пул ажратмагани ҳисобига фармкомпаниялар, аптекалардан ундириб оламиз”, дейишди. Бу пулларнинг ҳаммаси ишчиларнинг ойлиги, шу ишхонасидаги техникаларига ишлатиларкан.
Яккалик аптекалар тармоқли аптекаларга қараганда анча кам савдо қилгани ҳисобига бу суммаларни биз ҳеч қанақасига тўлай олмаймиз. Биз лицензияни 2030 йилгача олганмиз ва у лицензиямизнинг муддати тугамасдан туриб, бизнинг лицензиямизни тақиқлаб, олиб қўйишмоқчи. Бу асоссиз”, – дейди Абдумаликова.
“Хатларимизга асосли жавоб беришмади”
Бўстонлиқ туманидан келган яна бир дорихоначи Ойдин Раҳмонова GPP сертификати учун тўловлар қандай ҳисоб-китобларга кўра шакллантирилганига оид саволни ўртага ташлади. Унинг айтишича, бу саволга расмийлар шу вақтгача асосли жавоб бермаган.
“Мени қизиқтирган тарафи 8 миллион 300 минг сўм қанақа қилиб шакллантирилди? Дорихоналарнинг ҳудудига қарабми ёки катта-кичиклигига қарабми?
Бизга президент фармони, Вазирлар Маҳкамаси қарори деб шунақа важлар келтириляпти. Лекин қарорлар билан танишиб чиқдик, уларда тўлов миқдори йўқ. Шу масалаларни кўтариб, улардан жавоб олиш мақсадида GxP марказига уч-тўрт маротаба мен ўзим хат билан мурожаат қилдим. Хатларимизда ўша тўловларнинг асослари, қандай шакллантирилгани, қаерга сарфланиши ҳақида асосли жавоблар берилмади.
5 ой олдин Zoom йиғилишларида нархлардан шикоят қилганмиз. Ўшанда қанақа қилиб шакллантирилди деганимизда ходимлар вилоятларга бориши, “командировка” пуллари – ётоқ ва еб-ичишлари ҳисобга олинган ҳолда, шунақа сал қиммат бўлиб кетди, деб бизга тушунтиришган. Лекин менга келган хатда 8,3 млн сўмдан ташқари ходимларнинг ўша хизмат сафари пуллари, хуллас, қилинган сарф-харажатлари бундан мустасно дейилган. Лекин бизга 4 сентябрда агентлик раҳбари билан бўлган йиғилишда Абдулла Азизов ўзлари айтдиларки, ўша 8,3 млн сўм ичида ходимларнинг ўша хизмат сарф-харажатлари, командировочний пуллари ўшанинг ичида бўлиши керак, деди. Лекин ёзуви билан нима учун у инспекция ходимлари аптекалардан йўлкираси учун алоҳида пул олди? Бу мавҳум бўлиб қолди”, – дейди Раҳмонова.
Тўлов ички буйруқ билан белгиланган
Сертификат берувчи орган – Зарурий амалиётлар марказининг дорихоначилар сўровига юборган жавоб хатида GPP сертификати учун фармацевтик инспекция ўтказиш ва унга тўлов қилиниши бир қанча ҳужжатлар билан тартибга солингани қайд этилган. Хусусан, 20-сонли президент фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 486-сон ҳамда 2019 йилдаги 788-сон қарорлари эслатилган. Лекин сумма миқдори ва унинг калкуляцияси очиқланмаган.
Жавоб хатига кўра, тўлов методикаси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг 2024 йил 8 майдаги 35-сон ички буйруғи асосида белгиланган. Аммо бу буйруқ очиқ манбаларда мавжуд эмас.
Хатда ёзилишича, буйруқ Рақобат қўмитаси ва Адлия вазирлигига юборилиб, тасдиқланган. Аммо Kun.uz'даги маълумотларга кўра, вазирлик бундан бехабар. Агентликнинг ички ҳужжати Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтмаган ва рўйхатига ҳам олинмаган. Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов шу йил 29 сентябрда агентликка юборган сўровида буйруқнинг нусхасини сўраган.
Методикага кўра, тўловлар ходимларнинг инспекция қилиш давомийлиги, меҳнат сафари, муассаса харажатлари, солиқ тўловларидан келиб чиқиб ҳисоблангани айтилган. Шу сабаб сертификат олиш учун кўрсатилаётган хизматларга асосий дорихоналар учун 8,3 млн сўм, филиалларга эса 3,2 млн сўм тўлов жорий қилинган.
“Ўзи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, бирор бир мажбурий тўлов бўлиши учун бу нарса биринчи ўринда ўша Конституцияга асосан солиқ ва йиғимлар фақат қонун билан белгиланиши кўзда тутилган. Ва бу бўйича қонун бор, давлат божи тўғрисидаги қонун бор. Ва шу давлат божи тўғрисидаги қонунда мажбурий йиғимлар, мажбурий тўловлар келтириб ўтилган ҳаммаси. GPP сертификати учун бу нарса мажбурий йиғим сифатида ёки мажбурий тўлов сифатида киритилмаган.
Энди, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида айтилганки, агентлик ўзини ўзи молиялаштириш ҳуқуқига эга, яъни қанақадир хизматлар кўрсатиш орқали. Инспекция назоратини ўтказиб бериш Зарур амалиётлар маркази учун хизмат бўладиган бўлса, бизга кўрсатилган хизмати учун улар счёт-фактура бериши керак-да, яъни қанақа, нима хизматлар кўрсатди ва биз нимага тўлаётганимизнинг аниқ нимаси бўлиши керак, деб ўйлайман. Ҳисоб-китоби бўлиши керак-ку. Асоси бўлиши керак-ку. Улар нима хизмат кўрсатади бизга, келтириб бериши керак-ку ўшани.
Сиз GPP ололмасангиз, лицензия ололмайсиз. Лицензия ололмагандан кейин у мажбурийми? Масалан, ҳар қанақа юридик шахс лицензия олиш учун GPP олишга мажбур бўляпти ва мажбурий тўловга айланяптими? Мажбурий тўлов бўлгандан кейин, Конституцияга асосан, қонунларга асосан бу нарса энг камида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланиши керак. Энг камида. Бўлмаса, қонун билан ёки ўша давлат божи тўғрисидаги қонунда келтирилган бўлиши керак. Бу ерда йўқ-ку”, – дейди яна бир фармацевт Элдор Аъзамов.
Бошқа ҳудудларда ҳам вазият муаммоли
Kun.uz айни масалада бир нечта вилоятда фармацевтлар иштирокида Zoom орқали суҳбат ўтказди. GPP сертификати учун тўловлар муаммоси уларда ҳам долзарб экани айтилди.
“3 йилга сертификат бериб, яна ҳар йили текширса, сертификатни 3 йилга берганининг маъноси қолмай қоляпти. Чунки ҳар йили келиб текширади-ку уни. Уч йилдан кейин яна сертификат олса. Ўша ҳам керак эмас. 5 йилга бериш керак. Текширса текшираверсин, фақат бизга тўловсиз текширсин-да”, – дейди Самарқандда ишловчи дорихона эгаси Баҳром Турсунов.
“Яккалик дорихоналарнинг ҳаммаси ҳар хил савдо қилади. Шифохоналар, бозорларнинг олдида ишлайдиганларнинг савдоси озроқ яхшироқдир, лекин бошқа бир четроқ қишлоқ жойга ёки бўлмаса бир маҳалланинг орасига қурилган аптекалар кунига ошиб борса бир миллион ёки икки миллион савдо қилишади. Ундан зиёд савдо қила олмайди. У нарсани тўлай олмайман. Агар ўзимда шундай бўлса, мен аптекани ёпаман, бошқа иш қиламан. Ундан кўра, ўша коллежимга бориб дарс берганим яхши менга”, – дейди каттақўрғонлик Абдулваҳоб исмли тадбиркор.
“GPP'ни июнда олдик. Вилоят марказидан 60 км, Бешарариқ тумани марказидан 16-17 км узоқда жойлашганмиз. Шу ерда олий маълумотли фармацевт-провизор сифатида аҳолига фармацевтика хизматларини кўрсатиб келамиз. Умуман олганда, бу жараёнлар пойтахтдан то чекка ҳудудларгача жорий қилинишига қаршимасмиз: жуда яхши, сифатни ўргандик, холодилникларда сақлаш, бошқасини… Лекин асосий масала – бюрократик журналларнинг кўплигида ва тўловларнинг нотўғри тақсимот қилинганида.
Масалан, пойтахтда худди бизникидай яккалик дорихоналарга инспекциянинг келиб-кетиши 5–5,5 миллион сўм бўлса, вилоят марказларига борган сари 6,5–7 миллион атрофида. Бизникига ўхшайдиган вилоят марказидан узоқ ҳудудларда яккалик дорихоналар учун инспекция қилиш 8,3 млн сўм.
Ўзи ижтимоий давлатда солиқлар ўша ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб белгиланади. Кўрганмиз дунё тажрибасида ҳам. Ҳозир тескари жараён: пойтахтга арзон, уларнинг товар айланмаси, мижозлар оқими фарқ қилади-ю биздан, бир неча баробар юқори. Лекин биз кўпроқ тўлашимиз керак. Ижтимоий давлат бўлганимизга яраша, ҳамма учун ижтимоий тенглик таъминланиши керак.
Худди шундай, кўпчилик дорихоналар ёпилиб кетяпти. Мен ўзим фармацевт-провизор сифатида 2020 йилда “Фармацевтикал активити” Telegram-гуруҳини ташкил қилгандим. Ўша ерда ҳозир 2,5 мингга яқин иштирокчи бор. Олис ҳудудларда худди ўзимизга ўхшайдиган ҳамкасблар, курсдошлар ёзиб қолишади: “биз ёпяпмиз, биз соҳани тарк этяпмиз”. Бу тармоқли дорихоналарнинг кенгайиб, янада кўпайиб, тармоқ ёзишига олиб келади, концентрация бўлиб, йириклашувига”, – дейди Қашқадарёдан алоқага чиққан мутахассис Қўшмурод Ёмғиров.
“Лицензия ва GPP талабларини бирлаштириб, 5 йилда битта қилиб ўтказишни сўраб қолган бўлардим. Майли, ҳар йили текширишсин. Биз шундоқ ҳам олдиндан чиройли ишлашга ҳаракат қилганмиз. Чунки чиройли ишлаш – бизнинг вазифамиз. Биз дориларни чиройли сақлаб, мижозларга сифатли дори сотишга мажбурмиз, чунки бу ўзимиз ва ўзимизнинг хавфсизлигимиз учун. Уларга ножўя таъсир қилса, жавобгарлиги бизга бўлади. Биз буларни ҳисобга олган ҳолда шундоқ ҳам чиройли ишлаймиз.
Тўғри, улар унга ишонмаган ҳолда бизни ҳар йили текширувдан ўтказмоқчи бўлишяпти. Майли, ўтказишсин, лекин бунақа катта суммалар эвазига эмас. Яна бизнинг ҳисобимиздан ҳамма нарсани ўтказиб туриб, яна ўзимизни қўрқитиб, лицензияни олиб қўяман, сертификат бермайман, аптекани ёпиб юбораман, деган қўпол қилиб айтганда, таҳдидлар билан бизни иш фаолиятини олиб боришимизга мажбур қилишяпти. Ҳатто, “эпласанг ишла, эпламасанг ёп”, деган гапларни ҳам гапиришди.
Чекка-чекка қишлоқ жойларда аптекам бор. Халқ учун, аҳоли учун очилган. Энг яқин дорихона у ердан 15-16 километр нарида жойлашган. Кечқурун боланинг мазаси бўлмай қолиши, касал бўлиб қолиши мумкин. Қариялар бор у ерда. Уларга ёрдам бериш учун очганмиз. Ҳам ўзимиз учун, ҳам халқ учун. Эплолмай ёпиб юборсам, кимга зарар?” – дейди Жаҳонгир Мирпўлатов.
Термометр ва малака ошириш муаммоси ҳам бор
Суҳбатдошларга кўра, GPP талаблари доирасида дорихоналарни термометрлар билан жиҳозлаш ва унинг учун қиёслов сертификатини олиш ҳам бор. Тадбиркорлар бу ҳам қўшимча харажатга тушаётганини билдирди.
“Битта термогигрометрни 50–60 минг сўмга сотиб оласиз. Ўша завод ишлаб чиқарувчиси тарафидан ўзларининг сертификати билан келади, одатда. Ўша сертификатни GxP марказига инспекция жараёнида тан олдириш мурожаати билан биз раҳбаримизга мурожаат қилдик. Ҳали бу нарсага бизга жавоб келмади. Шу заводнинг сертификатини инспекция жараёнида тан олса, бизга яхши бўларди. Нимага десангиз, ўша ҳар битта аптекада, энг кичкина дорихонада камида учта-тўртта, катталарда еттита-саккизтагача ўша термометр қўйилиши керак. Ҳар бирига 150–200 минг сўмдан қиёслашдан сертификат олган бўлишимиз керак. Бу дегани, 800 мингдан 1,4 млн – 1,6 млн сўмгача”, – дейди Ойдин Раҳмонова.
“4 та термометр учун 1 млн сўмга яқин пул тўлаймиз. Ҳолбуки, уларнинг ўзини 50 минг сўмга олганмиз. Лекин биз 3-4 баробар, ҳатто 10 баробар қимматроқ нархга сертификатдан ўтказамиз. Лекин шуни GPP'нинг ичига ҳам қилиб қўйса бўлади-ку. Улар термометрни оляпти-да, 5 дақиқадан кейин “тайёр бўлди” деяпти”, – дейди Жаҳонгир Мирпўлатов.
Қолаверса, мурожаатчилар дорихона ходимларининг ҳар йили мажбурий малакасини ошириш борасида ҳам ўз саволларини йўллашмоқда.
“Ҳар йили биз ходимларимизни ўқитиб, малакасини ошириб боришимиз керак экан. У ҳам ҳар йили пулли тўлов. Унга ҳам 1–1,2 миллион сўмга яқин пул тўлаймиз. Ҳар битта ходим алоҳида ўқиб, 33 соатлик ўқув сертификати олади. Лекин ҳар йили янги нарсалар киритилмайди-ку, ўша-ўша талаблар. Нимага ҳар йили бу ўқитишни мажбурий қилганига ҳайронман. Кейин, қилинган сўровномалардан сўнг ўқитиш мажбурий эмас, деб бизга айтишди. Бошида талаб қилаётганда мажбурий дейишганди. Биз тўлов қилиб бўлдик. Тўлов қилганимиздан кейин у мажбурий эмас бўлса, қайтариб берасизларми унда?” – дейди Мирпўлатов.
“Йилда бир мажбурий деган жойи йўқ, лекин йилда бир мажбурий қилиб туриб, дорихоначилар қанақадир ўзларига тегишли малака ошириш масканларига жўнатилди. Аслида у нарса GPP'нинг талабида бўлмаган. Лекин у пайт ҳеч ким ҳақ-ҳуқуқини тушунмаган, ҳамма ваҳимада бўлган. Кўплар ўқиб қўйди. Лекин энди мана, биз охирига етиб, эътироз қилишни бошлаганимиздан кейин, бўлди, ўша инспекция берган саволларга жавоб бера олсанглар, ўша йиллик малака ошириш керак эмас, деган жавобга ўтиб олишди”, – дейди Раҳмонова.
Хорижда қандай?
Фармацевт Элдор Аъзамовнинг Kun.uz'га тушунтиришича, бир қанча хориж давлатларида GPP сертификати олишдаги тўловлар масаласи бошқача.
“Мен шахсан ўзим Қозоғистон тажрибасини ўргандим. У ердаги ҳамкасблар билан боғланган ҳолда, интернетда ҳам очиқ маълумотлар бор. У ерда 2016 йилда жорий қилиш бошланган экан. Ва у ерда бу GPP сертификатини олиш бошида ихтиёрий бўлган. Ҳозирги кунга келиб мажбурий бўлди, лекин уларда инспекция назорати учун тўлов йўқ. Яъни сиз консалтинг фирмаларга келиб, ўша GPP сертификатини тайёрлаб бериш учун қанчадир миқдорда пул беришингиз мумкин, лекин GPP учун инспекция кўригига тўлов йўқ. Давлатга тўлов йўқ. Ундан ташқари, бу сертификатни 5 йил муддатга беради. Иккинчи муддатга олганингизда, ўзи умрбодга айланиб кетади. Бўлди, қайтиб сиздан ҳеч ким бу сертификатни сўрамайди”, – дейди у.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш билан шуғулланувчи лицензияга эга дорихоналар сони 8 360 тани, уларнинг филиаллари эса 3 945 тани ташкил этади. Бу дегани, сертификат тўловларидан доимий ва кафолатланган тушумлар анчагина катта суммаларга айланади.
Фармагентик: Ички буйруқни очиқлаш мақсадга мувофиқ эмас
Kun.uz шу вақтгача нечта дорихона инспекциядан ўтказилгани, улардан қанча сумма ундирилгани ва бу суммалар қаерга кетиши юзасидан Фармацевтика агентлигига сўров юборди.
Агентликнинг маълум қилишича, 3 октябр ҳолати билан жами 9 231 та дорихона (77,11%) GPP сертификатини олган. Бу дорихоналарнинг қанчаси асосий ва филиал экани, улардан қанча сумма олингани номаълум. Ташкилот ҳозирча буни очиқламади.
Изоҳда “Зарур амалиётлар маркази” давлат муассасаси харажатларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмагани сабабли, марказ фаолияти GPP сертификатини олиш учун кўрсатилаётган хизматлар ҳисобидан келиб тушадиган тўловларга боғлиқлиги айтилган.
Тушунтирилишича, фармацевтика инспекция ўтказиш билан боғлиқ хизмат ҳақи таркибига корхона ходимлари иш ҳақи, ўрнатилган барча солиқ тўловлари, корхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ва бошқа харажатлар, хусусан, ходимларни ўқитиш, коммунал, алоқа, транспорт хизматлари, асосий воситаларнинг амортизацияси харажатлари киради.
Агентлик бунга асос қилиб худди дорихоначиларга юборган жавоб хатида қайд этилганидек, президент фармони ва ҳукумат қарорларини кўрсатган. Ва жавоб якунида 35-сонли ички буйруқ ички хизмат ҳужжати экани, у фақат тизимости ташкилотларнинг ички фаолиятини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилгани, шу сабабли кенг жамоатчиликка очиқланиши мақсадга мувофиқ эмаслиги ёзилган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
22:33 / 21.11.2025
Бозор қиймати 1 триллион доллардан ошган илк фармацевтика компанияси маълум бўлди
11:13 / 17.11.2025
ЯТТларнинг фирма номига эга бўла бўлишига рухсат берилади
10:12 / 17.11.2025
1 январдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тизими ишга тушади
13:53 / 10.11.2025