Ўзбекистон | 00:19 / 19.06.2020
8379
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевга сиҳат-саломатлик тилаб мактуб йўллади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга мактуб йўллади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда шундай дейилади:  

““Муҳтарам Нурсултон Абишевич!

Сизнинг коронавирус касаллигига чалинганингиз тўғрисидаги хабарни чуқур безовталик ва катта хавотир билан қабул қилдим.

Ҳаётингиздаги ушбу синовли ва мураккаб пайтларда биз учун ҳамиша чексиз эҳтиромга сазовор бўлиб келган Сиз, азиз оғамни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигимни ва яқин кўмакдош эканлигимни яна бир бор чин қалбдан маълум этмоқчиман.

Ҳеч шубҳасиз, қисқа фурсатларда мазкур вирусни муваффақиятли енгиб ўтиб, шифо топишингизга ва тузалиб кетишингизга ишончим комилдир.

Қадрли Нурсултон Абишевич, Сизга, Қодир Аллоҳдан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, куч-қувват, узоқ умр ва янги зафарлар ато қилишини сўраб қоламан.

Тез орада Сиз билан дийдор кўришиш бахтига муяссарлик насиб этишига умид қиламан”.

Эслатиб ўтамиз, 18 июнь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевда коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берилди.  

«Ҳозирги вақтда Қозоғистоннинг биринчи президенти ўзини ўзи яккалаш режимида бўлиб турибди. Элбошининг коронавирус инфекциясига ўтказилган сўнгги тести мусбат натижани кўрсатди. Хавотирга сабаб йўқ

Нурсултон Назарбоев масофадан туриб ишлашда давом этмоқда», - дейилади унинг матбуот хизмати хабарида.
Назарбоев қарийб 30 йил давомида Қозоғистон президенти бўлган. 2019 йил майида у истеъфога чиққан, шу билан биргаликда «миллат отаси» унвонини ҳамда Конституцион кенгаш аъзолигини сақлаб қолган. Шунингдек, у Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши ва ҳукуматдаги «Нур Отан» партиясини бошқаради.

Бугунги кунда республикада коронавирусга чалинганлар сони 15 542 нафарни, ундан вафот этганлар сони 97 нафарни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, 9 902 киши вирус асоратларидан соғайиб кетган.

Мавзуга оид