Ўзбекистон | 21:10 / 09.01.2021
37339
4 дақиқада ўқилади

Янги тартиб бўйича талабалар қанча миқдорда стипендия олади?

Давлат грантида ўқийдиган талабаларнинг базавий стипендияси 10 фоизга оширилиб, 42 минг 800 сўм қўшилади, яъни 470 минг 800 сўм этиб белгиланади.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

2021 йил 1 февралдан бошлаб, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 1,1 баробарга оширилиши хабар қилинганди. Қонунчиликка мувофиқ, тўлов-контракт нархлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорларига боғланган ва иш ҳақлари оширилганида контракт миқдорлари ҳам кўтарилиши керак эди.

Аммо пандемия шароитида республика аҳолисининг тўлов қобилияти пасайганлигини ҳисобга олиб, фарзанди давлат олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий ўқув йилида амалдаги тўлов-контракт миқдорлари ўзгаришсиз сақлаб қолинди.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқийдиган талабаларнинг стипендиялари миқдорида қандай ўзгаришлар бўлишини ҳисоблади.

Унга кўра, давлат грантида ўқийдиган талабаларнинг базавий стипендияси 10 фоизга оширилиб, 42 минг 800 сўм қўшилади, яъни 470 минг 800 сўм этиб белгиланади (аввал 428 минг сўм эди).

Агар давлат грантида ўқийдиган талаба семестр якунида барча фанлардан «аъло» (5) баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) олса, унда унга стипендиянинг базавий миқдори 20 фоизга оширилган ҳолда, яъни 564 минг 960 сўм миқдорида стипендия тайинланади (аввал 513 минг 600 сўм эди).

Стипендияли тўлов-контрактни танлаган талабаларнинг тўлов-контракт миқдорлари эса аввалгидек сақланиб қолади.

Умумий қоидага кўра, агар талаба стипендияли контрактни танлаган бўлса, унда ҳар ойлик базавий 428 минг сўм стипендияни ҳисобга олиб, контрактига қўшимча 5 млн 136 минг сўм тўлаган. Шунинг ҳисобига улар 12 ой давомида бўлиб-бўлиб 428 минг сўм стипендия олади. Яъни ўзи тўлаган пулни ўзи қайтариб олади. Энди гарчи 1 февралдан стипендияларнинг базавий миқдори оширилаётган бўлса-да, лекин мантиқан олганда стипендияли тўлов-контрактни танлаган талабаларнинг стипендияси оширилмайди. Чунки улар 428 минг сўмга мўлжаллаб контракт пули тўлаган. 

Бундай вазиятда оширилган стипендия олиш учун улар контрактига қўшимча тўлов қилишига тўғри келади. Яъни февралдан бошлаб 7 ой учун 42 минг 800 сўмдан ҳисоблаганда жами 299 минг 600 сўм қўшимча тўлов қилиши керак. Ана шунда улар ўқув йили охиригача оширилган стипендия миқдорини — 470 минг 800 сўмни олиши мумкин бўлади.

Агар стипендияли тўлов-контрактни танлаган талаба семестрда барча фанларни “5” баҳога ёпса, унда базавий стипендияга нисбатан 20 фоиз устама олади. Мана шу 20 фоиз қўшимча рағбатлантириш 1 февралдан ошириладиган стипендия миқдоридан ҳисобланади. Бошқача айтганда, талаба сессияни “5”га ёпса, стипендиясига қўшимча 94 минг 160 сўм рағбатлантириш олади. Бунинг учун ҳеч қандай қўшимча тўлов қилиш шарт эмас, фақат сессияни "5" баҳога ёпса кифоя.

Янги тартиб бўйича стипендиясиз тўлов-контрактни танлаган талабаларнинг тўлов-контракт миқдорлари ҳам ўзгаришсиз қолади.

Унга кўра, агар стипендиясиз тўлов-контрактни танлаган талаба семестрда барча фанларни “5” баҳога ёпса, унда 94 минг 160 сўм (илгари 85 минг 600 сўм эди) стипендия олади. Демак, 10 фоиз кўтарилади. Бунинг учун эса у ҳеч қандай қўшимча тўлов қилиши шарт эмас.

Қолган ҳолларда стипендиясиз контрактни танлаганлар учун ҳеч нарса ўзгармайди, ҳозиргидек қолади.

Kun.uz мухбирининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беришича, ҳозирда ОТМда тўлов-контракт асосида ўқиётган 80 фоиз талабалар стипендиясиз тўлов-контракт шаклида таълим олади.

Мавзуга оид