Ўзбекистон | 17:43
401
2 дақиқада ўқилади

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан божхона божининг нол ставкасини қўллаш муддати узайтирилди

Янги фармонга кўра, ички истеъмол бозоридаги ижтимоий аҳамиятга эга товарлар импортига нисбатан божхона божининг нол ставкасини қўллаш муддати 2027 йил 1 январига қадар узайтирилди. Рўйхатда қорамол ва қўй гўшти, балиқ, шакар, сариёғ ва сутдан тайёрланган мойлар ва ёғлар, парранда тухумлари, банан, цитрус мевалари, қаҳва, чой, ҳайвон ва ўсимлик ёғлари ва мойлари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар бор.

Фото: Fotolia

«Аҳолининг алоҳида турдаги истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлашга ҳамда иқтисодиётнинг айрим тармоқларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, импорт қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан божхона божининг нол ставкасини қўллаш муддати 2027 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Рўйхатда қорамол ва қўй гўшти, балиқ, шакар, сариёғ ва сутдан тайёрланган бошқа мойлар ва ёғлар, парранда тухумлари, банан, цитрус мевалари (лимондан ташқари), қаҳва, чой, ҳайвон ва ўсимлик ёғлари ва мойлари, маргарин, хамиртуруш, буғдой уни, йогурт, пишлоқ ва твороглар, пиёз, саримсоқпиёз, қуритилган хурмо, олма, нок, беҳи, ун, тайёр ёки консерваланган гўшт маҳсулотлари, мураббо, мевали желе, мармелад, консерваланган мевалар, ёнғоқлар, соуслар, минерал ва газланган сувлар, болалар кийими, пойабзал ва бошқа кўплаб маҳсулотлар бор.

Фармон ички истеъмол бозоридаги ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархи ошишининг олдини олиш, тариф ва нотариф тартибга солиш воситаларини кенг қўллаш ҳисобига уларнинг инфляция даражасига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида қабул қилингани таъкидланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид