Соғлом ҳаёт | 14:47 / 16.11.2025
4542
3 дақиқада ўқилади

Ҳар куни хурмо истеъмол қилсангиз, танангизда нималар ўзгаради?

Хурмо – инсон саломатлиги учун фойдали хусусиятларга эга маҳсулот. Унинг таркибида энергия берувчи табиий шакар, толалар, минерал ва витаминлар мавжуд. Мазкур мева ичакларни тозалайди, қон шакарини барқарорлаштиришга ёрдам беради. Шунингдек, у чарчоқни камайтиради ва иммунитетни мустаҳкамлайди. Ушбу мақолада хурмо организмга қандай таьсир қилиши ҳақида батафсил танишишингиз мумкин.

Фото: poleznyesvojstva.org

Энергия ва диққат даражасини оширади

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, табиий шакар ва толаларга бой овқатлар қондаги энергия даражасини аста-секин оширади ва тезкор чарчоқнинг олдини олади, шу билан бирга диққат ва концентрацияни яхшилайди. Хурмо эса айнан шундай соғлом энергия манбаи саналади. Хусусан, у глюкоза, фруктоза ва сахароза каби моддаларни ўз ичига олади. Бу моддалар организмни тезда энергия билан таъминлайди. Жисмоний машғулотлардан кейин 2-3 дона хурмо ейиш чарчоқни камайтиради, диққатни тиклайди.

Ҳазм тизимини яхшилайди

Мазкур мева таркибида эрийдиган ва эримайдиган толалар кўп. Бу ичак фаолиятини нормаллаштиради, қабзиятнинг олдини олади ва фойдали микроблар, яъни пробиотикларнинг ўсишини қўллаб-қувватлайди. Кунига атиги 3-4 дона хурмо истеъмол қилиш ичак фаолиятини яхшилайди ва токсинлар чиқишини тезлаштиради.

Юрак ва қон томирни соғломлаштиради

Хурмода калий, магний ва антиоксидантлар бор. Калий организмда суюқлик балансини сақлаш, қон босимини тартибга солиш ва юрак ритмини нормаллаштиришга ҳисса қўшади. Магний эса юрак мушакларининг нормал қисқаришини таъминлайди ва ортиқча стрессга берилишини камайтиради. Шунингдек, хурмо таркибидаги антиоксидантлар ҳисобланмиш флавоноидлар, каротеноидлар ва фенолик бирикмалар қон томирларидаги яллиғланиш жараёнларини пасайтиради, “ёмон” холестерин (LDL) миқдорини камайтиради ва томирлар эластиклигини сақлашга ёрдам беради.

Суякларни мустаҳкамлайди

Хурмода суяклар учун муҳим бўлган минераллар – калций, фосфор, магний ва бор каби моддалар мавжуд. Калций суякларнинг асосий “қурилиш материали” ҳисобланиб, у етарли бўлмаса, суяклар мўртлашади ва синиш хавфи юқорилайди. Фосфор эса калций билан бирга суяк зичлигини оширади, мустаҳкамлайди. Магний суяк тўқимасида калцийнинг самарали ишлашини таъминлайди, бор эса остеопороз хавфини камайтиришга ёрдам беради. Шу сабаб хурмо мунтазам истеъмол қилинса, суяк зичлиги ошади ва мўртлашуви камаяди.

Иммунитетни кучайтиради

Ушбу мева цинк, темир, селен, А ва C витаминлари орқали иммун тизимни мустаҳкамлайди. Тадқиқотларда хурмо истеъмол қилувчи одамларда шамоллаш ва вирусли касалликларга қарши табиий ҳимоя кучлироқ бўлиши кузатилган. Хурмодаги C ва D витаминлари, шунингдек, бета-каротин коллаген ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Бу терини силлиқ ва эластик қилади, қариш жараёнини секинлаштиради. Темир моддасининг етарли миқдори эса қон айланишини яхшилаб, соч илдизларига кислород етказиб беради.

Танани детоксикация қилади

Хурмо танадаги оғир металл ва зарарли моддаларни чиқаришга ёрдам беради. Унинг табиий антиоксидантлари жигар фаолиятини фаоллаштиради, бу эса тананинг табиий тозалаш жараёнини тезлаштиради.

Эҳтиёт чоралари

Ҳар қанча фойдали бўлмасин, хурмони ҳам меъёрда истеъмол қилиш лозим. Унда табиий шакар кўп бўлгани учун кунига 3-5 дона етарли. Қандли диабети бор инсонлар эса шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда егани маъқул.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид