Жаҳон | 19:24 / 03.01.2025
24747
5 дақиқада ўқилади

«Сиёсий андишаси билан ажралиб турмаган» — Тўқаев Назарбоев ҳақида

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев интервю бериб, мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг Путин билан муносабатлари ҳақида гапирди. Унинг эслашича, Назарбоев истеъфога чиққанидан кейин «сиёсий андишаси билан ажралиб турмаган» ва амалдорлар билан йиғилишларни давом эттирган.

Фото: AP

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Она тили» газетасига берган интервюсида мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан муносабатлари ҳақида гапирди. Интервю давомида у 2021 йилда Назарбоевнинг «сиёсий андишасизлиги» ҳатто хорижлик дипломатларни ҳам ҳайрон қолдирганини таъкидлаб ўтди.

Тўқаев Назарбоев бошқарувига баҳо берар экан, ҳар қандай тарихий даврнинг «ёрқин ва қоронғи томонлари» борлигини, лекин ижобий томонлари унинг фикрича, «ҳар ҳолда анча кўп бўлганини» таъкидлади.

«Бундай ютуқларни рад этиш тўғри бўлмайди. Биз адолатли давлат қурар эканмиз, тарих ва уни яратганларга ҳам шу каби муносабатда бўлишимиз керак. Бу миллатимиз келажаги учун керак. Сиёсий конъюнктура фойдасига тарихни қайтадан бичиш мумкин эмас ва айниқса, тарихни тоза қоғозга қайтадан ёзиш хавфли», — дейди Қозоғистон етакчиси.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, Назарбоевнинг кўп йиллик бошқаруви даврида «камчиликлар» бўлган, аммо «ишламаган одамгина хато қилмайди».

«Истеъфога чиққанидан сўнг Хавфсизлик кенгаши раиси сифатида қолиб, очиғини айтганда, у сиёсий андишаси билан ажралиб турмади, бош вазир, Миллий банк раиси, вазирлар, ҳокимлар иштирокида мунтазам равишда йиғилишлар ўтказди. Бунга ҳатто хорижлик раҳбар ва дипломатлар ҳам ҳайрат билан қаради, жамоатчилигимиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳатто «истеъфодан кейин Назарбоевнинг лавозими ошиб, президентни ҳам ўзига бўйсундирди», деган ҳазил пайдо бўлди. Аммо аслида ҳазиллашадиган вазият эмасди», — дейди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Таъкидланишича, бундай вазият икки ҳокимиятчилик ҳақида миш-мишлар тўлқинини келтириб чиқарган. «Мансабдорлар синфи гоҳ у, гоҳ бу кабинетга кириб, топшириқларни чалкаштириб, саросимага тушиб қолди. Қатор амалдорлар ҳатто «Элбоши институти президент ҳокимиятидан юқори туриши керак», дея бу ғайритабиий вазиятни юридик жиҳатдан асослашга ҳаракат қилди», — дейди Тўқаев.

Қозоғистон президентининг қайд этишича, Назарбоевнинг 2021 йил ноябр ойида ўтказилган Astana Club йиғилишида 92 ёшли Махатхир Муҳаммадга ҳавола берган ҳолда Оқ ўрдага қайтиш имконияти ҳақидаги баёноти ва собиқ президентнинг ўша йилнинг декабр ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ саммитидаги иштироки ҳокимият инқирозига олиб келган муҳим бурилиш бўлган.

«Аммо ҳозир соғлом фикр юритиб, Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон олдидаги тарихий хизматларини муносиб баҳолаш керак. Президент сифатида давлат манфаатлари ва халқимиз бирлигини ўйлашга мажбурман», — дейди Тўқаев.

Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳозирги кунда тахминан ойда бир маротаба Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилиб туришини маълум қилган.

Интервю давомида Тўқаев декабр ойида Назарбоевнинг Россия президенти Владимир Путин билан Москвада бўлиб ўтган учрашувига ҳам изоҳ берди.

«Нурсултон Назарбоев ўтган йилда Владимир Путин билан икки маротаба учрашди. Куз бошларидаги биринчи учрашув ҳақида ОАВда хабар берилмади.

Улар, афтидан, эски дўст ва ҳамкасб сифатида учрашади, бирга эслайдиган нарсалари бор. Бундай учрашувларнинг ташаббускори Нурсултон Абишевич бўлиб, бу унинг учун жуда муҳим. Қозоғистон ССР Министрлар Советининг собиқ раиси, партия раҳбари ва кейинчалик суверен Қозоғистон президенти сифатида у маънавий ва сиёсий жиҳатдан Кремл билан чамбарчас боғлиқ эканини унутмаслик керак. Ахир Москвага хизмат сафарларида, съездлар ва пленумларда, ишчи ва расмий ташрифларда қанча вақт ўтказилган», — деди Тўқаев.

Тўқаев 1991 йилдан буён Қозоғистон президенти бўлган ва бу лавозимни 25 йилдан ортиқ эгаллаб турган Нурсултон Назарбоевнинг вориси ҳисобланади. 2019 йил март ойида Назарбоев истеъфога чиқди. Ўша пайтда Сенат раиси бўлган Тўқаев давлат раҳбари в.б.га айланди. 2019 йил ёзида у Қозоғистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида ғалаба қозонди.

2022 йил сентябр ойида у конституцияга ўзгартиришлар қабул қилингандан сўнг муддатидан олдин овоз бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Асосий қонун янги таҳририга кўра, ваколат муддати беш йилдан етти йилгача оширилди, қайта сайланиш тақиқланди. 2022 йилнинг ноябрида Тўқаев яна қайта сайланди.

Мавзуга оид