Миллий гвардия ҳарбий-техник институтига қабул қандай ўтказилади?
“Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институтида ҳарбий-профессионал танлашни ўтказиш бўйича низом” лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Низомга кўра, институтга номзодларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тасдиқланган Бутлаш режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг Институтга қабул ўринларини ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан амалга оширилади.
Институт курсантлари контингентини сифатли бутлаш учун ҳарбий-профессионал танлаш ва тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш амалга оширилади.
Институтга ўқишга қабул қилишни сифатли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи билан Институт қабул комиссияси тузилади ва унинг таркиби тасдиқланади.
Қабул комиссиясига Институт бошлиғи раҳбарлик қилади. Қабул комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг тегишли соҳавий хизмат ходимлари киритилади.
Қабул комиссиялари қабул йилининг 1 февраль кунидан 31 август кунига қадар фаолият юритади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Кадрлар бошқармаси томонидан ҳар йили 1 июнга Институтнинг қабул комиссиялари билан келишилган ҳолда ҳарбий профессионал-танлаш тадбирларини ўтказиш муддатлари белгиланган режа-жадвал ишлаб чиқилиб, тегишли орган ва муассасалар билан келишилган ҳолда бутловчи идораларга юборилади.
Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари 25 июнга қадар Институтда ўтказилади.
Ҳарбий-профессионал танлаш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:
ҳужжатларни ўрганиш;
психофизиологик ўрганиш;
тиббий кўрикдан ўтказиш;
ёзма иш (диктант);
компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш;
якка тартибдаги якуний суҳбат.
Ҳарбий профессионал-танлаш тадбирларини ўтказиш давомида номзодлар турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланмайди.
Психофизиологик ўрганиш мазкур методикага мувофиқ қабул комиссияси таркибидаги психофизиологик ўрганиш бўйича кичик комиссия мутахассислари томонидан ўтказилади. Бунда психофизиологик ўрганиш бўйича кичик комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бўлинмаларида фаолият юритаётган психолог ходимлар жалб қилиниши мумкин.
Тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан махсус шакллантириладиган ҳарбий-тиббий комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 21 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган “Тинчлик ва уруш даврида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом”га мувофиқ ўтказилади.
Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича соғлиғининг ҳолатига кўра номзоднинг Институтда ўқишга яроқлилиги даражаси тўғрисида хулоса чиқарилади.
Соғлиғининг ҳолатига кўра Институтда ўқишга яроқсиз деб ҳисобланган номзодлар ҳарбий-профессионал танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.
Ёзма иш номзодга диктант ёздириш орқали қабул комиссияси таркибидаги ёзма иш (диктант) ўтказиш бўйича кичик комиссия томонидан методикага мувофиқ ўтказилади. Бунда ёзма иш (диктант) ўтказиш бўйича кичик комиссия таркибига касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ёки олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари келишув асосида жалб қилиниши мумкин.
Номзоднинг компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш бўйича кичик комиссия томонидан методикага мувофиқ амалга оширилади.
Якка тартибдаги якуний суҳбат методика асосида психофизиологик ўрганиш натижалари, ёзма иш (диктант) натижалари, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш натижалари ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади.
Якка тартибдаги якуний суҳбат натижасида максимал балл (5 балл) олган тақдирда ҳам психофизиологик ўрганиш натижалари, ёзма иш (диктант) натижалари, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш натижаларини қўшиб ҳисоблаганда, ўртача арифметик ҳисобда камида 3 балл тўплаш имкониятига эга бўлмаган номзодлар, ўз хоҳишларига кўра, якка тартибдаги якуний суҳбатга кирмаслиги мумкин.
Якка тартибдаги якуний суҳбат қабул йилининг 25 июнига қадар коллегиал принцип бўйича, Институтнинг қабул комиссияси томонидан ўтказилади.
Якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари бўйича номзодни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади.
Умумтаълим муассасаларида бошқа чет тили (испан, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур ва бошқа тиллар) бўйича ўқиган тақдирда номзод тест синовлари ўрнига Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 141-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомнинг 3-иловасида назарда тутилган тартибда Институтда ягона кўп балли имтиҳон тизими бўйича чет тилидан имтиҳон топширади. Ягона кўп балли имтиҳон тизими бўйича чет тилидан ўтказилган имтиҳон мазкур Низомнинг 5-иловасида назарда тутилган мезонларга асосан баҳоланади.
Институтнинг қабул комиссияси 10 июлда номзодларни ўқишга қабул қилиш масаласини кўриб чиқади ва протоколни расмийлаштиради. Мазкур протокол номзодларни Институтга ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқларни расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.
Институтнинг қабул комиссияси номзодлар белгиланган қоидаларга, ҳарбий ва хизмат интизомига риоя қилмаган тақдирда уларни ўқишга қабул қилиш бўйича танлашнинг исталган босқичида четлатиш ҳуқуқига эга.
Институтга ўқишга кирмаган номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдлари тест синовлари натижалари эълон қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида тегишли бутловчи идораларга қайтариб юборилади.
Мавзуга оид
17:05 / 14.08.2024
«Андижон» футболчиси Миллий гвардия ходимини урди
08:45 / 07.08.2024
Қишлоқ хўжалиги кадрларини қайта тайёрлаш институти ташкил этилади
11:27 / 27.07.2024
1 августдан Рақамли криминалистика институтига бир қатор ҳуқуқлар берилади
21:09 / 25.07.2024