6 апрел куни солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар ва бухгалтерлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 595-сон қарори, хусусан, унинг 6-банд “г” кичик банди атрофидаги муаммолар муҳокама қилинди.
“Турон ҳимояси” адвокатлик фирмаси директори Шокир Боқиевга кўра, мазкур қарор тадбиркорлар учун энг оғриқли масалалардан бирига айланган.
“595-қарор – бугун тадбиркорлар учун энг оғриқли нуқталардан бири. Қарорда аниқ белгиланган: агар корхона киримида маҳсулот бўлмаса, ҳисоб-фактура расмийлаштиришга йўл қўйилмаслиги керак эди. Бу вазифа 2021 йилда Солиқ қўмитасига юклатилган. Лекин амалда бунинг акси кузатилмоқда”, – дейди у.
Боқиевнинг таъкидлашича, бунинг оқибатида ҳалол ишлаётган тадбиркорлар жавобгар бўлиб қолмоқда.
“Афсуски, бугун товарни сотган эмас, балки сотиб олган тадбиркор жазоланмоқда. “Обнал” билан шуғулланувчи корхона топилади, у бир мардикорни расмийлаштириб қўяди – у эса қамоқда ўтирибди. Натижада барча солиқ мажбуриятлари ҳалол ишлаётган корхона гарданига тушмоқда”, – дейди мутахассис.
Унинг айтишича, бу масала Олий судгача етиб борган.
“Куни кеча Олий суд қарор чиқарди. Кулгили ҳолат – масала шу даражага етиб борди. Давлат хавфсизлик хизмати билан тузилган айрим шартномалар қалбаки деб баҳоланган, лекин Олий суд бунга тўғри ҳуқуқий баҳо берди. Энди савол туғилади: агар ҳатто шу ташкилотлар билан тузилган шартномалар ҳақиқий эмас деб топилса, тадбиркор ким билан ишлаши керак?” – дейди Боқиев.
Адвокат айрим тадбиркорлар ойлар давомида ўз муаммоларини ҳал қила олмаётганини таъкидлади.
“Бир тадбиркор бир ярим йил судда юрди. ҚҚС гувоҳномасини тиклаш бўйича суд қарори чиққанига 4 ой бўлди, лекин ҳали ҳам тиклаб берилмади. Бунга ҳеч ким жавоб бермайди”, – дейди у.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳам муаммонинг тизимли эканини қайд этди.
“Агар қайсидир корхона солиқ тўламаган бўлса, унинг контрагенти жазоланмоқда – ҚҚС гувоҳномаси олиб қўйиляпти”,




















